ТАРИХИ УЛУҒ ЮРТ - КЕЛАЖАГИ БУЮК ОҚДАРЁ Темур МАХМУДОВ, Оқдарё тумани ҳокими
Оқдарё тумани - Самарқанд воҳасининг қадимий тарихи, бой маданий мероси ва меҳнатсевар халқи билан алоҳида ўрин тутувчи ҳудудлардан биридир. Унинг тарихи бугунги маъмурий чегаралар билан чекланмай, Зарафшон воҳаси ва Миёқонолнинг кўп асрлик тараққиёти билан узвий боғлиқдир.Археологик тадқиқотлар натижасида туман ҳудудида турли тарихий даврларга мансуб 200 дан ортиқ археологик ёдгорликлар аниқлангани Оқдарё заминида ҳаёт ва маданият қадим даврлардан шаклланганини кўрсатади. Кумушкент, Офаринкент каби қадимий шаҳарлар, тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, муқаддас масканлар ва асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одатлар халқимизнинг бой тарихий хотирасидан далолат беради.
Оқдарё тарихида таълим ва маърифат, деҳқончилик ва ҳунармандчилик, маданият ва санъат, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди алоҳида ўрин эгаллайди. Турли тарихий синовлар даврида ҳам юртдошларимиз ўзининг меҳнатсеварлиги, бағрикенглиги ва миллий қадриятларига садоқатини намоён этиб келган. Айни пайтда туман ташкил этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан «Оқдарё тарихи» китоби тайёрланмоқда.
Мазкур китобда Оқдарёнинг қадимги даврлардан бугунги кунгача бўлган тарихи, ҳудудда кечган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнлар, маҳаллалар тарихи, тарихий шахслар, зиёлилар, ижодкорлар, муқаддас қадамжолар ва моддий-маданий мерос намуналари ҳақида маълумотлар жамланган.
Айниқса, туман тарихини археологик маълумотлар, архив ҳужжатлари, илмий тадқиқотлар, маҳаллий матбуот материаллари ва халқ хотираси билан уйғун ҳолда ёритишга ҳаракат қилингани ушбу асарнинг аҳамиятини янада оширади.
Тарих - халқнинг хотираси. Ўз тарихини билган, аждодлари меросини қадрлаган авлодгина келажакни ишонч билан барпо эта олади. Шу маънода Оқдарёнинг бой тарихини ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.
Мазкур китоб Оқдарёнинг тарихий хотираси, бугунги тараққиёти ва эртанги юксалишига муносиб маънавий манба бўлиб хизмат қилишига ишонаман.
Оқдарё туманининг қадимий тарих тараққиёт йўли сарҳисоб қилинган ушбу китоб барча юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод учун ўз она замини тарихини чуқурроқ англашга хизмат қилсин.
Оқдарёнинг бой тарихи - халқимизнинг фахри, унинг порлоқ келажаги эса барчамизнинг умумий мақсадимиздир.
Мавзуга оид:
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 05 ноя, 15:29
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 07 окт, 14:31
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 30 сен, 14:08
Оқдарё бахшилари
- 25 мар, 15:06
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22



