Янги асар хабари
ТУҲМАТ ГИРДОБИДА
(қисса)
Давоми.Боши ўтган сонларда
Йигирма кун даволаниб чиққан Йўлдош уйида муолажани давом эттирди.Ўша куни кечқурун дарвозасидан унинг ўрнига муҳаррир этиб тайинланган Элмурод Турсунов кириб келди. Саломлашдилар. Йўлдош бу йигитни танир, бир қанча вақт вилоят газетасида мухбир бўлиб ишлаган, кейинги пайтларда туман ҳокимлигида маънавият ва маърифат ишлари бўйича котиблик хизматида эди.
-Ака, хонанинг калитини берсангиз, деди у ичкарига кирмасдан дарвоза олдида туриб олган ҳолда.
-Мени ишдан бўшатилганим бўйича қарор борми? Деди Йўлдош Элмуродга қараб.
-Ҳа бор. Мана менда қарор, сизга бериб кўйишимни айтишди.
Йўлдош ҳокимнинг қарорини бошдан- охиригача ўқиб чиқди:
Карор
2001 йил 7-сентябр. № 269-К
Туман ҳокимлиги “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири Йўлдош Маҳкамов 2000-2001 йиллар давомида иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги туман маҳаллий газетасини узлуксиз равишда чиқиб туришини таъминлай олмаганлиги, жамоада носоғлом муҳитни вужудга келтирганлиги, муҳарририят тасарруфида бўлган ер майдонидан ноқонуний равишда фойдаланиб келганлиги ҳамда туман судининг 2001 йил 30 июль кунидаги ҳукмини инобатга олиб
Қ а р о р қ и л а м а н:
-Туман “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири Й.Маҳкамов юқорида келтирилган асосларга кўра эгаллаб турган вазифасидан озод қилинсин.
-Туман “Янги ҳаёт” газетасиининг муҳаррири этиб Турсунов Элмурод тайинлансин.
-Ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р Эштемировга юклансин.
Туман ҳокими: имзо Р.Рахимов.
Йўлдош қарорни ўқиб чиқиб, мийиғида кулиб қўйди ва ҳамкасбига ҳеч гап айтмасдан қарорнинг иккинчи нусхасига “ Ушбу қарорни ноқонуний деб ҳисоблайман ва шу иш юзасидан юқори ташкилотларга шикоят қиламан” деб ёзиб имзо чекди ва уни янги муҳаррирга узатди, қарорнинг бир нусхаси ўзида қолди. Ишхонасининг калитини узатаркан, унинг фаолиятига омад тилади.
“Янги муҳаррирда нима айб, унга дардини достон қилганидан нима фойда? Ҳокимнинг топшириғини топширувчи бир одам-да, бу ҳам ўйлади Йўлдош. Аммо, суднинг ҳукми қонуний кучга кирмасдан, уни хизмат вазифасидан бўшатиш мумкин эмаслигини оддий ходим ҳам яхши билади-ку. Туйқусдан жиринглаган телефон унинг хаёлини тўзғитиб юборди.
-Алло, эшитаман.
-Бу киши Йўлдош аками?-бу адвокат Амированинг овози эди.
-Ҳа, менман.
-Кеча вилоят судининг апеляция мажлиси бўлиб ўтган экан. Туман судининг ҳукмини тасдиқлашибди. Сизга бу ҳақда хабар беришгани йўқми?
-Йўқ, беришган йўқ.
Шундан сўнг адвокат Олий Судга касация тартибида шикоят қилиши мумкинлигини билдирди ва “сиз, аввало, соғлигингизни тиклаб олинг” деб қўшимча қилди-ю, гўшакни жойига қўйди.
Бу хабардан Йўлдош таажжубланмади ҳам. Уни атайлаб судга чақирмасдан, ишни бир ёқлама тарзда кўришларини илгариги бўлиб ўтган воқеалар сингари, олдиндан сезган эди. Қатнашган тақдирида ҳам суддагилар ўз ҳукмини ўтказиши тайин эди. Худди шунингдек, Йўлдош президиумдан ҳам янгилик кутгани йўқ. Фақат, бу аҳволда суд тизимининг барча эшикларидан тартибли ўтиб, токи президент қабулига қадар боришини мақсад қилиб, адвокатига қаршилик қилмади.
Орадан бир ҳафта ўтиб президиум қарорини сўраб вилоят судига борди. Бироқ, суд котиби қарорни почта орқали манзилига жўнатиб юборганлигини маълум қилди. Уйига қайтганидан сўнг, орадан ўн кун ўтгач, почтадан апеляция судининг устидан назорат тартибида жиноий ишлар бўйича президиумида кўрилган ишнинг жавоби келди. Йўлдош хатнинг мазмуни билан танишиб чиқди. Матнда ҳеч нарса, ҳатто жумла ёки бир сўзни ўзгармасдан, худди, Тошпўлатов чиқарган ҳукмни қандай бўлса, шундайлигича, ўзгартирмасдан унга жўнатишган эди.Бу ишларнинг ҳаммасида Тошпўлатовнинг қўли борлиги яққол сезилиб турарди.Демак, вилоят суди президиумига шикоят қилиб ҳам аҳвол ўзгармасдан қолди. Тошпўлатовнинг дасти узунлиги янада маълум бўлди.
Йўлдош бир неча кун чувалашиб кетган фикрларининг исканжасида қолди. Охирги нажот, Тошкентга йўл олмоқ! Пойтахтда эса, уни нималар кутяпти? Мурожаат қилишни қайси остонадан бошласин? Унга тўғри йўл кўрсатадиган энг яқин инсон ким, ғамхўр ташкилот қайси? Журналистлар уюшмасими, йўқ, улар бундай ишларга аралашмайди. Йўлдошнинг кўнглига қандай савол келмасин, дилида битта жавоб, фақат, депутат Жасур Исмоилов!
Кейинги воқеаларни Йўлдош депутатга айтмаган эди, гўё, ишончли вакил бўлиб, сайловда ёрдамлашганини миннат қилиб, бошини қотираётгандай, Исмоиловнинг олдида ҳажолат бўлди. Депутатларни бундан бошқа ишлари ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Бу борада депутатлар, фақат, қонун чиқариш билан шуғуллансин, қонун назоратига, ижроия ҳокимият ишига аралашмасин деган гаплар тизимда авжига чиққан. Унча-мунча депутат фуқароларнинг шикоятлари билан дадил шуғулланишга журъат қилолмайди. Йўлдош бари-бир Исмоиловдан бошқа ишончли маслаҳатчи тополмади. Эртаси куни тайёрганлигини кўриб, барча ҳужжатларни йиғиштириб олди-да, ё, раб, дея Тошкентга йўл олди.
У Тошкентни доим соғинади. Талабалик йилларидаги воқеаларни кўп эслайди. Бу азим шаҳарда унинг қадрдонлари кўп. Кўп йиллик садоқатли дўсти Ботир Исмоилов ҳам бу шаҳарда нуфузли идораларнинг бирида нуфузли лавозимда ишлайди. У депутат Жасур Исмоиловнинг укаси, Йўлдош сайлов пайти унинг сўзини икки қилмай акасига ишончли вакил бўлишга рози бўлган эди. Йўлдош Ботир билан кўп яхши-ёмон кунларни бошларидан ўтказишди. Ўша саксонинчи йилларда улар бир гуруҳ дўстлари билан йиғилишганларида Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлишини орзу қилиб суҳбатлашишарди. У пайтларда бундай фикрларни айтишнинг ўзи нақадар хатарли эди. Ҳокимият йиғилишлари рус тилида ўтказилганда, ўзбек тилида ўтказилишини талаб қилиб, раҳбарлар билан бошқа жуда кўп муаммолар бўйича ҳам баҳслашиб колардилар. Бир қанча муддат Ботир туман савдо базасини бошқариб эл ўртасида катта обрў топди. Айни мустақиллик йиллари арафасида туман аҳолисини керакли озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа турли қурилиш материаллари билан таъминлаш, эҳтиёманд оилаларга моддий ёрдам бериш каби хайрли ишларга бош бўлди. Ўша пайтларда Йўлдошни ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлар, журналистлик фаолияти ҳамда ижод қилишига шароит яратиб беришга ҳаракат қиларди. Мутахасислигига қизиққан дўсти аспирантурани битиргач, иқтисод фанлари бўйича илмий иш қилиб, фан номзоди бўлди.Шу орада сиртдан университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини битирди. Тиниб-тинчимас Ботир камгап, вазмин бўлиб, камдан – кам ҳолларда жаҳли чиқарди.Йўлдош дўстининг босиқлигига ҳаваси келарди, ўзи эса, тезда қизишиб кетар ва масалани тезроқ ечим топишини истаб, диққат бўлаверарди. Ботир дўстидан ўрнак оладиган жиҳатлари кўп эди. Ҳозир ҳам автобусдан тушиб, тўғри Ботирнинг ишхонасига кириб борди.Дўсти хонасида экан, қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдилар
-Кўринишингиз ёмон эмас, кўп ўйланманг, дўстим, деди Ботир ҳозиргина дамланган чойдан пиёлага қуйиб узатар экан.-Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади. Инсон бошида ҳар хил ёмон кунлар бўлиши мумкин.Энг муҳим бу қийинчиликларни енгиб ўтишда.
