Меҳнат - инсонни улуғлайди ТАДБИРКОР НОВВОЙЧИ АЁЛ

Туманимизда меҳнатсевар, ишбилармон ва тадбиркор аёллар кўпчиликни ташкил этади. Улар бугунги кунда нафақат ўз оиласини, балки атрофдаги хотин-қизлар ва ёшларни ҳам иш билан таъминлаб, мамлакат тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётир. 
Ана шундай тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар орасида Дилобар Умурзоқова ўзининг ҳалол меҳнати ва ширин нонлари билан алоҳида ажралиб туради. Негаки, тадбиркор аёл Дилобар Умурзоқова  ҳар куни 2000-2500 донагача пиширилган иссиқ ва  хушбўй нонлари билан тумандошларимизнинг дастурхонини таъминлаб келмоқда.
Дилобар опа новвойчиликни бир неча йил аввал кичик устахонадан бошлаган эди. Дастлаб, оила аъзолари билан биргаликда одамларнинг кунлик эҳтиёжи учун нон пиширишарди. Аммо, улар пиширган нонларнинг мазаси ва сифати туфайли харидорлар сони кундан-кунга кўпайди. Шу тариқа, опахон ўзининг тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди. 
Ҳозирги вақтда тадбиркор аёл новвойхонада 6 та ишчи ўрнини яратган. Доимий иш ўринга эга бўлган аёллар ва ёшлар ҳар куни мазали нонларни тайёрлайдилар ва меҳнатларига яраша ойлик маоши олишади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Дилобар опа нонни тайёрлашга ва маҳсулот сифатига катта эътибор беради.  Шу сабабли, унинг нонлари соғлом озуқа сифатида қадрланади. Ҳозирга вақтга келиб, улар томонидан тайёрланаётган нонларга Лойиш деҳқон бозорида ҳам жуда талаб катта. Ҳаттоки, бу мазали нонлар нафақат қўшни қишлоқлар, балки туман бўйлаб ҳам ўз харидорларини топди.
Дилобар Умурзоқова турмуш ўртоғи Дониёр Абдуаҳадов билан мустаҳкам аҳил оила қуришиб, бир ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Дониёр ака "Тез ёрдам"да ҳайдовчи бўлиб, эл саломатлигини сақлашда беминнат хизмат қилиб келмоқда.
Келгусида ҳам бу новвойчи оила аҳолини сифатли ва арзон маҳсулот билан таъминлаш билан бирга тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, янада кўпроқ иш ўрнини яратишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган.
Бир сўз билан айтганда, Дилобар Умурзоқова каби меҳнатсевар аёллар мустақил Ўзбекистонимиздаги тадбиркорлик муҳитининг яққол намунасидир. Улар ўз      тиришқоқлиги, маҳорат ва садоқати билан жамият тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини  қўшмоқдалар.
Суннатулло ИБРАГИМОВ.