ЯХШИ ЎҚИТУВЧИ БЎЛИШ ОСОНМИ?!

Бугун мен ўқитувчи ва ўқувчи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Билими, савияси, қобилияти ва албатта танлаган соҳасига қизиқиши бўлмаган ҳар қандай одам шогирдлари эъзозлайдиган устоз, муаллим бўла олмайди.
Мен бугун биринчи муаллимим, азиз устозим - отамдек меҳрибон, онамдек улуғ  Жўрабой Нишоновни (жойлари жаннатда бўлсин) ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олмоқчиман. У киши туманимизнинг чекка қишлоқларидан бири бўлган Бойбўтада жойлашган бизнинг бошланғич мактабдаги устозимиз эдилар. Эсимда у кишини нафақат биз ўқувчилар, балки қишлоқнинг катта-ю кичиги алоҳида ҳурмат билан муаллим, дея эъзозлашарди. Оддий ва катта ҳарфлар билан ёзиладиган бу "МУАЛЛИМ" ҳеч қандай унвонларсиз, фахрий ёрлиқларсиз, халқни боласини севган, сева олган азиз муаллим... Устоз бизга нафақат ҳарф танитдилар, балки одамгарчиликни, самимиятни, бировга меҳр бера олишни, бировга беғараз кўмак  беришни ўргатдилар. "Ким бўласан?" де-йишса, "Ўқитувчи" дея олардим, ҳеч иккиланмай ўша гўдаклик чоғларимда ҳам.
Йиллар ўтди. Ўқитувчи бўлдим, аммо устозим эгаллаган шарафли лавозимга лойиқ бўлолдимми, йўқми билмадим. Туманимиздаги отахон мактаб - Мирзо Улуғбек номидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида ўқиш, ишлаш, меҳри уммон қадар устозлардан сабоқ олиш насиб этди. Ҳозиргидек эсимда, биология фани ўқитувчимиз - Анортожи Рустамова фанни гўё миямизга қуйиб қўярдилар. Синфхонада пашша учса билинарди, дарсни бор вужудимиз билан тинглардик. Физика фанидан раҳматли устозимиз Нарзибийи Раҳмонова дарс берганлар. Шунақа қаттиққўл ўқитувчи эдиларки, қатъиятлиликни ўқувчининг қон-қонига сингдириб юборардилар.  Устозларим Марҳабо Султонова, Меҳри Ўроқова, Сайёра Файзиева, Анортожи Сайфиева, Светлана Фаттоҳова, Носир Толипов, Бах-тиёр Ахроров, Анвар Абдураҳмонов, Салоҳиддин Самиев... 
Эҳ-ҳе,  санайверсам азиз муаллимларимни ҳаммаси ҳақида биттадан китоб ёзсак арзийди. Мен нимага бу инсонлар ҳақида алоҳида тўхталдим? Нечун қадрдон устозларимни кўзда ёш билан ёдга оламан ҳамиша? Чунки улар ҳақи-қий ўқитувчи, юқорида таъкидлаганимдай туғма истеъдод эгалари бўлган ўқитувчи эдилар. Улар ҳеч қандай таъмасиз, медаллару мукофотлар илинжида ишламадилар. Улар ҳақиқий  ўқитувчи муаллим эдилар. Улар ёш авлодни, бизни, сизни ўқитиш учун муаллим бўлдилар, бутун борлиғини, ҳаётини шу касбга бахшида этдилар. Мен билардим, ҳаттоки улар қанча ойлик олишлари билан ҳам қизиқмасдан ишлаганлар. Негаки, улар ойлик учун, қандайдир манфаат учун ишламаганлар. Ўз фанларини, ўз касбларини ва  сизу бизни севганлар, сева олганлар. Шунинг учун ҳам шараф топганлар,  шарафланганлар ва ҳамон қалбимиз тўрида, шогирдларнинг юрак қўрида яшамоқдалар.
Азиз устозларим, сизларга юракларимизда ҳайкаллар ўрнатганмиз. Йиллар ўтиб сизларни қанчалик кучли, забардаст Ҳазрати инсонлар бўлганликларингизни теранроқ англай бошладим. Ва шу англаш баробарида ўзимдан оддий бир шогирд сифатида зиғирча ҳам кўнглим тўлмади. Шу ўринда савол туғилади. Нимага? Биз мактабда ўқитиладиган барча фанларни яхши ўзлаштирардик, тўғри баъзи фанлардан аъло бўлмаса-да, лекин яхши ўқирдик. Мен бу билан, ҳозирда мактабларда ўқитиш, дарс бериш аҳволини ёмон демоқчимасман. Ҳайрон қолишим боиси шуки, айни пайтда мактабларда ўқувчилар 3 ёки 4 фандан яхши ўқишади, фақат ана шу фанлардан аъло ва яхши баҳо олишга интилган ҳолда қолган фанларга "панжа орасидан" қараб қўйишмоқда. Ёки ўша фан ўқитувчилари ҳам "бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар", дея қолган фанлардаги баҳоларига қараб ўқувчиларни баҳолаб юборишмоқда.
Менга замондош бўлган ўқитувчилар, ҳамкасбларимга таъна қилмоқчи эмасман. Ҳозир ўқувчини келажаги ҳақида қай-ғурадиган, шарафли касбимизни обрўйини кўтарадиган фидойи ўқитувчилар билан бир қаторда масъулиятсиз устозлар ҳам кўпайиб бормоқда назаримда. Аксари ўқитувчиларни ойлик қачон пластикка тушиши-ю, ойлик қачон ошиши, авансни ҳисобчилар тезроқ ташлаб бериши қизиқтиради холос. Балки улар ҳам айбдормасдирлар. Балки одамларни ҳар томонлама ҳисоб-китоб килиб яшашга мажбур қилиб қўяётан ҳозирги иқтисодий аҳвол айбдордир. 
Лекин нима бўлгандаям биз халқнинг боласини тақдирига бевосита дахлдормиз ва жавобгармиз. Ўз ҳаётий тажрибам давомида ёш, билимдон ўқитувчиларни ҳам биламан. Уларни ўқитувчилар жамоаси ҳам, ўқувчилар ҳам ҳурмат қилишади, энг қитмир болалар йиғилиб қолган синф ўқувчилари ҳам. Бундай ўқитувчиларнинг дарсларини жон қулоғи билан тинглайдилар. Ўқувчи ўзига керакли билимни улардан топа олади. Шундай обрў-эътиборга лойиқ ҳамкасбларим билан фахрланаман. 
Хўш, нега баъзи ўқитувчиларнинг дарсларидан ўқувчилар безиб қолишган? Ёки уларнинг дарсларига давомат учунгина  киришади. Баъзи ўқитувчилардан ўқувчилар ҳайиққанларидан дарсларига қатнашишади. Лекин кўпроқ ўз устида ишламайдиган, ўз соҳасини яхши билмайдиган ўқитувчиларнинг кўпайиб бораётганлиги ҳам бугунги таълим сифатига салбий таъсир қиляпти, менимча. Бундай кадрлар қандай пайдо бўлмоқда ва   мактабларга қандай келиб қолмоқда? Жавоб беришга ҳаракат қиламан. Мактабларда унча яхши ўқимаган, ўртача ўқиган ёки ота-оналари қиз болага ўқитувчилик жуда маъқул касб (гарчи шу боласи ўқитувчи бўлишни хоҳламасада), дея бир илож қилиб олий даргоҳга киритиб олган ва пировардида ўша даргоҳни ҳам амал-тақал қилиб битириб, чаласавод дипломли ўқитувчилар кўпайиб кетганлигида деб биламан. Баъзи бир мактаб директорлари ҳам ўша ўқитувчини билим савиясини текшириб кўрмасдан, келажакда ўз фани ва болани   сева оладими, йўқми, деган саволларни кўндаланг қўйишни ўрнига олий таълимни битирган дипломига қараб иш билан таъминлаб юборишаётганлиги ҳам оғриқли нуқтамиз деб ўйлайман.
Тасаввур қилинг, оддий  йўл қоидасини билмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиб таксичилик қилиб юрган учар шофёрлар йўловчининг ҳаётига қанчалик хавфли бўлса, ўқитувчиликни ҳам тирикчилик манбаига айлантириб олган баъзи бир ҳамкасбларимиз ҳам ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимиз учун шунчалар хавфли, деб ўйлайман. Ўз фикримни буюк файласуф Цицероннинг қуйидаги ҳикматли сўзлари билан якунламоқчиман.
"Яхши ўқитувчи бўлиш учун нимани ўқитсанг ўшанга, кимни ўқитсанг ўшанга меҳр қўя билишинг керак".
Ўқитувчи касби муқаддас, шу касбнинг фидойилари бўлган устоз ва мураббийларимизни тобора яқинлашиб келаётган улуғ айём - Устозлар ва ўқитувчилар куни билан самимий муборакбод этаман. Машаққатли, аммо шарафли ишларида улкан зафарлар тилаб қоламан.                  
Эркиной ҚАРШИЕВА,
 Халқ таълими аълочиси.