Мутахассис маслаҳати ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМА КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. У маҳаллий аҳоли тилида "қора ўлим" деб ҳам юритилади. 

Касаллик одамларга асосан майда шохли ва йирик шохли қорамоллардаги каналарни териш, уларни жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида кана чақиши орқали юқади. Иқсод каналарининг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчиси бўлган вируслар бўлади ва кана одамни чаққанда қонига тушади. Ушбу касаллик билан ҳайвонлар касалланмайди ва белгилар намоён қилмайди. Ҳайвонлар касаллик қўзғатувчиси ва ташувчиси (каналар) резервуар бўлиб ҳисобланади. 

Вирус ажратган моддалар натижасида одам қони ивишмайди. Касаллик оғир кечади ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, оқибати нохуш тугаши мумкин.  Касаллик асосан чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгалари: чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жуни қирқимига вақтинча жалб қилинганларда купроқ учрайди. Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларга қисқариши ёки 14 кунгача чўзилиши мумкин. Касаллик ўткир бошланиб, беморнинг тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши, совқотиб, қалтираши, мушаклари оғриши, баданга тошма тошиши, юз, бўйин, кўкрак қисми терилари‚ қизариши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзи ҳолатларда касаллик оғир кечиб, бемордан қон кетиши натижасида ўлим қайд этилади. 

Канани қўлда териш, ўлдириш мумкин эмас. Иқсод каналарини бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ. Улар ниҳоятда яшовчан бўлиб молхона девори тирқишида ўн йилгача оч ухлаши исботланган. Касалликка қарши курашиш учун нима қилиш лозим? 

Қишлоқ ҳудудларидаги якка хўжаликларда чорва молларини сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш ва каналарнинг кўпайишига йўл қўймасликларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Каналарни йўқ қилиш учун уй ҳайвонлари танаси йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар ҳафтада бир марта дезраствор бирикмалар билан махсус ишловдан ўтказилиши лозим. 

Ҳозирги кунда туманимиз ҳудудида хусусий ветеринария дорихоналарида аҳоли хонадонларида парвариш қилиб келинаётиган уй ҳайвонларини ва ҳайвонлар сақланадиган биноларини  декзинфексия ва дезинсексия қилиш учун бир қанча биопрепаратлар мавжуд.  

 Ф.Эргашев,

 туман ветеринария ва чорвачиликни

             ривожлантириш бўлими бошлиғи.