ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИК: "Е-АНТИКОРРУПЦИЯ" ЛОЙИҲАСИ ИШГА ТУШИРИЛАДИ

"Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ-240, 11.05.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан, қуйидагиларни назарда тутувчи "Е-Антикоррупция" лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
- "Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри"ни шакллантириш ва юритиш;
- коррупциявий хавф-хатарларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали бартараф этиш.
Лойиҳа "E-Anticor.uz" электрон платформасида амалга оширилади.
Қарорга кўра:
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан "Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри" ("паст", "ўрта" ва "юқори" ўлчовларида) шакллантирилади ва Интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади;
- Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади;
- "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади;
- ОТМларга ўқишга кириш учун бериладган имтиёзларнинг рўйхати ягона хужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;
- ОТМларда талабаларни ётоқхона билан таъминлаш, жойлаштиришнинг электрон тизими жорий этилади;
 - Автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;
- Ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 январгача давлат бошқаруви органларида қуйидаги талаблар асосида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизим жорий этилади:
-вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш;
- таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон базага жамлаган ҳолда ахборотни тўплаш ва унга ишлов бериш;
- кадрларга оид иш юритув ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон  шаклда қабул қилиш ва юритиш;
- ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий ўқитиш;
- кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш.
Х.ЯХШИБОЕВ,
туман Юридик хизмат кўрсатиш 
маркази бош юрист консульти.