ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ, УЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ҲАЁТИДАГИ ФАОЛ ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДА ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда банд-лигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, жойларда "Аёллар дафтари"ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Жумладан, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 март куни "Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ- 5020-сон қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга асосан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши таркиби ташкил этилиб унинг асосий вазифалари белгиланди. Бундан ташқари, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда Қарорда белгиланган йўналишларда ишларни ҳар бир хонадон ва маҳалла кесимида ташкил этиши белгилаб қўйилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. 
Ушбу жамғармадан Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар асосида ташкил этилган ўқув курсларини ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ҳамда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга мазкур маблағлар ҳисобидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар ажратилиши белгиланди. 
2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилиши белгиланиб, ушбу кластерлар ҳунармандчилик маҳсулотлари учун хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини қамраб олади, шунингдек, кластерлар устав капиталининг 50 фоизи тенг улушларда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, қолган 50 фоизи ҳунармандларнинг ўз маблағи ҳисобидан шакллантирилиши белгиланди.
Шу билан бирга "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"ни самарали юритиш, ишсиз фуқароларга бандлик соҳасида тизимли ёрдам кўрсатиш ҳамда "маҳаллабай" тизим асосида ишларни ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига "жамоатчи ёрдамчи"ларни жалб этиш ва"жамоатчи ёрдамчи"лар билан 11 ой муддатгача жамоат шартномалари тузиш ҳамда уларнинг иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида тўлаш белгиланди. 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 март куни "Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ- 5020-сон қарорининг 3-иловаси билан "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича"  чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ушбу чора-тадбирлар режасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш масалари бўйича бажариладиган ишлар белгилаб олинди.
Хулоса қилиб айтганимизда ҳозирги кунда озодликдан маҳрум этилган жойлардан қайтган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бандлигини ва таълим олишини таъминлаш, тазйиққа учраганларга малакали психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
И.Умаров,
туман адлия бўлими                                             
 етакчи маслаҳатчиси.