Суд залидан 400 АҚШ ДОЛЛАРИГА БОЛАСИНИ СОТГАН ШАХС ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Судланувчи Мансурова Гулрух 2020 йил 4 сентябрь куни соат 18:00 лар чамасида Қўшработ тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, ўзига ижтимоий жиҳатдан қарам бўлган, ожиз аҳволдаги 2018 йил 31 июль куни туғилган вояга етмаган фарзанди Мансуров Фаррухни 18 ёшга тўлмаганлигини билган ҳолда, уни Қўшработ тумани, "Булоқбоши" маҳалласи ҳудудида Қўшработ тумани ИИБ ходимлари томонидан тадбирга харидор сифатида жалб қилинган "А" ва "Н" исмли шахси ошкоралаштирилмаган шахсларга фарзандликка 400 АҚШ доллари ва 950.000 сўм эвазига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Мажидова Гулрух ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни баёнот берди. 
У 2017 йил октябрь ойида Жомбой тумани, "Тут" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, "Тут" қишлоғида яшовчи 1987 йилда туғилган Ашуров Ғулом билан шаърий никоҳ асосида оила қуриб, Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб келган. 2018 йил февраль ойида турмуш ўртоғи Ғ.Ашуров билан ўзаро оилавий жанжал сабабли уйига Жомбой тумани "Сарой" қишлоғига кетади. Лекин у ўз уйидагилар билан ҳам келишиб яшай олмасдан яна Самарқанд шаҳрига қайтиб бориб, ижара асосида уй эгаси Ўктам билан истиқомат қилиб келади. 2018 йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳри, "Кимёгарлар қўрғони"да товуқ фермада ишлаган вақтида, Оқтош шаҳрида яшовчи 40-45 ёшли Баҳодир исмли шахс билан танишиб, у билан ишлаган вақтида вояга етмаган ўғли борлигини, оилавий шароити тўғри келмасдан яшашга уйи ва боқишга моддий имонияти йўқлигини айтиб, фар-  зандликка оладиган оила бўлса, ўғли Фаррухни сотиб юборишини айтади. 
Орадан вақт ўтиб, 25.08.2020 йилда унга телефон орқали қўнғироқ бўлиб, ўзини "Темур" деб таништирган йигит  унга Баҳодир исмли танишидан телефон рақамини олганлигини, унинг 2018 йилда туғилган фарзанди Фаррухни сотиш мақсади борлигини сўрайди. 2020 йил 3 сентябрь куни соат 11:00 лар атрофида Гулрух "Темур" билан Каттақўрғон шаҳрида учрашади. Қўлида вояга етмаган фарзанди Фаррух ҳам бўлиб, кейин "Темур" билан биргаликда, Қўшработ туманига бориб ЙХҲБ масканидан чап томондаги ошхонага кириб овқатланишади. Ошхонага ўзларини "Азиз" ва "Нигора" деб таништирган эр-хотин келишади, улар унга 10 йилдан буён фарзанд кўрмаётганликларини, агар берса ўғлини сотиб олиб яхши шароитда боқиб, катта қилишларини айтишади. Гулрух уларга эртага келиб яшаш шароитларини кўргандан сўнг, фарзанди Фаррухни ташлаб кетишга келишади. 2020 йил 4 сентябрь куни соат 12:30 лар атрофида Қўшработ тумани, "Мустақиллик" маҳалласидаги автошоҳбекатга таксида ўғли Фаррух билан келган Гулрухни "Темур" кутиб олади ва шу ерга "Азиз" ва "Нигора" ҳам етиб келишади. Улар биргаликда "Самарқанд" кафесига кириб овқатланишади. "Азиз" ва "Нигора" Гулрухдан фарзандини неча сўмга сотишини сўрашганида, уларга кўнглидан чиқариб пул беришини айтади. Шундан сўнг уларни уйини кўриш учун Қўшработ тумани, "Булоқбоши" маҳалласида жойлашган намунали уйларга боришади. Уларни шароити яхши эканлигини кўрган Гулрух "Азиз" ва "Нигора" исмли эр-хотинга фарзанди Фаррухни 400 АҚШ доллари ва 950.000 сўмга сотиб, пулни санаб олиб уйдан чиқиб кетаётган вақтида Қўшработ тумани ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.
Судланувчи Мансурова Гулрухга Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг "а" банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
И.ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.