-Айтган гапларингиз ҳаммаси тўғри, бошингга қанча мушкулот тушса, ана шунча бардош ҳам керак-да. Ҳаммасига чидаш мумкин, аммо менга нисбатан бўлаётган адолатсизликка чидаш қийин.Президентимиз кечагина айтдилар-ку, одамлар ҳамма қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди.
-Балли , шундай, ҳақиқат эгилади, букилади, лекин, синмайди. Сиз ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун курашинг, курашганда ҳам шошмасдан, қонундан четга чиқмасдан иш кўринг.Сиз вилоят апеляция суди туман судиниг ҳукмини тасдақлаб берди, иш шу бўйича қолади деб ўйламанг. Ундан кейин вилоят судининг президиуми бор...
-Президиумнинг жавобини ҳам олдим. Бежизга Тошкентга келмадим, дўстим, вилоятдагилардан умид йўқ, уларнинг тили бир, Тошпўлатов ҳаммасини бир фикрга келтириб бўлган. Ҳокимларнинг топшириғи уларнинг ижросида, бошқа ўзгариш бўлмайди вилоятда. Шунга кўзим етди. Амнистяга илиндим, бунинг учун Президентимизга раҳмат! Уч йил раҳбарликда ишламайман, туман ҳокимига шу керак эди, бу ҳам майли, лекин мен “судланган” деган қора ном билан қандай яшайман, дўстим. Эртага болаларимга, набираларимга нима деб жавоб бераман. Ҳақиқатан ўғирлик қилганман, давлатга, халк мулкига хиёнат қилганман деб қандай айтаман?!
-Яна асабийлашаяпсиз, тинчланинг! Вилоятда ҳал бўлмаса, Олий суд бор. Бу ердагилар масалага жиддий қарашади, холисона кўриб чиқишади, шундай экан, биродар, тушкунликка тушманг, ёнингизда ҳалол одамлар, дўстларингиз кўп. Ботир шундай деб дўстининг елкасига қоқиб қўйди. Қарадики, дўсти ниҳоят чарчаб келган. Ишини йиғиштириб уни уйига таклиф қилди.
Тошкентга асабий ҳолди кириб келган Йўлдошнинг Ботир билан учрашгандан кейин чиройи очилди. У ҳар доим безовта бўлиб, нимадандир кўнгли хид бўлса, ёки бирор масалани ечолмай қолса, дўсти билан мулоқат қилар, унинг йўриқларидан сўнг хотиржим бўларди. Шунинг учун Ботирни устозидек ҳурмат қилар, енгар ҳаққига “устоз” деб мурожаат қилиб, дўстини ҳижолатга қўярди. Йўлдош дўстининг уйида меҳмон бўлди. Икки дўст ярим тунгача суҳбат қуришиб, пухта режа тузишди. Эртаси кун Йўлдош ёзган арзномасини Президент девонига, Жасур Исмоилов номига ёзилган “депутатлик сўрови”ни Олий Мажлис қонунчилик палатасига топшириб уйига қайтди.
Х Х Х
Қози Тошпўлатов Маҳкамовга нисбатан вилоят апиляция судининг, президиумининг чиқарган ҳукмидан хабардор бўлса ҳам, уни бир нарса ташвишга соларди.У ҳам бўлса, Маҳкамовни касалхонада пайтида ҳибсга олганлиги эди. “Журналист ҳалқи энг мужғов, эзма, ҳақман деб ўзини ажалга уришини била туриб, бу луқма қатта қозонда қайнашини сезса ҳам нега шу ишга қўл урганига пушаймон торта бошлади у. Айниқса, Маҳкамов девонга арз қилибди деб эшитгандан буён барча хатоси учун бари-бир жазосини олишини кўнгли сеза бошлади. Қўшимчасига депутат ҳам бор. “Нега писанд қилмадим, нима учун кўзга илмадим шу йигитни, ҳокимларга ишонибми, уларга яхши кўриниш учунми? Лекин, жазони мен оламан, улар сувдан қуруқ чиқишади. Пастдан келгани ҳам етарди, тепадагига ҳам осилдим” дея ич этини кавлай бошлаганди қози.
Холисона айтганда, қози ҳақиқатан ҳам муҳаррирга нисбатан ҳар томонлама адолатсизлик қилди. Унинг шифохонада даволанаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни келтириб беришган эди. Аммо у бу маълумотни тан олмади, аниғи, қасддан йўқотди. Бетараф, холис бўлиш ўрнига Донаев тарафга ўтди. Жазо белгилашда қўшимча 45-моддани қўллаб, судланувчининг ишини янада оғирлаштирди. Қонун ҳам, Маҳкамов ҳам бу қабиҳлигини асло кечирмайди. Президент аппаратидан ва Олий мажлисдан депутатлик сўрови билан келадиган бўлса, айниқса, комиссияда Исмоиловнинг ўзи қатнашадиган бўлса “худо берди” деявер. Тошпўлатов шу қадар чуқур хаёлга ботдики, ўзини ўзи бу чоҳдан чиқариб олишга қурби етмай қолди. Шу пайт эшик очилиб, Донаевнинг катта боши кўринди.
Ассалому алайкум,- деб Донаев кела солиб Тошпулатов билан кучоқлашиб кўришди. - Табриклайман, апеляция суди ҳам ҳукмингизни тасдиқлабди. Президиум ҳам. Сизга гап йўқ. Ваъда бердингизми, албатта, бажарасиз.
-Бу тасдиқлатиш қанчага тушганини биласизми? Шу ишни битиргунча она сутим оғзимга келди, - деди қози ўйчан ҳолда.
-Биламан, биламан, бундан хабарим бор. Ҳисобли дўст айрилмас деганларидек, мен ҳам ваъдамни бажаргани келдим. Атаганим машинада турибди.
Донаевнинг бу гапидан кейин қозининг юзи ёришди, бояги ўйчанлиги, дили ғашлиги бир зумда тарқаб кетди.
-Эшитдингизми, Маҳкамов Тошкентга кетибди. Олий судга боради-ёв?
-Борса, бораверсин,- деди Донаев қози билан машинаси томон борар экан, - қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деган мақол сизларга ҳам тегишлими, нимадан зиқ бўласиз.
- Ё, тўғри депутатига боради, ё, президент девонига ... Бу иш ҳали-бери тугамайди-ёв.
Шикоят қилавермайдими, аризалари келиб яна сизнинг қўлингизга тушади-ку! Тошкентга бориб, иш битиришнинг ўзи бўладими? Маҳкамовда йўл пули ҳам йўғ-у, бир боради, икки боради, охири чарчайди, деди Донаев Тошпўлатовнинг кўнглини кўтариб. Лекин, Донаевнинг кўнглида ҳам юқоридан келадиган текширувлар ҳақида ғулу борлигини қозига сездирмади.
Иккаласи изма-из машина турган жойга етиб келишди. Донаев машинасининг эшигини очди-ю, ичкаридан қора дипломатни олиб қозининг машинаси орқа ўриндиғига қўйди-да, яна кўришамиз деди-да, уловини юргизди.
Ҳеч кимнинг оёғи тоймасин экан, ҳар доим Йўлдошни йўқлаб келадиган, кетдик тўйга, туғилган кунга, еб-ичарга деб қистайдиган жўралари ҳам қораларини кўрсатмай кетишди. Йўлошнинг ўзи ишга киритиб қўйган, кези келганда милицияга тушганда бир оғиз гап билан ҳимоя қилиб, қутқариб олган танишлари ҳам, доимо уйидан чиқмайдиган оғайнилари ҳам қадамларини узишган эди. Наҳотки одамзод шундай ўзгарувчан яралган бўлса? Қачонки, оёғинг узангида бўлган пайтда чор атрофингда дўстларинг, биродарларинг ҳар бир имо ишорангга мунтазир бўлиб турса-ю, оғизларини кўпиртириб мақташса, мансабдан кетиб, ишинг юришмай колганда сени танимай кетишса? Ахир, дўст бўлдингми, унинг яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам йўқлаб, кўнглини сўраб туриш керак-да.
Йўлдош шуларни ўйлар экан, яқин дўстим деб юрганларининг ҳаммаси ҳам содиқ эмаслигини, дўст оғир кунингда билинади деган ҳикматнинг нақадар тўғри эканлигини юракдан ҳис қилди. Нима бўлганда ҳам, қанча вақт кетганда ҳам ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканлигини исботлаб, номард дўстлар ва душманлари олдида юзини ёруғ қилмоғи шарт.
Зарифа Хўжаеванинг ҳокимдан ҳам, унинг муовини Қаюм Ҳайдаровдан ҳам кўнгли қолди. Уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлганлигини эслаб орияти қўзиди. “Вой, номардлар-ей, яна эркак эмиш, Маҳкамовнинг устидан шикоят ёзиб, ишдан бўшатсангиз ўрнига сизни қўямиз деб кимни алдадиларинг?” Ана шу саволлар охирги кунларда Хўжаеванинг тинчини тобора бузмоқда эди. Дарҳақиқат, ишлари битиб, эшаклари сувдан ўтгач, раҳбарлар ваъдаларини унитиб, ўзларининг югурдакларини муҳаррир қилиб қўйишди. Зарифа бўлса, шунча захмат чекиб қолаверди. Гап сўз бўлгани ортиқча, режалари амалга ошмагач, қози билан бўлган ошнолиги ҳам кўнглини буза бошлаганди.
Хўжаева шахд билан туриб ҳокимият томон шошилди.Ҳокимлик биноси шундоққина редакциянинг ёнгинасида жойлашган. Хўжаева кириб борганида ҳоким муовини Ҳайдаров хонасида икки киши билан ниманидир муҳокама қилишаётган эди. Хўжаеванинг важоҳатини кўриб “бўпти, шу гап” деб ёнидагиларга рухсат берди.
-Келинг, опа.
-Келдим... ўртоқ Ҳайдаров, бизга берган ваъдаларингиз бошқача эди-ку. Ёки, ишимиз битди деб, унитиб қўйдиларингизми? - деди жувон аччиқ киноя билан.
-Йўғ-е, опа, нималар деяпсиз, биз ваъда бердикми, албатта бажарамиз, деди Ҳайдаров ясама табассум билан.
-Бажарганларингиз шуми?
-Биз Турсуновни вактинча муҳаррир қилиб тайинладик. Бу тортишувлар тугасин, сизнинг ишингизни ҳал қиламиз. Ҳозир сизни қўйсак, келишиб олганимиз билиниб қолади, опа.
-Бу режа ҳокимдан чиқдими, ўзлари хабардорми?
-Албатта-да, ҳокимдан буйруқ бўлмаса, шудгорда қуйруқ бўлмайди, опа.
-Ундай бўлса, майлия,- юзига қон югурди Хўжаеванинг, - кутаман, фақат, чўзилиб кетмасин-а!
Хўжаеванинг яна кўнгли тоғдек кўтарилиб, муовиннинг хонасинидан чиқиб кетди. У кетгач, Ҳайдаров “хайрият-е, шаллақидан қутилдим, сенга муҳаррирликни ким қўйибди” деб енгил нафас олди.
Кейинги кунларда вилоят ҳокими алмашиб, туман ҳокими Расул Рахимовнинг ҳам пайтавасига қурт тушиб қолганди. Туманда аксарият соҳалар бўйича режалар барбод бўлган, пилла, буғдой ҳосилларининг хирмони тўлмади, пахта ҳолсилининг ҳам туби кўриниб қолди-ю, режага чўт бермади. Вилоятнинг янги ҳокимидан бир ой ичида бир неча бор дашном эшитди. Ишлар орқага кетаётганидан кайфияти бўлмай бир неча кун касалман деб, уйида даволанди.
Йўлдош вилоятнинг янги раҳбарини ишчан, адолатли, тиниб-тинчимайдиган инсон деб эшитган эди. Айтганлари тўғри экан, эртаси куниёқ туманларни айланиб, кўпгина раҳбарларга танбеҳ берди. Аҳвол шу зайлда борадиган бўлса, Расул Раҳимовнинг ишлаши қийин бўлади. Сабаби, янги ҳокимнинг талабларига у мутлақо жавоб бера олмайди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини тушунмайди.
Нима бўлганда ҳам, Хўжаеванинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатиб юборганига хурсанд бўлди Ҳайдаров. Бари-бир аёллигига борди-да, сочи учун, ақли калта. Туя ҳаммомни орзу қилибди. Яна учрашгунларича бир гап бўлар, нима кўп, баҳона кўп. Энг муҳими унинг қўли билан Маҳкамовни тинчитишди. Ким билади ҳали муҳаррир Президент девонига шикоят ёзган бўлса, охири нима билан тугайди? Нима бўлган тақдирда ҳам Ҳайдаров учун бунинг фарқи йўқ. Қатор йиллардан бери ушбу лавозимда ишлаб, йиғадиганини йиғиб, оладиганини олиб бўлган, ҳақи тўлган одам эди. Бошқа ҳоким келса ҳам бир амаллаб тил топишиб кетар-да. Ана шундай ола тасир хаёллар оғушида бўлган Ҳайдаров соатига қаради-да, ошнаси терговчи Донаевга телефон қилиб, уни тушликка таклиф қилди.
Кейинги кунларни Йўлдош йўл қараш, Тошкентдан бирор хабар келишини кутиш билан ўтказди. Шундай кунларнинг бирида ҳокимиятдан вакил келиб, уни ҳоким кечқурун қабулига чақираётганлигини айтди. Йўлдош таажжубданди. У вилоят, ёки туман судидан чақирув кутганди. Нега энди ҳокимнинг ўзи уни йўқлаяпти? Йўлдош қабулига кираман деб остонасига борган чоғда хонасига киритмаган зот энди ўзи йўқлаб қолибди. Эҳтимол, Президент номига ёзган шикоят хати бўйича комиссия ҳокимиятга келаётгандир. Шу боис, муросага келмоқчидир. Нима қилсам экан, борсамми, йўқми? Бормайман, шунча вақт йўқламаган ҳоким энди ҳам сўрамай қўя қолсин.
Эртаси куни яна ҳоким ўринбосари Рахмон Эштемиров уни ҳоким йўқлаётганини , бориши шартлигини қайта-қайта тайинлади. Йўлдош ҳокимнинг муҳим гапи борлигини тушунди. Агар, шикоятим бўйича текшириш келаётган бўлса, вазиятни юмшатиш мақсадида чақираётган бўлиши мумкин. Йўлдош бу чақирувга бошқа сабаб тополмади. Лекин Йўлдошнинг бошига шунча кулфатларни солган, ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб Йўлдошнинг обрўсини тўкишга астойдил қиришган, сайлов қонунларини тушунмасдан, депутат бўлолмай қолганлиги учун рақибидан ўч олишни истаган, ўч олиш учун қонунларни оёқ-ости қилган Расул Раҳимов билан қандай муросага келиш мумкин? Асло! У жазосини олиши керак. Йўлдошнинг ҳокимият томон оёғи тортмади, ҳоким билан кўришишни, яна қандайдир дилисиёҳликнинг юз беришини истамади. Агар, хатимни текширишга келишса, менга тўғрисини айтишади, ўйлади у.
Ўша куни Йўлдош Расул Раҳимовичнинг соғлиги ёмонлашиб, касалхонага тушибди деб эшитди. Сўнгги кунларда тумандаги ижтимоий- иқтисодий вазиятни ўрганиш учун тез-тез текширув гуруҳлари келадиган бўлган эди. Комиссиялар билан ишлаш, уларни кузатиш ҳокимни чарчатган эди. Агар, у қилиб юрган номаъқулчиликлар ошкор бўладиган бўлса борми, шак-шубҳасиз уни панжара ортига тиқишлари аниқ эди. Буни ҳокимнинг ўзи ҳам билар, нима қилиб бўлса ҳам тахт қўлида пайтида мол-давлат йиғиб олиш ва обрўсининг борида силлиққина ишдан бўшашини ўйларди.
Х Х Х
Расул Рахимович марказдан келадиган комиссиядан хавотирди эди. Икки йилдан буён туманни бошқариш давомида қанча хато ва жиноятларга қўл урганини ўзи яхши билади. Ноқонуний, баднафс ишларига ҳалақит берган бир қанча фидойи кадрларни ишдан ҳайдади, хўжаликларни бошқариб халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган тажрибали фермерлардан мажбуран ерларини тортиб олиб, бошқа ишқибоз кимсаларга сотиб юборди. Ташкилот раҳбарларини қарийб юз фоизини алмаштирди, соққасини олиб, бошқасини жойлаштирди. Айтаверса, адо бўлмайдиган дард бу. Албатта, ушбу айтилган арз-додларнинг ҳаммаси собиқ муҳаррир Маҳкамовнинг Президентга ёзган шикоятида батафсил ёзилган. Шу боис Маҳкамовни чақириб, у билан муроса қилиши зарур. Акс ҳолда аҳвол янада жиддийлашади. Аммо, муовини орқали икки-уч бор чақиртирганлигига қарамай, у ҳокимга қорасини ҳам кўрсатмади. Ҳоким қўнғироқни босиб, котибадан яна Ҳайдаровни чақиришни буюрди. Орадан беш дақиқ ўтмасдан хонага Ҳайдаров кириб келди. У илгаригидай ҳокимга қуллуқ қилмас, ўрталаридаги иноқликка путур етгандек эди.
