«ЎЗИНГИЗНИ БОСИНГ, ЖАНОБ АМАЛДОР!»

Халқимизда «Кўрмаганни кўргани қурсин», «Чориғингни унутма», «Камтарга камол» сингари чуқур маънога эга бўлган мақоллар бор. Бу мақолларнинг ҳаётийлигини кўп бор турмушимизда кўриб келаяпмиз.

Бир танишим бор. Келинг, уни шартли равишда Тўра Тўраевич дея қолайлик. У билан мактабда бирга ўқиганмиз. Инсоф билан айтганда, баҳолари нуқул ўрта эди. Мактабни битиргач ошна-оғайниларининг ҳаракати билан молия институтига кирди. Таниш-билишлари орқали йирик бир ташкилотда оддий иқтисодчи бўлиб иш бошлади. Ойлар, йиллар ўтган сари у мансаб пиллапояларидан юқорилаб борди. Ташкилот раҳбарига ўринбосар бўлгач, бу лавозим уни қониқтирмади. Нима қилиб бўлса ҳам бир амаллаб бошлиқ бўлиши лозим. Бутун фикри зикри мансабни эгаллашда бўлиб қолди. Буни қарангки, омади чопди. Бошлиғи вилоятга кўтарилиб кетди. Темирни қизиғида бос, деганларидек, отни қамчилаш учун бор маҳоратини ишга солди. Оғайнилари, таниш-билишлари у учун бел боғлаб ишга киришишди. Бу ҳаракатлар ўз самарасини берди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас раҳбарлик креслосини эгаллади.

Мансаб одамни ўзгартирар экан. Босар-тусарини билмай қолди. Мажлисларда ҳам оғзидан қўпол сўзлар чиқиб кетар, аёл борми-йўқми, унга фарқи йўқ эди. Ҳатто отаси тенги ходимларни ҳам сенсираб сўкар, улар эса ишларидан айрилиб қолишдан қўрқиб лом-мим дейишмасди. Бироқ андишани отини қўрқоқ дейдилар, деганларидек, унинг қўпол сўзлари, хурмача қилиқлари қўл остида ишлаётганларнинг жонига тегди. Устидан турли ташкилотларга шикоят ёзишлар кўпайди. Шунда ҳам отдан тушса ҳам эгардан тушмайди, деганларидек, ходимларига муносабати ўзгармасди. Шикоятчиларни ёқтирмас, уларни хонасига ҳам яқинлашишини истамасди. Ана шу шахснинг устидан шикоят келиб тушса бўладими?

Ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган Тўра Тўраевичнинг ишхонаси томон йўл олдик. Қабулхонада котибадан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Бошлиқни сўрадик. Котиба ичкарига кириб кетиб, бир зум ўтмай чиқди-да, кирар экансиз, деди.

Жимжимадор эшикни очиб ичкарига кирдим. Хона тўридаги креслода ястаниб ўтирган Тўра Тўраевич истар-истамас ўрнидан турди.

Саломлашдик. Бир синфда ўқиб синфдош бўлсакда расмий сўрашдик. Ўтиришга таклиф қилди.

- Хўш, хизмат, - деди у тезроқ мақсадга ўт, дегандек.

- Устингиздан шикоят тушган, - дедим папкамдаги шикоятни оларканман.

- Ҳа, яна ўша ёзувчиларми? Жонга ҳам тегди-да. Сизлар ҳам қизиқсизлар-ей, ким ёзса келиб текшираверасизларми? - деди у бошини ликиллатаркан.

- Вазифамиз шу, хизматчилик, - дедим қисқа қилиб.

- Ўша ифлосларни замон қўйиб берса ўзим билардим-да, - дея қўпол сўкинди-да, уҳ тортди. Унинг бу ҳаракатидан кейин расмий муомалага ўтишга тўғри келди.

- Ўртоқ Тўра Тўраевич, ўзингизни босиб олиб, сўкинмасдан бу ерга ўша шикоятчиларни чақиртирсангиз, - дедим қатъий оҳангда.


У бироз ҳовридан тушди-да, котибасини чақириб рўйхатдаги ходимларни чақиришини буюрди. Кўп ўтмай хонага ўн нафардан ортиқ турли ёшдаги кишилар тўпланди. Мен шикоятчилар билан ёзилган ҳар бир факт бўйича суҳбатлашаётган пайтимда бошлиқнинг дами ичига тушиб кетди. Гўё у ўтирган креслосига чўкиб кетаётгандек эди. Шу тахлитда муҳокамани якунладик. Бу пайтда бошлиқнинг олдида икки йўл турарди. Биринчиси шикоят-чилардан узр сўраш, иккинчиси эса улар билан тортишишни давом эттириш. Иккинчиси шу билан жиддийроқ эдики, агар кечирим сўрамаса бошлиқнинг фаолиятида жиноят аломатлари мавжуд бўлиб, устидан иш қўзғатиш мумкин эди. Буни Тўра Тўраевич сезиб турарди. Гарчи ўзи истамаса-да, шикоятчилардан узр сўради. Бундай хатоликларга йўл қўймасликка ваъда берди.

Мурожаатчилар чиқиб кетгач, бошлиқнинг чиройи, қовоғи очилди.

- Синфдош, сизнинг шахсан ўзингиз келганлигингиз яхши бўлдида, - деди у чойнакдаги иссиқ чойдан қуйиб узатаркан.

Мен ҳам гап келганда отангни аяма, деганларидек, шундай синфдош, семизликни қўй кўтаради, чориғингни унутма, деган мақолларни унутмаслик керак, - дедим унинг елкасига қўлимни қўярканман.

- Тўғри айтасиз, дўстим, деди у пиёладаги чойни ҳўпларкан. - Тан оламан, бошлиқ бўлганимдан кейин босар-тусаримни билмай қолдим. Қўл остимдаги ходимларни одам ўрнида кўрмайдиган бўлиб қолдим. Юқоридаги бошлиқларимга ишониб, улар мени қўллаб турибди, деб билган ишимни қилдим. Мени бугун сизлар кўзимни очдингизлар, хулоса қиламан.

- Бу эркакча гапми? - дедим ҳазиллашиб. - Ундай бўлса қўлни ташланг.

Бошлиқ мен билан қадрдон дўстлардек қучоқлашиб хайрлашди. Очиғи ўзим ҳам енгил тортдим. Чунки собиқ синфдошимни бадном қилиб, обрўси тўкилиб, ишини ички ишларга ошириб юборишни ўзим ҳам асло истамасдим.

Бу воқеаларга анча йиллар бўлди. Тўра Тўраевич сўзининг устидан чиқди. Ходимларига самимий муносабатда бўлиб узоқ йиллар раҳбар бўлиб фаолият кўрсатди. Менга ҳам дам олиш кунлари телефон қилар, бирга ошхўрлик қилишни таклиф этарди.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳозирги айрим раҳбарларимиз одамлар билан муомала қилишни билишмайди ёки буни исташмайди. Қўл остидагиларга паст назар билан қарайди. Бундайларга қарата: «Жаноб бошлиқ, осмонда юрмасдан ерга тушинг, бу вазифа сизга умрбод берилган эмас. Мансаб, бойлик абадий қолмайди. Шу туфайли камтар бўлинг, ҳалол ишланг, порахўрликни касб қилиб олманг», деймиз. Барча табақадаги раҳбарларимиз бу маслаҳатларимизга амал қилишса, эл олдида доимо юзи ёруғ бўлади. Буни асло унутмаслик керак, ҳурматли раҳбарлар!.


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.