БАХТИМИЗГА ОМОН БЎЛИНГ, ШИФОКОРЛАР

Бутун ер куррасини эгаллаган коронавирус пандемияси минг афсуски, мамлакатимизга ҳам кириб келиб, халқимиз таҳликали ва синовли дамларни  бошидан ўтказмоқда. Юртбошимиз томонидан эса бу касалликка қарши курашиш, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш борасида жуда катта кўламдаги ишлар олиб борилаётганлиги, ҳамма нарсадан ҳам эл соғлиги, инсон ҳаёти муҳофазаси биринчи ўринда туриши қайта-қайта таъкидланиб, бу борада барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Шундай бўлсада, бу кўринмас ёв инсонлар билан ёнма-ён юрганлиги, ҳар қадамда инсон ҳаётига хавф солиши мумкинлигини ўзим ҳам касалликка чалинганимдан сўнг яна бир бор ҳис қилдим. Негаки, қатор йиллардан бери мактабгача таълим соҳасида раҳбарлик лавозимларида келажагимиз ворислари бўлган жажжи болакайларимизга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифани бажарар эканман, бу касалликнинг инсон ҳаётига не чоғли таҳдид солишини бошимдан ўтказдим. Сентябрь ойининг охирларида коронавирус касаллигига чалинганимни билиб, уй шароитида беш кунгача даволаниб ётдим. Тўғрисини айтсам, оила-аъзоларим тумандаги “Юқумли касалликлар” бўлимида даволанишим лозимлигини, мутахассис шифокорлар тезда дарддан фориғ бўлишимга ёрдам беришини айтишсада, касалхонага ётишдан қаттиқ чўчидим: “Туманда ётиб даволаниш учун етарли шарт-шароит бўлмаса керак”, деб иккиландим.

Лекин, касаллик борган сари кучайиб, ҳаётим хавф остида қола бошлагандан сўнг, касалхонага ётишга мажбур бўлдим. “Юқумли касалликлар шифохонаси”га ётган кунимдан бошлаб бош врач Жомурод Маматқулов, даволовчи шифокор Қамариддин Абдусаломовлар зудлик билан муолажани бошлаб юборишиб, дардимга даво топишди. Тезда соғая бошладим ва бу шифохонада халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, қўли эм шифокорларнинг бор имконият ва билимларини ишга солиб, беморларни дардига дармон бўлаётганларидан, оилам бағрига соғ-саломат қайтганимдан  кўнглим тоғдек кўтарилди. 

Ўз касбига садоқат билан ёндошаётган оқ халатли шифокорлар бош врач Жомурод Маматқулов, даволовчи врач Қамариддин Абдусаломовлар билан ёнма-ён туриб, инсон соғлигига соғлик, умрига умр қўшишдек эзгу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилаётган медицина ҳамширалари Нигора Ғаффорова, Гулида Ботирова, тиббиёт ходимларидан Наргиз Рустамоваларга ўзим, оила аъзоларим, қолаверса, барча тумандошларим номидан чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Инсонлар саломатлиги йўлида асло чарчаманг, халқимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар.

Дилфуза ҚУРБОНОВА,

                            25-ДМТТ директори, туман кенгаши депутати.