“НАВНИҲОЛ”да қалами чархланганлар


Самарқанднинг қон томири бўлган Зарафшон  ўзининг жуфт  ирмоғи,  иккала қўли – Оқдарё ва Қорадарё билан Миёнкол ерларини  бағрига босиб тургандек, гўё,  Жайҳун, Сайҳун, Орол билан сирлашаётгандек, кўз ўнгимизда тарихий, мўъжизавий харита кашф этади. Бу азим тупроқда Ал Бухорий, Махдуми Аъзам, Абдулла Ансорий, Шоир Вола, Тоҳир ва Зуҳра, шоир Амин Беҳбудий, Сўғдийлар, Миёнколийларнинг, замондош устоз шоирларимиздан Суръат Орипов, Гулжаҳон Абдураҳмонова, Рустам Аминов, Раҳмонберди Облоқулов, Тошназар Тўғизбоев, Ниёзхон Алиевларнинг  муборак излари бор.

Таъкидлаганимиздек, буюк аждодларимизнинг ворислари бўлган, Оқдарё туманида яшаётган истиқлолимизнинг фаол курашчилари, мустақиллик йил-ларининг ҳар жабҳасида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз ўз истеъдод ва иқтидорларини, тадбиркорликларини турли соҳаларда намойиш этмоқдалар. Аммо, шундай бир оллоҳ берган истеъдод эгалари борки, улар турли касб соҳиблари бўлишига қарамай, ўзларининг истеъдод ва иқтидорлари, умрлари-ю,чеккан заҳматли , шарафли меҳнатлари билан  Ватанга садоқат, эл-юрт бахтини куйлагувчи, тараннум этгувчи мангу абадий сиймоларга  айланадилар.   Инсоният яралибдики, Ватан меҳри, халқларнинг  бахт-саодати, орзу ва армонлари   адабий ижодда, назм ва навода, насрда акс этиб келмоқда. Ана шундай буюк анъанани Оқдарё халқининг бугунги авлоди, ёш ижодкорлари ҳам юксак шижоат билан давом эттирмоқдалар. 

Туманимизнинг “Оқдарё овози” газетасида “Навниҳол” ижодкор ёшлар клубининг жўшқин фаолияти  ўзининг қарийб ярим асрлик мазмунли, шарафли тарихига эга. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида  узвий давом этиб келаётган ижодкорларимизнинг бу даргоҳи ҳамиша ёшлар билан гавжум. Бугунги кунда “Навниҳол”да қалами чархланган, мамлакатимиз миқёсида турли соҳаларда ишлаб, ижод қилиб, халқимиз ҳурматига лойиқ деб топи-лаётган шоир ва ёзувчиларимиз бизнинг фахримиздир. Орзиқул Эргашев, Тоҳир Долиев, Зарбуви Алқарова, Дилдора Мардиева, Нурилла Нарзуллаев, Кубарро Баҳромова сингари тумандошларимиз истиқло-лимизнинг маънавият ва маърифат, тарих ва келажак истиқболларининг равнақи йўлида самарали ижод қилмоқдалар.

Айни пайтда туманимизда яшаб ижод қилаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ойгул Маматова, ва фаол ижодкорлар Фарҳод Рўзиев, Наврўз Ҳасанов, Аслиддин Файзиев, Назар Абдураҳмонов,  Фазода Файзиева, Абдуғани Исмоилов, Гулсара Тинибекова, Саодат Аҳмедова, Нигора Шукурова, Хадича Қобилова, Меҳрибон Ҳақбердиева ҳамда Чарос Қурбоноваларнинг номларини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Чунки улар баракали ижод қилиш билан бир қаторда ёшларга таълим-тарбия беришда, ижод сабоқларини ўргатишда бош-қош бўлмоқдалар.

“Навниҳол” ижодкорлари яна бир хайрли ишни давом эттирмоқдалар, ўз ташаббуслари билан туманимиз ижодкорларининг   асарларини жамлаб, “Оқдарё баёзи” китобини йиллар давомида босқичма-босқич нашр эттириб келмоқдалар. 2012-2014 йилда биринчи, иккинчи баёз китоби нашр этилди ва юзга яқин ижодкорларимизнинг бадиий ижод намуналари ушбу китоблар орқали тарих зарварақларида ўз изини қолдирди. Ёш ижодкорларимиз, умидли қалам соҳибларидан  Гулҳаё Аббосова, Улуғбек Мирзаев, Чўлпоной Аҳмедова, Вилоят Холиқова, Малика Толлибоева,  Умида Абдувалиева, Фарангиз Баҳромова, Шалола Ҳайдарова ва бошқа ўнлаб шогирдларимиз олий ва ўрта махсус ўқув даргоҳларида таҳсил олиб, халқимиз бахт-саодати йўлида ишлаб, ижод қилмоқдалар.  Ушбу ўқув йилида Кумуш Абдураззоқова, Зебо Қиличова, Ситора Абдураҳмонова каби клубимиз аъзолари энг юқори тест натижалари асосида  олий адабиёт ва таълим масканларига талабаликка қабул қилиндилар.  Бугунги кунда “Навниҳол” ижодий клубининг аъзолари ишти-рокида “Оқдарё баёзи”нинг учинчи китобини тайёрлаш ишлари давом этмоқда. 

“Навниҳол” клуби аъзоларининг ташаббуси билан чоп этилган “Оқдарё баёзи” китоблари ҳамда “Оқдарё фарзандлари” номли уч қисмдан иборат тарихий   рисолаларнинг туманимиз халқи, китобхонлари орасидаги тарғиботи ҳамда тақдимот тадбирлари алоҳида эътиборга сазовордир. Мактабларимизда, маҳалла ва ташкилотларда ўтказилаётган учрашувлар, шеърият кечалари, китобхонлик давраларида халқимиз ўз юртдошлари ҳамда  фарзандларининг Ватан ва бахт-саодат, миллатимиз шон-шарафи  ҳақидаги шеърлари, асарларини эшитиб қалбларида фахр ва ифтихор туйғуларини туйиб, ижодкорлардан ва истиқлолимиз яратган бундай қулай-ликлардан мамнун бўлмоқдалар. 

Оқдарё ижодкорлари нафақат ижод билан балки, туманимиз тарихини ўрганиш, хотира ва тарихий китоблар ёзиш, нашр этиш ва ободончилик ишларида ҳам иштирок этмоқдалар. Комил Пардаев, Жамол Исроилов, Нодир Мирзаев, Насриддин Аслиевларнинг китобларида Миёнколимиз ҳақидаги  қадимдан то ҳанузгача бўлган тарихий маълумотлар жой олган. Ойгул Маматованинг Ўзбек халқ достончилигини ривожлантириш саъй-ҳаракатлари, “Менинг Тож-Маҳалим” китобида талқин этган  ғоя ҳамда  лойиҳаларининг аҳамияти  республикамиз олим ва адабиётчиларининг, ҳукумат раҳбарларининг  эътибору, эътирофини ўзига жалб этди. Муаллиф дунёга машҳур, ўзбек халқ ижодининг дурдона асари бўлган “Тоҳир ва Зуҳра” достони ва асар қаҳрамонларининг тарихий шахслиги, яшаган юртлари ҳамда қабристонлари ҳақидаги мунозарали баҳсларга жавоб бўларли маълумотлар ва илмий далиллар билан республика матбуоти, радио ва телевидениеларида қатор мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил этди. Туманимизнинг “Қоработир” қишлоғида жойлашган, илмий манбаларда айтилишича 1500 йиллик тарихга эга бўлган “Тоҳир ва Зуҳра” қабристонида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бундай ибратли ва хайрли ишларга бош бўлиб, қатор йиллардан буён  туманимиз адабиёт ихлосмандларининг “Навниҳол” ижодий клубига раҳбарлик қилиб келаётган жонкуяр ижодкоримиз,  хотин-қиз адибалар ичида биринчи романнавис аёл, “Жаннат қуши” романи, “Дарвеш аёл” номли шеърлар тўплами, “Ўлик шоҳ” трагедияси, достон ва бошқа бадиий-публицистик асарлар, мақолалар муаллифи Ойгул Маматова ўз билими ва имкониятларини ижодкор ёшлар келажаги учун замин яратишга, туманимиз тарихи ва адабий муҳитини ўрганишга ҳамда юксалтиришга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бадиий ижод соҳиблари билан бир сафда газетамиз қошида Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган  давлат гранти ғолиби –  “Давлат дастурлари ҳаётга!” номли лойиҳамиз асосида ташкил этилган “Жамоатчи мухбирлар мактаби” ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. 

Биз туманимиз ёш ижодкорларининг бадиий адабиёт соҳасидаги  илмлари  ва журналистик маҳоратларини ошириб, замонавий услуб ва анъаналар асосида истеъдодларини  намоён этаётган “Навниҳол” адабий клубининг аъзоларига ижодий баркамоллик тилаймиз. Ижодкорларимиз Оқдарё халқининг ҳаёти, ютуқ ва имкониятлари, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳатларнинг кўлами, муаммо ва ечимларини ўз қаламларида мадҳ этиб, ватанимиз маданий тараққиёти, қолаверса, дунё тамаддунида катта муваффақиятларга эришишларида тилакдошмиз.


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.