-Чақиртирган экансиз,- деди Ҳайдаров саломлашгандан сўнг, ҳокимнинг қаршисидаги стулда ўтираркан. Бир қанчагина олдин ҳокимнинг ёнида тик туришга журъат қилолмай, бошини эгиб турган ходими бугун рухсат сўрамасдан ёнига ялпайиб ўтириши Раҳимовга ёқмади, лекин, сездирмасдан сўзини давом эттирди:
-Бир нарсага бошим қотиб турибди, Маҳкамов касалхонадами?,- деди ҳоким хавотирли оҳангада,-неча марта чақиртирдим келмади. Шу масалада келишиб олмасак, аҳвол чатоқ. Нима маслаҳат берасан?
Ҳайдаров бироз жим қолди. У Маҳкамовни ўлса ҳам сўзидан қайтмаслигини яхши билгани учун у билан муроса қилиб бўлмасликни ҳокимга очиқ айтди
- Маҳкамов билан муроса қилиб бўлмайди. У бир сўзли одам. Бари-бир фикридан қайтмайди. Инсоф билан айтадиган бўлсак, у одам кўп жабрланди. Ишдан олингани ҳам майли қамоққа тиқилгани, судлангани чатоқ бўлди, марказга нима деб ёзган бўлса, ёзгандир, уни ҳам тушиниш керак.
- Нима, сен ҳам унинг ёнини оляпсанми, тинчликми ўзи? Сен ҳам у томонга ўтмоқчимисан. Ким билан гаплашсам, Маҳкамовни ноҳақ бўшатилган деб айтади. Айбномани мен тўқиганим йўқ-ку. Тўғри, мен ҳам тепанинг гапига кириб, шу ишни қилдим. Ўзининг ҳам сояси юбқалашиб турган экан, қаёқдан билай? Энди минг пушаймон бўлсам-да ўрнига тушмайди, фойдаси йўқ,- деди ҳоким стол устидаги сигаретадан бир дона олиб тутатаркан. Бир ўйлаб кўрчи, яхшиси Маҳкамов билан гаплаш, пул ваъда қил, ишига ҳам қайтараман, нима бўлса ҳам аризасини қайтариб олсин.
-Намунча ваҳима, тинчликми, комиссияни бугун кўряпсизми?
-Тепадаги ишончли одамим айтди. Бу оддий шикоят текшируви эмас, девондан туманнинг барча соҳасини комплекс текшириш, салбий ҳолатларнинг сабабини чуқур ўрганиш, чора тадбирлар белгилаш мақсадида махсус ташкил этилган комиссия келяпти. Яна ким де, депутат Исмоилов бошчилигида. Биз қилган барча яширин ишларимизни биларкан Маҳкамов, қандай ўрганган, қаердан олган билмадим.
-Биз доим мажлисдамиз, Маҳкамов эса ҳар доим халқнинг ичида юради, эшитади-да ҳоким бобо, қабулига келган одамларни айтинг. Кимнинг боши қотса, биринчи редакцияга келиб маслаҳат олади.
- Бу ақлинг илгарироқ қаерда эди? Айтганимни қил, жавобингни кутаман.
Ҳайдаров ҳокимнинг ҳузуридан чиқаркан, унинг гапларидан ғаши келди. Эркакчасига айтганда қилғилиқни қилиб қўйиб, эндиги мурувватингнинг кимга кераги бор. Мансаб шунчалар ширин-да. Нима бўлса ҳам Маҳкамовнинг овозини ўчириб, ўзининг жонини сақламоқчи. Мен бориб нима дейман ҳозир. Тошингни тер, ҳокиминггни ҳам, ўзингни ҳам... демайдими? Ноҳақдан жабрланиб, судланиб, қамалиб, уйида ишсиз ўтирган одамдан ҳар нарса кутса бўлади ҳозир.
Кейинги пайтларда ҳоким билан Ҳайдаров ўртасига бироз совуқчилик тушган. Бу келишмовчилик ҳокимлик биносини таъмирлаш ишларидан келиб чиқди. Ҳали таъмирлашга муҳтож бўлмаган бинони ва ташқисини таъмирлаб, ҳали ишлатишга яроқли янги мебел жиҳозларини ҳоким ошна-оғайниларига тарқатиб, ўрнига яп-янги чет эл мебелларини олиб келтирди. Ҳокимлик биносининг ички хоналари, айниқса, қабулхона ва ҳокимнинг хонаси келинчакнинг уйидек безатилди. Бор йўғи бир неча миллион таъмирлашга сарфланган бўлса, бу сумма ўн бараобар оширилиб кўрсатилиб, нақд пул қилиб олинди. Ваҳоланки, туманда чала, битмаган мактаб, боғча, касалхона бинолари мавжуд эди. Мана шулар ҳақида Ҳайдаров “кам-кам хўр, ҳамиша хўр” деб ҳокимга айтган эди уни сўкиб берди:
-Ҳали сен менга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?. Сени ким ишга олганлигини унитиб қўйганга ўхшайсан. Бу ерда мен ҳокимман, сен эмас, - деб танбеҳ берганди. Маҳкамов бу гаплардан бехабар деб ўйлайсизми, албатта, калтакнинг бир учи Донаевга, Тошпўлатовга ҳам тегади. Ҳамма ишкални эса, ҳокимнинг ўзи бошлаган эди.
Х Х Х
Марказдан келган комиссия аъзолари Маҳкамовни ҳокимлик биносига чақирди. Йўлдош шикоятидаги фактларнинг ҳаммаси тўғри эканлигини, ҳоким билан ярашиш нияти йўқлигини , ёзганлари учун гарчи, нотўғри бўлса ўзи жавоб беришини айтди. Комиссия аъзолари бир ҳафта мобайнида Маҳкамовнинг ўзининг иштирокида тумандаги барча соҳада олиб борилаётган ишлар, муаммо ва камчиликлар, коррупция ва порахўрликларни аниқлаш тўғрисида текшириш олиб борди. Комиссия раиси Исмоилов туман шароити ва кадрларини яхши билганлиги учун ҳам текширув самарали ўтди. Маҳкамов ёзган барча фактлар ўз исботини топди.
Шу орада Тошкентдан хуш хабар келди. Олий судда унинг иши кўриб чиқилганлиги ва қуйи судларнинг ҳукми бекор қилиниб, Маҳқамов Йўлдош оқланганлиги маълум қилинган эди. Ҳибсдан озод қилиш учун гаров тариқасида тўланган 720 минг сўм пул айбномада белгиланган фактлар исботини топмаганлиги учун тўловчига қайтариб берилсин, Йўлдош Маҳкамовнинг “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири вазифасидан ноқонуний бўшатилганлиги сабабли туман ҳокимининг қарори бекор қилинсин деб таъкидланган эди суд ҳужжатида.
Орадан икки ҳафта ўтгач, халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб, кун тартибидаги масала юзасидан Президент девони ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия аъзоларининг туманда олиб борган текширув ишлари натижалари тўғрисида Ж.Исмоилов маълумот берди. Ишдаги жиддий хатолари учун ҳоким Расул Рахимов вазифасидан олинди ва ҳоким фаолиятига боғлиқ ўзлаштирилган маблағлар, коррупция ва порахўрликка оид маълумотлар, фактлар текшириб, чора кўрилиши учун туман прократурасига топширилди. Бошқа ўринбосарларга ҳам тегишли чоралар кўрилди.
Навбатдан ташқари сессияда тайинланган янги туман ҳокими кириш маърузасини якунлар экан “Янги ҳаёт” туман газетасининг собиқ муҳаррири ишига қайта тикланганини эълон қилиб, газета ишига муваффақият тилади.
Йўлдош қадрдон жамоаси бағрида газетасининг янги сони учун сессия материалларини тайёрлар экан чуқур ўйга толди, беихтиёр бўғзига келган хўрсиниш ва кўзидаги икки томчи ёш ёзаётган сатрларига қоришиб кетди:
Ўтган бир йил мобайнидаги бошидан ўтган ташвишлар, азобларнинг сабаби нима? Асосий сабаб халқининг иродасини ёқлагани, сайловда ўз ҳуқуқларини билиб, фаол қатнашгани, эркин овоз берганидир. Ўз партиясининг номзодини қўллаб қувватлаб, номзодига ишончли вакил бўлиб астойдил курашганидир. Бу йўлда чекиниш йўқ!
- Бор экансан-ку ҳақиқат! Адолат! Сени қанчалар орзиқиб кутдим!
ЙЎЛЧИ МУҲАММАДИЕВ
Оқдарё – Тошкент.2001 – 2004 йиллар.

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Адабиёт
- 24 ноя, 11:44