"УСТОЗ" ДИЛИМИЗГА ОРОМ БАҒИШЛАДИ

Бизнинг дам олишимиз ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келди. Юртимизнинг барча жойларида ҳаво ҳарорати 40-50 даражада. Аммо, "Устоз" сиҳатгоҳида ҳаво ҳарорати 45 даражадан анча паст. Чунки, бу ердаги боғлар, катта-катта дарахтларнинг сояси, кичик фавворалардан отилиб турган сувларнинг салқин шабадаси инсонга ҳузур бағишлайди. Оромгоҳга кириб келишингиз билан дарвоза олдидаги табиатимизнинг кўрки бўлган қушларнинг ҳайкалчалари, кўм-кўк кўл ва ундаги балиқларнинг сузиб юриши киши диққатини ўзига жалб қилади. 
 Оромгоҳ қабулхонасига кириб борар эканмиз, бизни сиҳатгоҳ бошқарувчиси Ҳабиб ака Қаршиев ва иш юритувчи Дилафрўз Тошмуродовалар хушмуомалалик билан кутиб олишди. Шифокорлар эса тезда қон босимимизни ўлчаб, бизни ётоқхонага йўллашди. Хоналарнинг тоза ва озодалаги, салқинлиги, дам олиш учун яратилган барча шарт-шароитларни кўриб бениҳоя хурсанд бўлдик. Каттакон "тефал-термос"да қайнаб турган чойдан бир пиёла ичиб, чарчоқ ва чанқоғимизни қондириб, бироз дам олдик. 
 Шундан сўнг сиҳатгоҳга ташриф этган ҳар бир киши ўз дардига шифо топиш мақсадида шифокор Камол ака Исмоиловга учрашиб, зарур муолажаларни ёздириб, бирин-кетин муолажа хоналарига мурожаат қилишади.
Сиҳатгоҳда даволаниш жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, бу маскандаги қўли эм, сўзи ширин шифокорларнинг қабулига кирар экансиз, уларнинг даволанувчиларга қилган муомаласига ҳавасингиз келади. Бу ерда даволаниш терапиясида фаолият кўрсатаётган Садоқат Султонова, Маҳлиё Мамадиёрова, Сетора Бахтиёроваларнинг чаққонлиги, хушмуомаласи, ўз касбини жон-дилдан адо этишидан гўёки,  тез орада дарддан фориғ бўлгандай кўнглингиз роҳатланади. 
Ҳар бир инсонга, айниқса, қарияларнинг юрагига "Кислород" қуйиш билан қувват бағишлаётган Мақсуда опа Қурбонова ҳар куни 100-120 нафар беморни хушмуомалалик билан қабул қилади. Ҳамиша жилмайиб туриб, беморлар қалбига жон бағишловчи бу шифокордан миннатдор бўлган даволанувчилар у кишига ҳам сиҳат-саломатлик тилаб, дуо қилишади. Сўнгра эса замонавий даволаш аппаратларидан УВЧ муолажаларини олиш учун Феруза Маматқулова, Ойша Тўрамқулова, "Электрофарез" да фаолият кўрсатаётган Феруза Ҳамраеваларнинг муолажаларидан баҳраманд бўлишади.
Кунлик муолажаларини олиб, бироз дам олган даволанувчилар белгиланган вақтда ошхонага йўл олишади. Бош ошпаз Исроил Бердиёров, ёрдамчи ошпаз Зебо Тешаева, диетҳамшираси Дилдора Саломова, ошхона ишчилари Нодира Аҳадова, Райҳона Омонуллаеваларнинг мазали, тансиқ ҳамда парҳезбоп таомларидан тановвул қилишиб, беминнат хизматларидан баҳраманд бўлишади.
Яхши дам - меҳнатга ҳамдам деб бежизга айтилмаган. Оромгоҳда фаолият кўрсатиб келаётган маданият ходими, кўп йиллик хизматлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлган Исмоил ака Машрабов туманимиз халқига хизмат қилиб келаётган санъаткорларнинг чиқишларини ташкил қилиб, барчага завқ бағишлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, "Устоз" сиҳатгоҳида республикамизнинг барча вилоят ва туманларидан ташриф этган кишиларни учратиш мумкин. Булунғурлик Тўтигул Маматова, қашқадарёлик Маҳбуба ая, Каттақўрғондан Тожинор Ибрагимова, Самарқанд шаҳридан Олия Шокирова, туманимизнинг Кумушкент қишлоғидан Қаҳрамон Қаршиев, Олчин қишлоғидан Бибиражаб Мухторова, Даҳбед МФЙдан Хадича Турсунмуродова, Муҳаббат Саидовалар оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар ва кўрсатилган хизматлардан миннатдор эканликларини айтишди.

Дарҳақиқат шундай. Сиҳатгоҳда яратилган шарт-шароитлар, кишиларга кўрсатилаётган сифатли муолажа хизматлари, ўзига хос табиати, иқлим шароити ва гўзал манзараси билан бу маскан бугунги кунда республикамизнинг барча вилоятларидаги юртдошларимизни ўз бағрига чорламоқда. Бу ерда яратилган боғ-роғлару, ундаги ҳил-ҳил пишган меваларини тановул қилиб, роҳатланасан киши ва ушбу боғни яратган сахийқалб боғбонларга минг бора раҳматлар айтасан. Боғлардаги ноёб товусларнинг товланиши, сайраши эса киши қалбини ҳаяжонга солиб, ўзгача завқ-шавқ бағишлайди. 
Хуллас, "Устоз" сиҳатгоҳида фаолият кўрсатаётган қўли эм шифокорлар, меҳридарё ҳамширалар ва хизматчилар, ширин таомлар устаси бўлган ошхона пазандаларига ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Халқимизга беминнат хизмат кўрсатишдек эзгу мақсад йўлида асло ҳориманг, деймиз. 
Зулфия ПЎЛАТОВА,
                                         Даҳбед шаҳарчаси.
Мавзуга оид: