Самарқанд сайқали


Самарқанд – илму-маърифат бешиги

Ватан – атиги бир неча ҳарфдан иборат бўлган буюк маскан. Мустақиллик эса биз учун – ўзлигимизни англаш, юрт тинчлиги ва барқарорлигининг, инсон манфаати, эркинлиги ва фаровонлигининг, биз кўзлаган демократик жамият барпо этишнинг гаровидир. Мустақиллик юртимиз учун бебаҳо неъмат, халқимизнинг буюк тарихий ғалабасидир. Ватанимиз равнақи, аввало, унинг  фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу  ўз навбатида ҳар биримизнинг зиммамиздаги юксак масъулиятни ҳис этишга, ўз манфаатимизни шу юрт, шу халқ манфаати билан улуғлаштириб яшашга даъват этади. Тинчликка ўз-ўзидан, қуруқ хоҳиш-истак билан эришиб бўлмайди. Уни изчил ва  қатъий ҳаракатлар туфайлигина таъминлаш мумкин. Юртимиз эса бундай олий мақомга, эркинлигу-тинчликка не-не машаққатлар билан эришганига тарих гувоҳ. 

Бугунги кунда эса  Ватанимизда ибрат бўладиган баркамол инсонлар кўп.  Зеро, биз ўзимизга олий мақсад қилиб олган озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни етук инсонларгина бунёд эта олишини тушуниб етдик. ўзбек миллати азалдан ўз фикри, ўз истиқлоли учун курашиб яшаган, бу ҳеч кимга сир эмас. Миллатимиз тарихи ҳақидаги ҳақиқат шуки, юртимиз фарзандлари азалдан фидойи, ўз йўлидан, маслагидан, сўзидан қайтмайдиган бўлишган. Тарихимизнинг билишимиз шарт бўлган саҳифаларини қунт билан ўрганиш ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд таърифига тил ожиз. Инсон биргина Самарқанд сўзини эшитганида юрагида ўзгача ғурур, фахрланиш ва шукроналик туйғусини туяди. Ҳар тонг кўз очганимда Самарқанддек афсонавий замин фарзанди эканлгимни ҳис этиш ўзгача руҳ бағишлайди. Самарқанд азалдан йирик илм-фан ва маданият маркази бўлиб келган. Бу заминдан инсон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан.Бундан ташқари мусаффо табиати, муқаддас қадамжолари ва меҳмондўст одамлари билан ҳамиша дунё нигоҳида бўлган. Шунинг учун жаҳон аҳли доимо унга интилади, бундай шарафга муяссар бўлган ҳар бир инсон бу афсонавий шаҳарга бир умр мафтун бўлиб қолади.

Ёшлик – бу барча муаммолар тезда ҳал қилиниши, тўсиқлар осонгина енгилишини ва жамики орзуларнинг амалга ошишини истаган вақт. Ушбу даврда эса унинг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Самарқанднинг шарафли ўтмиши, саодатли бугуни ва келажаги биз ёшларнинг зиммамизда. Бизлар қанчалик изланишда, ҳаракатда бўлсаккина юртимиз равнақ топади, гуллаб-яшнайди. Шундай экан, Самарқанднинг келажаги йўлида, Ватанимизнинг равнақи йўлида муносиб фарзандлар бўлишга ҳаракат қиламиз. 

Севара АББОСОВА,

  Самарқанд Давлат университети филология факультети 2-курс талабаси.