Нуқтаи назар Қизлар тарбияси билан ким шуғулланади?

"Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахридан икки нафар талабгорларга берилади; 
умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади."
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини  мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонидан.
Қўшни аёл гап топиб келди. Фалон қишлоқда бир эр-хотин бефарзанд экан. Кечқурун кимдир уларнинг уйи олдига янги туғилган чақалоқни ташлаб кетибди. Хат ҳам қолдирибди. Хатда уларга, шу болани асраб-авайлаш, вояга етказишлари илтимос қилинган экан. Қандай савдолар бўляпти, дея қўшни аёллар муҳокамага киришиб кетишди. Бири бундай воқеаларни содир бўлишида ота-онани айбласа, кимдир ҳозирги айрим қизларда шарм-ҳаёнинг йўқлигини, улар оилада яхши тарбия кўрмаганлигини таъкидлайди. Уларнинг ҳар бири ўзича ҳақ эди. Аёлларнинг айтишича, маҳалла-кўй бу чақалоқнинг онаси ким эканлигини излашаётган эмиш. Шу куни аёллар қизларини нопок йўлга кириб кетишида телевидение орқали айрим ғарб сериалларнинг берилаётганлиги, баъзи қизлар ўша сериалдаги қаҳрамонларга тақлид қилиб кийинишаётганлигини ҳам гапиришди. Хуллас, бу мавзуда тортишув анчагача давом этди.
Агар бундоқ ўйлаб қарайдиган бўлсак, уларнинг гапларида ҳам қайсидир маънода жон борга ўхшайди. Нега? Чунки айрим ота-оналаримизнинг ўзлари тарбияга муҳтож эканлигини айтиб ўтиш лозим. Чунки улар, ўз фарзандларининг олдида талашиб-тортишиб, уят гаплардан ҳам гапиришаётганликлари сир эмас. Улардан "ибрат олган" қизлари ҳам шунга яраша тарбия топади-да. Ахир халқимизда "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ҳикматли нақл бежизга айтилмаган.
Бир оилани биламан. Эр-хотин ҳар куни жанжаллашишади. Бундан болалари ҳам безиб қолишган. Катта қизларини турмушга узатишганларидан сўнг, у кўп ўтмай қайтиб келди. Эмишки, қайнонаси билан келишмас экан. Иккинчи қизи эса балоғатга етмай ҳомиладор бўлиб, ота-онасининг юзини ерга қаратди. Шу-шу бўлди-ю, қолган қизларига ҳам  совчи келмади. Донолар бежизга: "Онасини кўриб қизини ол", дейишмаганига шунда яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Қиз болага асосан она тарбия бериши, уй-рўзғор ишларини ўргатиши ва шахсан қизига намуна бўлишлигини азалдан халқимиз яхши билишади. Аммо ҳамма оналар ҳам қизларига намуна бўлишаяптими? Афсуски, ундай эмас. Айрим аёлларимизнинг кўча-куйда, тўй-маъракаларда юриш-туришлари, кийинган кийимларини кўриб, беихтиёр ёқа ушлайсиз. Ҳатто, эркаклар билан қадаҳ уриштириб, маст-аласт ҳолда рақсга тушаётганликларига нима дейсиз? Бундай оналар қизларига қандай қилиб намуна бўлишлари мумкин? Сир эмас, қайсидир оилада бирорта кўнгилсиз воқеа содир бўлса, яъни оилавий жанжал содир бўлса,  аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, нотинч оилада ота билан боланинг ёки қиз билан онанинг ўзаро келишмаганлиги натижасида салбий ҳолатлар ҳам учраб туради. Ё қиз, ёки балоғатга етмаган ўсмир ўз жонига қасд қилади. Ана шундан сўнг текшир-текшир бошланади. Аввало, маҳалла раиси ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи маслаҳатчиларга чора кўрилади. Ваҳоланки, улар ҳам бундай оилалар билан суҳбатлар ўтказиб туришади. Салбий кўринишларнинг олдини олишга ҳаракат қилишиб, ота-оналар билан мулоқотда бўлишади.
Юқорида айтганимиздай, бу мулоқотлардан сўнг, ота-она тарбияланиб қоладими? Афсуски, бундай эмас. Сут билан кирган жон билан чиқади, деганларидек, йиллар давомида шакл-ланган феъл-атворни ўзгартириш қийин кечаяпти. Ўрни келганда, бир воқеани айтиб ўтишни ўринли деб биламиз. Бир танишимнинг хотини хориж давлатларининг бирига кетганига ҳам бир неча йил бўлди. Шу орада оила бошлиғи бўлмиш ота ҳам Россияга жўнаворди. Болалар, айниқса қизлар назоратсиз қолишди. Энди ўзингиз фикрланг. Ўз фарзандларини ташлаб, пул топиш учун хорижга кетган аёлдан нимани кутиш мумкин? Ўғил-қизларини ташлаб, бегона юртга кетган онани она дейиш мумкин-ми? Хорижда ҳам пулни экиб қўйишмагандир. Аёл боши билан бегона юртларда нима иш билан шуғулланаяпти экан бу аёл, деган саволлар миямизда чарх ураверади. Аёл шундай бўлгандан кейин, оила бошлиғидан нимани кутиш мумкин? Энг афсусли томони, ўз рафиқасини, болаларининг онасини хорижга жўнатган эркакни эркак деб бўладими? Қани бу ерда эркаклик ғурури?! Ахир матбуот ва телевидение орқали хорижга ўзларига иш излаб борган юртдошларимизнинг аччиқ қисмати тез-тез ёритилиб борилаяпти-ку. Ўз хотинини хорижга жўнатиш эркак киши учун иснод эмасми? Назоратсиз қолган қизларни энди нима иш билан машғул бўлишларини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Энди никоҳ тўйлардаги ҳолатларга бир эътибор берсак. Тўйларнинг дабдабали ўтаётганлигини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Кўча-кўйда битта никоҳ тўй учун ўн беш-йигирмата турли русумдаги машиналарни қаторлаштириб, бир-биридан ўзиш учун ҳаракат қилишаётганликларини ҳам кўрганмиз. Никоҳ тўйи куни икки соат келинлик оқ либосини кийин учун гўзаллик салонларида турган қизларни ҳам кўрганмиз. Ана шу икки соатлик базм учун кийиладиган кўйлакни неча сўм туришини биласизми? Танишларимизнинг айтишларича, кўйлакнинг нархи 3-4 млн.сўмгача экан. Энди ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Ота-она қанча вақт меҳнат қилишлари керак? Айниқса, ҳозирги иқтисодий қийинчлик даврида аксарият қишлоқ жойларида ота-оналар ишламайди. Турмушга чиқаётган қиз эса буни ҳисобга олмайди. Айнан ўша келинлик либоси учун пул тўлаш чоғида низо чиқаётганлигини ҳам яхши биламиз.
Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Никоҳ тўйи куни келин салондан энг қиммат, биз юқорида айтганимиздек, уч ярим миллионлик кўйлакни олибди. Тўйнинг эртаси куни эса пулини тўлаш чоғида келин билан куёв томон ўртасида жанжал келиб чиқибди. Келин томон пулни куёв томон тўласин деса, куёв томон эса кўйлакни келин томон тўласин, чунки кўйлакни келин олган, деб туриб олишди. Хуллас, бу жанжал анчагача давом этди. Кўрдингизми, битта тўй учун кийиладиган келин кўйлакнинг можаросини. Ундан кўра, миллий кўйлакларимизни келин бўлаётган қизларимизга кийдириш маъқул эмасми? Бир пайтлар миллий либослар ҳақида гапираётганда, келинларимиз ўзимизнинг миллий хонатласдан келинлик либосини кийишса, мақсадга мувофиқ, деган масала олға сурилган эди. Ҳозир ҳам ана шу масалага қайтиш лозимга ўхшайди. Келинг, фикрлашиб кўрайлик. Агар келин бўлаётган қиз никоҳ куни миллий хонатлас кўйлакда ўтирса бўлмайдими? Бу биринчидан, оила бюджетига ҳам осон бўлади, иккинчидан эса тўй ўтгандан кейин ҳам ўша кўйлакни кийиб юриш мумкин-ку. Баъзи бир тўйларда, айниқса, тўйхоналарда келинларимизнинг қиш кунларида ҳам оппоқ либосда қалтираб ўтирганликларини кўрганмиз. Наҳотки, ота-оналарнинг ўз қизларига раҳми келишмаса, деган савол пайдо бўлади. Ахир ўша тўй куни ҳам бундай совуқда шамоллаб қолиши ҳеч гап эмас-ку. Ҳатто тўй куни совуқдан шамоллаб, касалхонага тушиб қолган келинларни ҳам кўрганмиз. Ҳозир ҳеч кимни касалхонага тушгулик қилмасин. Дори-дармондан бошлаб, келиб-кетишгача бўлган харажатни айтмаса ҳам бўлади. Энг муҳими, келинларимиз бўлажак она эканлигини унутмаслигимиз керак.
Қизлар тарбиясига жиддий масала деб қаралиши зарур. Чунки улар миллатимизнинг давом этиши учун бўлажак оналар ҳисобланади. Барча ўқув юртлари ва мактабларда махсус тарбиявий соатларни кўпайтириш керак, шу билан бирга ота-оналар билан мактаб ўртасида алоқани янада мустаҳкамлаш шу куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Албатта бу борада ҳурматли аёлларимиз ва педагогларимиз қизларга ўрнак бўлишларини истардик. Ахир улуғ педагоглардан бири айтганидек, "Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак". Буни унутишга асло ҳақимиз йўқ.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.