ОИЛА МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН ЭКАНЛИГИНИ УНУТМАНГ

Оила  тинчлиги, мустаҳкамлиги, соғломлиги бу маҳалла ва юртимиз тинчлиги, деб бежиз айтилмаган. Оила - жамиятнинг асосий бўғинидир. Кейинги пайтда тўйларни ихчамлаштириш ҳақида маҳалла фаоллари томонидан тушунтиришлар ва телевидение орқали кўплаб кўрсатувлар бериб борилаяпти. Иш фаолиятимиз давомида кўпинча оила қураётган ёшларимиз, ота-оналаримиз бир кунлик орзу ҳавас деб, ортиқча сарф-харажатлар қилиб, жойи келса катта қарзлар эвазига тўйлар қилишиб, кейин бу харажатларни ўрнини тўлдириш учун иқтисодий томондан оғир аҳволга тушиб қолаётганини гувоҳи бўлаяпмиз. Кейин эса бу қарзларни узиш  учун куёв ёш келинни  қолдириб Россияга пул топишга кетаяпти, то келгунича оилада турли низолар келиб чиқиб, натижада ажрим ҳолатлари бўлмоқда.
Бундай салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида давлатимиз бир қатор қарор ва фармонлар чиқармоқда. Деярли ҳар куни бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида мақолалар, кўрсатувлар бериб борилишига қарамасдан, ҳали ҳам халқимиз ўртасида дабдабали, ортиқча исрофгарчик билан ўтказилаётган тўйлар учрамоқда. ФҲДЁ органларида ҳам бундай иллатлардан воз кечиб, ихчамлашган, кам сарфли тўйлар ўтказиш учун аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ёшлар никоҳдан ўтиш учун ариза бергандан кейин никоҳланувчилар ўқув курсларига қатнашади ва бу ўқув курсларида тўйларни ихчамлаштириш ҳақида ёшларимизга турли хил мавзуларда суҳбатлар ўтилади. Бундан ташқари, тўйлари энди бўладиган келин ва куёвнинг маҳалласида тўйларини ихчамлашган, ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш чораларини кўриш ҳақида хонадон аъзолари билан суҳбат ўтказиш учун хат берилади. Оила мустаҳкам бўлишида оила қурувчилар унинг муқаддаслиги, бир-бирига муҳаббат, ўзаро ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатликда, нафақат ёшлар, балки оиланинг барча аъзолари буни масъулият деб билиши ва шунга амал қилиши зарур. Ҳар бир шахс оилавий муносабатларга киришар экан, унда эр ва хотин, ота ва она  ҳамда бола ҳуқуқлари нималардан иборатлигини билиши ва унга амал қилиши керак.
Никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтгандан сўнг эр ва хотиннинг ҳуқуқлари вужудга келади ва бу қонунда белгилаб қўйилган.
Оилада фарзанд дунёга келгандан сўнг ота-онада ўз болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқлари пайдо бўлади. Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Оила кодексига асосан ота-оналик ҳуқуқлари болалар ўн саккиз ёшга тўлганларида (вояга етганда), шунингдек, вояга етмаган болалар никоҳга кирганларида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда болалар вояга етмасдан тўла муомала лаёқатига эга бўлганларида тугайди. Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш, бола манфаатларига зид бўлмаганда улар билан яшаш ҳуқуқига, ўз ота-онаси бағрида уларни тарбиясини олишга, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек, суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли. Бола исм, фамилия ва отанинг исмини олиш ҳуқуқига эга бўлиб, исм ота-она келишувига кўра, ота исми отасини исмига биноан, фамилияси ота-онанинг фамилиясига ёки ота-онанинг хоҳишига қараб миллий анъаналарга асосан, боболарнинг   исмлари бўйича берилади. Ота-она ўртасида боланинг исми ёки фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал қилинади. Ота-она боласи олдида масъул, яъни ўз болаларини тарбиялаши шарт. Баъзи ҳолларда ота-оналар ўз болалари тарбияси олдида мажбуриятларини унутиб қўяди ёки боламни мактабга бердим, тарбиясига ҳам тўлиқ ўқитувчи жавобгар, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, ота боболаримиз болага тарбия бешикдан бошланади деб, бежиз айтишмаган. Оилада ҳамма нарса ўз ўрнида бўлиб, эр-хотин тенг ҳуқуқлардан фойдаланса, ҳар бир машғулот турини, касб ва яшаш жойини танлашда, болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларида эр-хотин бир-бирини тушуниб ҳал қилсагина, оила мустаҳкам қўрғонга айланади. 
Дилафрўз ШАКАРОВА,
 туман ФҲДЁ бўлими инспектори.                       
Мавзуга оид: