Оқдарёдан сайланган ўзбекистон олий мажлиси депутатлари
ОЙГУЛ МАМАТОВАОйгул Маматова 1955 йил 17 июнда Оқдарё тумани "Чавка" қишлоғида туғилган. 26-мактабда таҳсил олган, 1973-1979 йилларда Самарқанд давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 26-мактабда она тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида бошлаган, 1980 йилдан эса "Ўзбекистон" колхози раисининг маданият ишлари бўйича муовини лавозимида ишлаган.
1990 йил 18 февралда Ўзбекистон Олий Кенгаши ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловда 290-Янгиқўрғон сайлов округи сайловчилари томонидан Республика Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.
Депутатлик ваколати давомида Ойгул Маматова ўз сайлов округи - Оқдарё туманининг иқтисодий-ижтимоий, халқ хўжалиги, таълим ва бошқа соҳалардаги долзарб муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этган. 1991 йилда айнан унинг депутатлик сўрови асосида Ўзбекистон Президенти девони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси туманга ташриф буюриб, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганган. Натижада "Оқдарё туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш" мақсадида 1991-1992 молия йилларига мўлжалланган давлат режаси (госплани) тасдиқланиб, катта хажмдаги ишлар амалга оширилган.
Депутатлик ваколати муддати тугагандан кейинги йилларда ҳам Ойгул Маматова туманда фуқаролик жамиятининг ривожланиши ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаол қатнашиб келмоқда.

ЖАМОЛ ИСРОИЛОВ
Жамол Исроилов 1953 йил 21 декабрда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Янгиқўрғон шаҳарчасида дунёга келди. Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлагач, у иккита олий таълим муассасасида - Самарқанд давлат университетининг физика факультети ҳамда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти агрономия факультетида таҳсил олиб, ҳар иккисини ҳам имтиёзли диплом билан якунлади. 1978 йилда олийгоҳни битиргач, меҳнат фаолиятини олий таълим тизимида бошлади, 1980-1983 йилларда эса касаба уюшмаси тизимида ишлади.
Педагог ва раҳбар сифатида. 1983-2010 йилларда Оқдарё туманидаги Мирзо Улуғбек номидаги 2-мактабга директорлик қилди. 2010 йилдан умрининг охиригача эса ўз ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан ташкил этилган иқтидорли болалар учун мўлжалланган 2-махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатга раҳбарлик қилди. Унинг таълим соҳасидаги хизматлари учун "Ўзбекистон Халқ маорифи аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Депутатлик фаолияти
Жамол Исроиловнинг жамоатчилик ва давлат бошқаруви соҳасидаги фаолияти алоҳида эътиборга лойиқдир. У халқ ишончини қозониб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига ҳамда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланди.
2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида қонунчилик жараёнида фаол иштирок этди - унинг бевосита иштирокида 100 дан ортиқ қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Бу давр мамлакат мустақиллигининг илк ўн йилликларида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш жараёнига тўғри келади. Шу боис Жамол Исроиловнинг қонунчилик соҳасидаги хизматлари мустақил Ўзбекистон парламентаризми тарихининг муҳим саҳифаларидан бирини ташкил этади.
Депутатлик мандати билан бирга у ўз округи - Оқдарё туманидаги ижтимоий ва хўжалик масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этди. Жумладан, 1994-1998 йилларда шахсий ташаббуси асосида аҳолини туманни газлаштиришга жалб этиб, туман аҳоли пункт-ларининг 80 фоизини табиий газ билан таъминлашга бош-қош бўлди. Кейинчалик тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, Самарқанд шаҳрида Регистон майдонини қайта қуриш ва "Рудакий боғи"ни барпо этиш ишларида, шунингдек Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Ургут, Пастдарғом, Нуробод, Жомбой ва Пайариқ туманларида 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектининг қурилиши ва таъмирланишига раҳбарлик қилди - бу ишлар унинг депутатлик даврида бошланган халқ хизматининг мантиқий давоми бўлди.

Мажидхон Усмонов
Мажидхон Усмонов 1956 йил 8 апрелда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган. У 1979 йилда Самарқанд давлат университетини, 1989 йилда эса мазкур университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Маълумоти бўйича филолог ва ҳуқуқшунос мутахассисликларига эга.
Меҳнат фаолиятини 1973-1974 йилларда Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги "Тошкент" пахтачилик давлат хўжалигида ишчи сифатида бошлаган. 1974-1979 йилларда Самарқанд давлат университетида таҳсил олган. Олий маълумотни эгаллагач, 1979-1982 йилларда Оқдарё туманидаги 192-сонли ҳунар-техника билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик 1982-1985 йилларда Оқдарё тумани ижроия қўмитаси қошидаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси котиби вазифасида фаолият юритган.
1985-1995 йилларда Мажидхон Усмонов Оқдарё тумани агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси қўмитасида котиб ва раис лавозимларида ишлаб, меҳнат жамоалари манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ҳамда касаба уюшмаси тизимидаги ташкилий ишларга раҳбарлик қилди. 1995-1996 йилларда Оқдарё тумани пиллакорлар ширкатининг раиси бўлиб фаолият кўрсатди.
1996-2005 йилларда Самарқанд механика-иқтисодиёт коллежи, кейинчалик агроиқтисодиёт коллежи директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлади. Унинг таълим, бошқарув ва жамоатчилик соҳаларида тўплаган тажрибаси кейинги сиёсий фаолияти учун муҳим замин бўлди.
Мажидхон Усмоновнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлик даври алоҳида ўрин тутади. У 2005-2010 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, 2010-2015 йилларда эса Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритган. Бу давр унинг давлат парламентаризми, қонун ижодкорлиги ва халқаро парламентлараро муносабатлар соҳасидаги иш тажрибасини намоён этган муҳим босқич ҳисобланади.
Депутатлик фаолиятидан кейин ҳам Мажидхон Усмонов таълим, касаба уюшмаси ва сиёсий ташкилотлар тизимида меҳнатини давом эттирди. 2015 йилда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ахборот-методик таъминоти марказида етакчи услубчи, 2015-2017 йилларда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмаси марказий кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси, 2017-2020 йилларда эса Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси лавозимларида ишлаган. 2020 йил 1 декабрдан Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали юристконсульти вазифасида фаолият юритган
Мажидхон Усмоновнинг ҳаёт ва меҳнат йўли Оқдарё туманида туғилиб, таълим, жамоатчилик, бошқарув ва сиёсий фаолият соҳаларида масъулиятли вазифаларни бажарган, мамлакат парламентида вакиллик қилган юртдошлардан бири сифатида эътиборга лойиқдир. Унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фаолияти Оқдарё тумани тарихида парламент вакиллиги билан боғлиқ муҳим саҳифалардан бирини ташкил этади.
Мавзуга оид:








