ЙЎЛАКЛАРДА СОТИЛАЁТГАН ҚОВУН-ТАРВУЗЛАР

Сахий она табиатнинг мўъжизавий инъоми бўлган қовун-тарвузларнинг айни пишиқчилик даври. Ёзнинг чилласида, ҳаво ҳароратининг ҳар йилгидан ҳам юқори бўлган бугунги иссиқ кунларида бободеҳқонларимиз томонидан етиштирилган сарҳил мевалар, айниқса, тилими тилни ёрадиган қовуну, яхдек сувга ташлаб қўйилган тарвузлар чанқоғингизни босибгина қолмасдан, кишига ажиб ҳузур бағишлайди. Беихтиёр, ана шундай ноз-неъматни яратган деҳқонларга, заҳматкаш инсонларга ҳамду санолар айтасан. 
Дарҳақиқат, бободеҳқоннинг меҳнатини, улар томонидан юртимизда етиштирилаётган сарҳил мева ва полиз маҳсулотларини ҳар қанча таърифласанг, инсон организми учун фойдали хусусиятларини санасанг, шунча озлик қилади. Шу боис ҳам бугунги кунда ушбу маҳсулотларнинг олди-сотди савдоси авжига чиққан. Қизиғи шундаки, бозорга кирсангиз, оёқ босишга жой тополмайсизу, лекин ҳар қадамда қовун-тарвуз савдоси: кимдир савдо расталарида, кимдир юк машинасида, кимдир чодирда, кимдир йўлакларда, яна кимдир марказий кўчада...
Бизни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масала ҳам шунда-да: Кимдир йўлакларда, яна кимдир марказий кўчада... Лойиш шаҳарчасидаги марказий Амир Темур кўчасининг "Лойиш деҳқон бозори" қисми йилнинг ўн икки ойида ҳам доимо гавжум бўлиб, турли хил тартибсизликларни юзага келтираётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу ердаги ноқонуний автотураргоҳлар ва киракашлар томонидан юзага келаётган тирбандлик ва тартибсизликнинг ўзи бир муаммо. Негаки, катта кўчанинг ҳар икки томонида тўхтаб турган қатор-қатор машиналар йиллар давомида йўл-транспорт қатновига халақит бераётганлиги ҳам жиддий муаммолардан ҳисобланади. Айни пайтда эса худди шу тирбандликдаги катта кўчага ўзларининг шахсий машиналарини қўйиб, қовун-тарвуз сотаётган савдогарларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан, киши. Ахир, ҳаётинг ўзинг учун азиз бўлмаса, бошқаларни ҳаётига хавф-хатар келтиришинг мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрсанг бўлмайдими? Зарафшон кўчасининг бошидаги пиёдалар йўлакларида ҳам қовун-тарвуз савдоси авжида. Кимдир машинаси юкхонасини очиб савдо қилса, кимдир жазирама иссиқ тушиб турган бетон йўлакларнинг устига қовун-тарвузларини териб, ўтган-кетган йўловчиларни савдога чақириш билан овора. Ахир ҳаво ҳароратининг иссиғида бетонда турган полиз маҳсулотларининг сифатига ким кафолат беради? Йўлакларда савдо-сотиқ қилаётганларни ким тартибга чақиради?
Маҳалла фаоллари, тегишли ташкилот мутасаддилари қачонгача бу каби тартибсизликларни бартараф этишга панжа орасидан қарашади?
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: