Ёмонликдан қайтариш ЎЙИНЛАРДАН ЎТ ЧИҚМАСИН

Бугун тижоратчилар орасида танишларимиз кўп. Улардан ҳалол касб қилаётганлари ёки фақат мол-дунё учун елиб-югураётганлари, савоб умидида ёшларни илму камолотга, касб-ҳунарга ўргатиб, манфаатли бўлаётганлар ҳам бор. Айримлар эса компьютер ўйинхоналари ва интернет клублари ташкил этиб, пул топяпти. 
Бугун бундай хизматлардан асосан ўқувчи-ёшлар, кўнгил очиш учун фойдаланади. Аксарият ҳолларда бу масканларда бақир-чақир, ҳақоратли овозларга тўлиб кетади.
Аслида компьтер ўйинлари ўйнаш жоизми? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берганлар.
"Агар ўйинлар ҳалол бўлса, топилган пуллар ҳам ҳалолдир. Агар акси бўлса, пул ҳам ҳаром бўлади. Ҳолбуки, бугун компьютер ўйинлари турлича. Ваҳшийликни тарғиб қиладигани ҳам, яхшиликни тарғиб қиладигани ҳам бор. Бу ўйинлар шариатга хилоф нарсалар бўлса, албатта ҳаром бўлади. Ўйинлар зеҳнни чархласа, исломий таълимотлар, одоб-ахлоқ, сабр-матонат, сахийлик ва гўзал инсоний фазилатларга хизмат қилса, бу, албатта, яхши. Шунингдек, ўйин орқали компьютерни ўрганиш ва келажакда ундан катта манфаатлар йўлида фойдаланиш қобилиятини   шакллантириш мақсад қилинган бўлса, жоиз. Лекин ўйинларда шариатга хилоф нарсалар бўлса, илм ўрганишни, намоз-ниёзни эсдан чиқариб, Аллоҳнинг зикридан чалғиш бўлса, бу жоиз эмас. 
Яқинда маҳалламиз гузарида китоб ва ўқув-ёзув қуроллари дўкони очилди. Бу маҳалла аҳлига манзур бўлди. Аммо унинг фаолияти узоққа бормади: икки-уч ой ўтар-ўтмас ёпилди. Сабаби, савдо юришмади: на китоб сотилди, на ўқув қуроллари. Дўконни бошқа бир тадбиркор компьютер ўйинлари марказига айлантирди. 
Бугунги ёшларни китобдан кўра кўпроқ комьпютер қизиқтиради. Кечагина туғилган гўдак ҳам қўлидан смартфонни қўймай, ўйин ўйнайди. Бироз улғайса, бу қурилмага муккасидан кетишни бошлайди. 
Маҳалладаги ўйинхона ҳам ҳар доим болалар билан гавжум. Кечаси ҳам, кундузи ҳам фарзандини қидирган ота-она ёки дарсга кирмаган ўқувчини ўқитувчи шу ердан топади. Вояга етиб, ақлини таниган ёшлар ҳам шу ерда тўпланади. Энг ёмони, айрим болалар ота-онасидан яширинча, уйидан пул ўғирлаб шу ерга қатнайдиган бўлишди.  
Бундай интернет клублар, компьютер ўйинхоналари республикамизнинг ҳар бир маҳалласида учрайди. Афсуски, бу даргоҳлар гоҳида мудҳиш воқеалар сабабчисига ҳам айланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги    компьютер клубида 10-синф ўқувчиси клубда содир бўлган жанжал туфайли вафот этган. Бундай воқеалар яна содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бер олмайди.
Четдан қараганда, бола дарс-дан чиқиб, бироз ўйин ўйнаб чалғигани яхшидир. Бироқ унинг меъёрини мур-ғак жон   билармикан?! Ёшлар ўйнаётган ўйинларга эътибор берсангиз аксарияти жангарилик, ваҳшийликни тарғиб қилади. Бу эса унинг руҳиятига ҳам таъсир қилиб юқоридаги каби фожиаларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. 
Бундай ўйинхоналардан тадбиркорлар яхшигина даромад қилар, аммо қанчалаб ёшларнинг умри, вақти зое кетмаяптимикин?! 
Динимизда киши ёшлигидан вақтдан унумли фойдаланиб, илм талабида бўлишга кенг тарғиб қилиниб, ота-оналардан фарзандининг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Бу ҳақда Имом ўаззолий бундай дейди: "Бола тарбияси энг муҳим ишдир. Чунки фарзанд ота-онага омонатдир. Бола қалби пок, нозик содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик узра вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси ҳам, муаллимаси ва унга   тарбия берганлар ҳам шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу йўлга сол-ганларнинг ва ота-онанинг зиммасига юкланади". 
Шундай экан, ота-оналар болаларини доимо назорат қилиши ва уларга вақтдан унумли фойдаланишни ўргатиши, илм ва яхшилик йўлида бўлиши кераклигини англатиш лозим. Айниқса, бугун интернет ва ижтимоий тармоқлар, турли ўйинлардан тўғри фойдаланишни ўргатиш ҳам ҳар бир ота-онанинг фарзанди олдида турган бурчидир. 
Қолаверса, бугун барча ҳудудларда турли йўналишларда ўқув марказлари очилиб, ёшларнинг илм эгаллашларига шарт-шароитлар яратилмоқда. Шулар қатори маҳалаларда фаолият юритаётган компьютер ўйинхоналарини ҳам болаларга IТ йўналишида таълим берадиган марказларга айлантирсак, юртимиздан қисқа вақт ичида минглаб дастурчи, IТ мутахассислари етишиб чиқарди, иншааллоҳ. Қолаверса, болалар беъмани ўйинларга сарфлаётган вақтини фойдали машғулотларга йўналтиради. Бундан ота-онасига ҳам, ўзига ҳам, шу билан бирга, комьпютерхона ишчиларига ҳам савоб ёзиларди. Энг асосийси, жамиятимизнинг янада тараққий этишига хизмат қилиб, ўйинлар ўт чиқиб, фожиларга сабаб бўлмасди. 
Бобур МУҲАММАДИЕВ.  
Мавзуга оид: