«ОТАНГГА АҚЛ ЎРГАТМА»…

Бундан анча йиллар муқаддам туман ҳокимлигига келган янги ўринбосар ёш бўлсада ўзини ҳаммадан доно деб билар, йиғилишларда ўзини кўрсатиши учун кўп ваъзхонлик қилар, бу эса кўпчиликнинг энсасини қотирар, бироқ иложсизликдан ўтиришарди.

Бир куни у каминани йўқлади. Хонасига кирганимда қайсидир бир ташкилотнинг раҳбарига «ақл» ўргатар, у ҳам бош чайқаганча маъқулларди. Мени кўриб суҳбатдошига жавоб берди. Кейин эса бизнинг соҳамизга оид мавзуга ўтиб, нима қилиш кераклигини бирин-кетин айта бошлади. Очиғи, у бизнинг соҳамизни яхши билмас, шундай бўлсада, ўзича ўргатишдан чарчамасди.

- Кечирасизу, - дедим унинг гапини бўлиб. - Сизнинг мутахассислигингиз нима?

- Молиячиман, - нимайди?

- Ўзим сўрадим. Халқимизда «Отангга ақл ўргатма», деган мақол бор, эшитганмисиз?

- Ҳа, эшитганман…             

- Эшитган бўлсангиз, яхши, сиз ҳам менга касбимни ўргатманг, нима қилиш кераклигини яхши биламан. Буни эслаб қолишингизни истардим… - дедиму хонадан чиқдим…

Кейинги пайтларда туман миқёсида ишлаётган айрим ёш раҳбарлар ҳам ўзини ақл-заковатда ягона деб билишиб, тажрибали, шу соҳада суяги қотган инсонларга ақл ўргатишмоқда. Уларга қарата: «Отангизга ақл ўргатишни бас қилинг», дегимиз келади.


ЖЎШҚИН.