ҚЎШИҚЧИЛИГИМИЗДАГИ НУҚСОНЛАР ҚАЧОН ТУГАТИЛАДИ?

Мулоҳаза учун мавзу
Яхши қўшиқ жон озиғи. Ўзимизга ёққан, манзур бўладиган тароналарни эшитганимизда беихтиёр дилимиз яйрайди, бир олам завқ-шавқ оламиз. Мумтоз қўшиқчилигимизда ўз ўрнига, овозига эга бўлган ўзидан ажойиб санъат дурдоналарини қолдирган улуғ
санъаткорлар - Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова… Бу рўйхатни яна истаганча давом 
эттириш мумкин. Бу камтарин санъат дарғалари саҳнада ўзини намунали тутиши, кишилар билан муомаласи туфайли халқ ўртасида 
катта обрў қозонишган. Кам таъминланган оилаларга ёрдам берганликларини одамлар ҳанузгача ҳикоя қилиб юришади. Айтишларича, 
кунлардан бир кун ўз фарзандларига тўй қилмоқчи бўлган камбағал бир киши устоз санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг олдига келиб,
унинг ашаддий мухлиси эканлигини, бироқ етарли пули йўқлигини, шундай бўлса-да, қарз-қавола қилиб ҳофизни рози қилишини айтади. Шунда ҳофиз у одамнинг манзили ва тўй кунини, вақтини сўраб олади-да, албатта боришини таъкидлайди. Ваъдасига вафо қилиб, ҳофиз ўша тўйга бориб хизмат қилади. Санъаткорнинг мухлислари кўп
бўлганлиги боис даврада кўп пул тушади. Ҳофиз тўй тугагач, бир белбоғ тўла пулни уй эгасининг олдига қўйиб, кетишга рухсат 
сўрайди. Ҳофизнинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлган мезбон пулни ҳофиз олиб кетиши лозимлигини айтганда, хўп майли, дея битта 
ўн сўмни олиб, қолгани сизга мендан тўёна бўлсин, деган экан.
Бундай ҳаётий воқеалар ҳофизлар ҳаётида кўп учраган. Бугунги кунда ўзини "юлдуз" ҳисоблаб юрган санъаткорлар қанийди, устоз 
санъаткорлардан ўрнак олишса, нур устига аъло нур бўларди.
ЭРКАКЛАРНИНГ ҚЎШИҒИНИ АЙТИШ МОДАМИ?
Ўтган йиллари ҳам бу мавзуда фикр юритган эдик. Ҳатто республика миқёсидаги оммавий ахборот воситаларида қатор чиқишлар қилинди ва қилинмоқда. Аммо ёзилаётган ва айтилаётган бўлишига қарамасдан ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти. Аёл хонандаларимизнинг саҳнада ўзини тутиши, кийинишлари ғашингизни келтиради.
Яқинда "Наво" телеканалида аёл хонанданинг анчагина қўшиқлари эфирга узатилди. Хонанда машҳур ҳофизимиз Таваккал Қодировнинг барчага ёд бўлиб кетган "Ишқингда зор ўлдим, нетай" деб бошланувчи қўшиғини ижро этди. Сиз айтса айтибди-да, шунга нима бўпти, дерсиз. Буёғини эшитинг. Қўшиқ бошланиши билан саҳнага турли мақом билан, ишва билан раққоса кириб келди. У қўшиқ таъсирида хиром айлар, хонанда ҳам раққосага қараб унга мафтун бўлганлигини такрорларди. Тасаввур қилаяпсизми, аёл аёлга севги изҳор қилмоқда. Ваҳоланки, машҳур ҳофизимиз Таваккал Қодиров бу қўшиқни ижро этганда саҳнада раққоса хиром этганда, ишончли чиққанди.
Айрим хориж давлатларида бир жинсли инсонларнинг бир-бирлари билан турмуш қуришаётганликларини матбуот орқали яхши биламиз. Бу оммавий маданият эмасми? Телеэкранда аёл хонанданинг бор овози билан раққосага дил изҳори қилишини қандай тушуниш мумкин? Бундай ҳолатларни айрим катта обрў-эътиборга эга бўлган аёл хонандалар мисолида ҳам кўраётганлигимиз ачинарлидир. Шу билан бирга мусиқий клиплардаги аёл хонандаларимизнинг кийимлари миллийликка асло тўғри келмайди. Ёши бир жойга борган обрўли аёл хонандаларнинг калта кўйлак кийганлигини кўриб, энсангиз қотади. Наҳотки хонандалар кўр-кўрона, режиссёр танлаб берган тор, калта кўйлакларни ҳам кийишдан уялишмаса? Ахир мустақилликка эришилганидан сўнг миллийликка эътибор кучайган бир пайтда, хонандаларимизнинг бундай кийинишларига қандай баҳо бериш мумкин? Телеканал қошида фаолият кўрсатаётган бадиий кенгаш бу масалада қатъий позицияда турмоғи лозим эмасми?
БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ ҚЎШИҚ ЎРГАТАЯПМИЗ?
Яқинда "Наво" телеканалида санъат ғунчалари ҳақида кўрсатув берилди. Бир пайт саҳнага ўн икки-ўн уч ёшлардаги ўқувчи ўғил бола чиқиб, Собир Абдулла шеъри билан айтиладиган "Шайдо этиб кел" қўшиғини куйлашга тушди. Бу ҳам етмагандай тўққиз-ўн ёшлардаги раққоса қизча саҳнага чиқиб ўйнай бошлади. Энг ачинарлиси, қизча ҳам худди катта ёшдаги раққосадек қўшиқ айтаётган болага кўзларини тикиб, ҳар хил ҳаракатлар қила бошлади. То қўшиқ тугагунга қадар шу ҳолат давом этди. Беихтиёр ўйланиб қоласан киши, қўшиқларни эфирга беришдан олдин кўриб чиқиш керак эмасми? Аслида  ишқий қўшиқларни мактаб ўқувчилари айтиши тўғримикин? Болаларбоп шеър тўлиб ётибди-ку? Ҳатто, халқимиз севиб томоша қиладиган "Ёшлар" телеканалининг "Тараннум" мусиқий кўрсатувида ҳам мактаб ўқувчилари томонидан "Эй, сарви равон" қўшиғининг ижро этилганлигига нима дейсиз? Катта ҳаётий ва иш тажрибага эга бўлган устозлар болаларга уларбоп қўшиқларни ўргатсалар бўлмайдими?
КЛИПЛАР ҲАЁТИЙМИ?
Кейинги пайтларда оддий қўшиққа клип ишлаш модага айланиб қолди. Ҳатто, икки учта қўшиқ айтиб саҳнага чиққан ёш хонандалар ҳам клип қилишга киришиб кетишди. Майли, бунга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Шеърга, унинг мазмунига мос, ҳаётий кўринишга эга бўлган, аниқроғи, ўзимиз ишонадиган даражада воқеа-ҳодисаларни кўрсатувчи клиплар ишланса, бундан барча мамнун бўларди.
Бироқ, афсуски айрим клиплар ҳаётдан йироқ эканлигини рўй-рост айтиш лозим. Бунга бир қатор мисоллар бор. Кейинги пайтда хонанда Сардор Мамадалиевнинг ўзига хос йўналишда қўшиқ куйлагани кўпчиликка маъқул бўляпти. Мусиқий клиплари ҳам жойидага ўхшайди. Аммо, айрим клиплари ҳаётдан узоқроққа ўхшайди, назаримизда. Хонанданинг "Шойи рўмол" деб аталувчи қўшиғини олайлик. Клип бошланишида хонанда консерваториядан чиқиб, гитарасини елкасига осиб, автобусда қишлоғи томон йўл олади. Қишлоққа етай деганда, аравада сомон олиб кетаётган ҳам-қишлоғини (артист Ботир Имомхўжаев) учратиб қолади. Аравакаш хонандага:
- Кел Сардор, аравага чиқ, ҳалиям гитарангни динғиллатиб юрибсанми, - дейди. Сардор гитарасини унга узатиб, аравага чиқади. Бироздан кейин, хонанданинг кўзи қошига ўсма қўйиб ўтирган қизга (раққоса Паризодага) тушади. Аравакашдан бу ким, деб сўрайди. Аравакаш бу Шермат қассобнинг қизи, деб айтади. Бу сўзлардан кейин Сардор аравадан сакраб тушиб, гитарасини қўлига олиб, қўшиқ бошлайди. Қиз худди Сардорнинг келишини кутиб ўтиргандек, рақсга тушиб кетади. Шу орада аравакашнинг хотини эрини чақириб қолади. Кетиш олдидан аравакаш "Сардор, тўйга айтиш эсдан чиқмасин" дейди.
Келинг, клипни таҳлил қилиб кўрайлик. Сиз таниқлироқ хонандани қўлида гитара билан автобусга чиқиб юрганлигини кўрганмисиз? Сизни билмадиг-у, биз рубоб ёки торни ғилофига солиб кўтариб юрган хонандаларни кўп кўрганмиз. Негадир кўп клипларда бу хонанданинг фақат гитара осиб юрганлиги тарғиб қилинмоқда. Аслида эса Сардор Мамадалиев миллий чолғу асбобимиз бўлган торни чалиб ашула айтади-ку? Ўзбек қизлари бир қўшиққа маҳлиё бўлиб, суриштирмай эрга тегиб кетавермаса керак. Қизларимиз қўшиқ айтган одамга ҳе йўқ, бе йўқ кўнгил қўйиб турмушга чиқавермас? Ахир халқимиз азал-азалдан келин олаётганда ёки куёв қилаётган пайтда авлодини кўп суриштирган-ку? Ҳозир ҳам бу аҳвол давом этмоқда. Улуғ бобомиз Амир Темур ҳам келин олишда унинг етти пуштини суриштирганлигини "Тузуклар"дан биламиз. Ҳурматли клип олаётган режиссёрларимиз миллийликка жиддий эътибор беришса, фойдали бўларди.
Клиплардаги камчиликлардан яна бири шуки, асосан раққоса қизларнинг бош қаҳрамон сифатида намоён бўлишидир. Деярли барча клипларда Паризода, опа-сингил - Муҳаббат ва Малика Қурбоновалар ва яна бир икки раққоса қизлар роль ижро этишмоқда. Бу ҳам томошабинларда зерикиш ҳиссини уйғотади. Балки ҳар бир ишланаётган клипга раққосани эмас, ҳали ҳеч ким танимаган қизларни жалб этсалар, клип ҳаётийроқ чиққан бўлармиди?
Хонанда Алишер Турдиевнинг айрим мусиқий клипларида ҳам гитарани кўтариб, ёш ўғилчасини мусиқа мактабига олиб бораётган ота тимсоли кўзга ташланади. Ахир бу соҳага, аниқроғи, санъатга ихлос қўйган ёш бола энг аввало отасидан рубоб олиб беришни илтимос қилади-ку? Буни санъатдан хабари бўлмаган оддий одамлар ҳам яхши билишади. Бундай мисолларни бош-қа клипларда ҳам кўришимиз мумкин.
Айрим ёш хонандаларнинг қилиқларида ғалати кўриниш кўзга ташланади. Хонанда  баланд тоғ чўққисида ёки Арабистон чўлларида қўшиқ куйламоқда. Ваҳоланки, қўшиқ матнида ўша жойларни эслатувчи сўз йўқ. Серқуёш диёримизда жаннатмакон жойлар кўплаб топилади. Ўша гўзал жойларда клип олиш маъқул эмасми?
Мустақиллик шарофати билан миллатимиз, қадриятларимиз тикланган экан, қўшиқчилигимизда ҳам юқоридаги сингари нуқсонларни бартараф этиш нафақат мутасадди ташкилотларнинг, балки шу азиз юртга дахлдор соф виждонли ҳар бир кишининг бурчидир.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.
Мавзуга оид: