СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ

(қисса)
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
- Холбибига ҳеч нарса қилмадими?-    дедим.
- Сени ҳимояга олган Холбиби улардан бақувватини кўкрагини олиб шундай зарба бердики, аблаҳ безори бетон латок ариққа орқаси билан гурс тушиб, бетон латокни бўртиб чиқиб турган арматураси орқа қовур-ғасини тешиб тан жароҳати етказган экан. Кечаси жуфт-жуфт бўлиб сени излаб шаҳардаги изламаган шифохона қолмади. Хайрият топдик. Ҳозир хабар қилдик, шу ердалигингни. Етиб келишади.
Шу пайт ҳамшира жонлантириш хонасидан иккита сумка олиб келди.
- Мана бу сумкалар сизга тааллуқли,-деди ҳамшира. Бу сумкани бири меники, иккинчиси Холбибиники.
Бир зумда ҳамма талабалар тўпланишди. Аммо улар орасида Холбиби йўқ эди. Кўзларим уни излайди. Чидаб туролмадим. Холбибини сўроқладим. Орага жимлик тушди. Ҳеч ким тезда жавоб бермади. Кечаги хунук воқеа кўз олдимга келди. Улардан такрор сўрадим. Талабалардан бири Холбибини ички ишларга олиб кетганини маълум қилишди. Акбар исмли талаба:
- Холбибини яхши кўришингни барчамиз биламиз. Агар Холбибини чин кўнгилдан севсанг уни бизга айтганларини бажаришинг керак.
- Нима деди, Холбиби?
- Сени қишлоққа жўнатиб юборишимизни илтимос қилди. Биласан, бу иш анча чўзилади. Биз эса уни ёнида бўламиз.
- Йўқ, ҳеч қаёққа кетмайман. У нима хатолик қилдики ички ишларга олиб кетади. Уни қамаш керак бўлса мениям қамашсин.
- Тушун, Зокиржон! Бу бизга боғлиқ бўлганида эди осонликча уни бериб қўймасдик. Аниқлашади, сўнг қўйворишади.
- Чучварани хом санабсизлар. У ерга аср тушган осонлик билан озод бўлмайди.
- Сен асабийлашсанг Холбиби хафа бўлади,- деб гапга аралашди қизлардан бири.
- Қилғиликни ўзлари қилиб бир бечорага қилғиликни ағдариб қўйишса-чи?!...
- Хавотир олма Зокиржон, биз ҳам ано- йилардан эмасмиз,- деди факультет сардори. 
Зокиржонни ўйлари тўғри чиқди. Касалхонада  ётган безори дастлабки терговда тескари кўргазма бериб ўзини айбсиз кўрсатди. Унинг онаси зўрлар тоифасидан экан, зўрлигини кўрсатди. Экспертиза хулосасини қойиллатиб расмийлаштирди. Дастлабки терговда гувоҳ тариқасида иштирок этаётган талабалар ҳақиқий бўлган воқеани изоҳлаб кўргазма беришди. Лекин ҳақ эмас зўрники тегирмон тошини айлантирадиган бўлди. Зўрнинг иддаоси терговчига далда бўлди. Қараса қаршисидаги "айбдор"кимса мўмингина, бўйнига қанча юк юкласанг жоним демай индамай турибди. Терговни силлиқлаштириш ҳаммасиданам яхши. Лекин кўнгилдаги иймон ва виждон кечинмалари бир кун келиб ёқангдан маҳкам тутганида зўрнинг тегирмонида сув юрмай қолиши, ойлаб ва йиллаб дил хиралигидан бошқасига ярамаслигини етти ухлаб тушида кўрмаса керак, терговчи...
Холбиби меҳмон олдида дастурхонни камтарона ёзди. Меҳмон билан эрининг суҳбати маромига етгунича лаганга ош сузилиб дастурхонга тортилди.
- Меҳмон ака! Унчалик ўхшамаган бўлса, айбга эрк бермайсизда. Шаҳарликлар бизга қараганда пазанда...
- Ўзингизни камтарликка олманг. Ошнинг ҳидидан бошқаларни ортда қолдирадиган кўринасиз.
- Сизлар бемалол таомлашаверинглар. Мен капада...
Таом ростакам таом эди. Турғун Холлиев шунча шаҳар кезиб турли таомлар билан ошно бўлиб бунақасини кўрмаган эди. Мақтовиям шунга яраша бўлди.
Дастурхон ўз хизматини қилиб бўлди. Холбиби кўрпачанинг бир четида омонатгина ўтирди. Турғун Холлиев суҳбатни ҳокимнинг Холбибига қилган сифатларидан бошлади.
- Анчагина маломатга қолган экансиз,  синглим.
- Пешонага ёзилганидан чекиниб бўлмас экан. Бир нарса сабаб бўлади-ю, ҳодиса рўй беради...
- Наҳотки ўзингизни ҳимоя қилолмагансиз. Ҳимоячи ололмадингиз-ми?..
- Уларнинг ўзларини ҳимоячиси бор экан. Мен эса олий даргоҳни битирганим билан ҳаётий тажрибага эга бўлмаганман. Бунинг устига қишлоқдан чиққан бир тўпори қиз бўлсам. Терговчи билан адвокатнинг  сўзлар амал экан. Терговчи оппоқ қоғозга имзомни қўйдириб,- хафа бўлманг, бу ёғига ўзим сизга ёрдам бераман,- деб ўзи билганича ҳужжатлаштирган экан. Мен адолатли иш юритишни ҳар иккисининг виждонига ҳавола қилгандим. Афсуски иш юритилган ёзилмаларда ҳақиқат мендан юз ўгирган экан. Инсофсиз терговчи бўйнимга анча-мунча жазо юкларини илиб қўйган экан. Ҳаром луқма ўз кучини кўрсатар экан. Мен эса ҳақиқат ва адолатни шунчаки  дилимда тугиб юрган эканман. Унга эришмоғинг учун нарвон керак экан. Афсуски менда бундай нарвон йўқ. Ўша терговчи томондан бўрттирилган айбномага иқрор бўлишдан ўзга чорам йўқ эди. Баъзан ортиқча ишонч ҳам кишига панд бераркан.
- Шаҳарлик безорилар билан муштлашиш воқеаси ҳамон эсингизда бўлса керак.
- Ҳа-а, эсимда. Буларни қаёқдан била қолдингиз? Холбиби ичида: "- Бу воқеаларни ўзим ва Зокиржондан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳокимбобонинг эса бу воқеалардан хабари йўқ эди. Унда қаёқдан билди?"-деган ўйларга борди. Турғун Холлиев сирни фош қилмади.
- Кўзларингиз ҳаммасини сўзлаб турибди.
- Яхши психолог экансиз.
- Журналист психологияни яхши ўзлаштириб олмаса замондан орқада қолиб кетади. Қолаверса қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини юз кўринишидан, кўзларидан уқиб олиши керак. Факультетда устозларимиз бизга ана шундай сабоқ беришган.
Бу суҳбатдан Холбибининг достони очилиб қолди. У кимгадир юрагидаги тугунни ечиб кўрсатиши керак. У шундай қилиш лозимлиги қарорига келди.
- Ўша кеча битирувчи биз талабалар ширингина давра қуриб бахтли кунларимиз нашидасини кўраётган эдик. Бизга мутлақ нотаниш бўлган уч нафар йигитлар кафега кириб олиб қилиқ қилишди. Йигитларимизга ўтказиб юборишди. Йигитларимиз ано-йилардан эмас эди. Безориларни кўчага чиқариб қўйишди. Жанжал бошланди... Зўравонлар йигитларимиздан олтитасини ерга ётқизиб ташлади. Қарасам улардан бақалоғи Зокиржонга ташланаяпти. "-Унга қўл кўтарма. Касали бор!",- дедим бақириб. У сўзимга қулоқ солмай ҳужумга ўтди. Чидолмадим, кўкрагини нишонга олиб оёқ жангини ишга солдим. У бақалоқ йўлакдаги бетон латок ариқчага чўзилди. Инграниб ор-қасини кафти билан маҳкам босиб қолди. Шу пайт қаёқдандир машина ёнимизга тўхтади. Ичидан тўрт-беш милиция формасидаги йигитлар тезкор ҳаракатга тушишди. Ҳамма ҳар томонга тарқаб кетишди. Ёлғиз мен, Зокиржон ва безориларнинг латок ариқчада инграниб чўзилиб ётган бақалоғи турарди. Шу пайт Зокиржонни тутқаноғи хуруж қилиб қолди. Милиция формали йигит тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилди. Тез тиббий ёрдам машинаси Зокиржонни, иккинчи тез тиббий ёрдам машинаси бақалоқни олиб кетишди. Мени эса милиция бўлимига олиб келишди. Ишинг милицияга тушмасин экан... Ноҳақлик йўлида қилган ишим зона билан якун топди. Бу ёғини тушуниб олаверинг.
- Орқангизда турадиган соябонингиз йўқмиди?
- Бор! Лекин қишлоқдагилар бироз лоқайд бўлишади. Уларни безовта қилгим келмади. Ўзимни ҳақман деб ўйлагандим. Мен ўйлаганчалик ҳақ иш бўлмади. Латок ариқча бетонни синиқ жойида бўртиб турган арматура йиқилганида орқасига жароҳат еткизган экан. Судгача боришди, онаси шаддот аёл экан, даъвони кучайтирди. Ҳатто судьяга ҳам босим ўтказди...
- Ҳақ-ҳуқуқингиз учун курашмадингизми?
- Ким билан, орқаси зўрлар биланми?! Ундайлар билан курашиб бўлмайди. Инсонни бўкиш йўли кўп... Яхшиси бу ёғига ими-жимида иш юргизиш керак. Ақлни ишга солмасанг, балони каттароғига учрашинг тайин. Камбағалга тортишиш ортиқча ташвиш келтиради. Ташвиш тортсанг тор кўнглингга қил ҳам сиғмас экан. Зонада одобим яхшиларга ошно қилди. Менга у ердаги ҳаёт жасоратли ва ҳақ йўлида тўсиқларни йиртиб ўтишга чорлади...
- Ёшлик чоғингизда ҳаёт зарбасига учрабсиз. 
- Начора, пешонада ёзилганида...
- Ҳаммаси ортда қолибди. Бу ёғи ҳаётингиз ўз қўлингизда. Ниятларингизни ўзингидан эшитсам. Ҳокимнинг сўзларини қўл меҳнатингиздан кўраяпман. Дарё ўзанидаги ташландиқ ер майдонини ўзлаштириб юртимиз хазинасини бойитишдаги хизматингиз миннатдорчиликка арзийди.
- Мана ҳозир гувоҳи бўлдингиз бир сотих ерга бодом уруғидан қададик. Насиб этса бу уруғларимиз сара кўчатга айланиб, ўн гектар ерга кўрк беради. Бу ёғига ҳокимбобомиз сахийлик қилса, бодомзор боғ яратиш ниятим бор.
- Хайрли ишингиз ўнгидан келсин, Холбиби. Улуғ ишларнинг соясида улуғ кишилар яшайди,- деган иборани ўз кўзим билан кўриб турибман.
- Турғун Холлиевич мана сиз, мана шу камтарона журналист касбингиз билан эл-юртнинг хизматидасиз. Бир нарсага ақлим чарчайди.
- Хў-ўш, нимага?...
- Замона одамларга нурини бахшида қилган бўлса. Нега одамлар ҳасадга, нафсга бериладилар?...
- Ҳасаднинг замирида душманлик, нафс-нинг соясида манфаатдорлик туради. Шундай эмасми? Агар шу иккиси бўлмаганида одамзотнинг феъли ўзгарувчан бўлмас эди. Афсуски ана шундай! 
(Давоми бор)
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид: