ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ЁЗИШ ТИЗИМИДА БЎЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР ВА ҚУЛАЙЛИКЛАР

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари 01.04.2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди. 

Ҳозирги пандемия шароитида ҳужжатларни расмийлаштиришда бир  қанча қулайликлар яратилмоқда. Жумладан туғилганликни қайд этишда  туғилган ҳар бир чақалоқнинг туғилганлик ҳақидаги маълумотлари туғруқ уйлари томонидан онлайн электрон тарзда киритилиб, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Қайд қилинган ҳар бир туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига  ID - рақам яъни махсус код берилиб, бу код орқали ҳар бир фуқаронинг ҳужжатлари онлайн тарзда электронлаштирилиб ФҲДЁ ягона электрон архив базасига киритилиб борилаяпти.

Никоҳга ариза бериш ҳам онлайн йўлга қўйилган бўлиб, фуқаролар масофадан туриб никоҳга ариза беришлари мумкин. Бунда  фуқароларнинг  вақтлари тежалиб, сарсонгарчиликларнинг олди олинмоқда.

Ўлимни қайд этиш ҳам онлайн тарзда ташкил этилган бўлиб, ҳар бир вафот этган фуқаронинг ўлими тиббиёт бирлашмаси томонидан электрон рўйхатга олиниб, ФҲДЁ бўлимида шу рўйхат асосида қайд этиб борилмоқда.

Ҳужжатларнинг электрон тарзда ёзилиши натижасида ҳужжатлардаги хато ва камчиликларнинг олди олиниб, гувоҳномалар қўлёзма асосида эмас, балки махсус компьютер, принтер  орқали чоп этилмоқда. Бунда ҳар бир ёзув аниқ ва тиниқ ёзилиши мақсадга мувофиқдир.

ФҲДЁ бўлимида мавжуд архив фондидаги китобларнинг ҳар бири ФҲДЁ ягона электрон архив базасига ФҲДЁ архивариуслари томонидан аниқ ва тўғри ёзилган ҳолда борилиши йўлга қўйилган. Бундан мақсад архивда мавжуд ҳар бир маълумотни сифатли сақлаш, фуқароларнинг вақтини тежаш ва керакли маълумотни аниқ ва тезкор вақт оралиғида олиш имконини беради.


Н.АЧИЛОВА,

туман ФҲДЁ бўлими мудираси.