МАСЪУЛИЯТСИЗ ҲАЙДОВЧИГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Маълумки, фан-техника ривожланиб бораётган бугунги кунда шаҳар ва қишлоқ кўчаларида ҳам турли хил автомобилларнинг тирбандлиги оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез учраб турмоқда. Айниқса, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги натижасида кимнингдир ҳаётига хавф солиши ёки кимнингдир ўлимига сабабчи бўлаётганлигини асло кечириб бўлмайди.
Судланувчи Назаров Фаррух (исми-шарифи ўзгартирилган)   2024 йил17 август куни соат тахминан 23:30 ларда бошқарувида бўлган "Ваз 21310" русумли автомашинасини спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолатда Оқдарё тумани "Кумушкент" маҳалласи ҳудудидан ўтган М-37 йўлининг 19 километрида "Самарқанд-Бухоро" йўналиши бўйича бошқариб келади. У ушбу йўлнинг чап томонга орқага қайрилиб олиш жойида, йўлнинг қарама-қарши йўналиши бўлган "Бухоро-Самарқанд" йўналишига бурилиб олишда ҳушёрликни йўқотиб, амалдаги "Йўл ҳаракати қоидалари" талабларини қўпол равишда бузилишига йўл қўяди. Негаки, судланувчи Фаррух Назаров ушбу йўлнинг "Бухоро-Самарқанд" қисмидан ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Мамарасулов Озод (исми-шарифи ўзгартирилган)нинг бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасини ўтказиб юбориши лозим эди. У "Матиз" русумли автомашинани ўтказиб юбормасдан, унинг йўлагига чиқиб олд қисми билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилади. 
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида "Матиз" автомашинасида йўловчи тариқасида келаётган Ш.Ш.ни ҳамда "Матиз" русумли автомашина ҳайдовчиси М.О.ни оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса содир бўлган жойда вафот этишига сабабчи бўлади. Шунингдек, ушбу автомашинада йўловчи тариқасида келаётган фуқаро Т.Ш. ҳам оғир тан жароҳатлари олиб, кейинчалик вафот этади. 
Шунингдек, "Матиз" автомашинада йўловчи сифатида кетаётган фуқаролар Адолат ва Азизабону исмли шахсларнинг соғлигини бузилиши билан боғлиқ бўлган енгил тан жароҳатлари олишига сабабчи бўлган.         
Шунингдек, Фаррух Назаров юқорида содир қилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида Озод Мамарасулов бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасига 24.113.626 сўм миқдорида моддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Судланувчи Назаров Фаррух, Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддаси 3-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Т.Алмаматов,
вилоят судининг 
жиноят ишлари бўйича судьяси.
Б.Полванов,
жиноят ишлари бўйича 
туман судининг раиси. 
Мавзуга оид: