“Оқдарё Ҳалқ банкининг эгаси борми?” сарлавҳали постига расмий муносабат билдирилди:

Ижтимоий тармоқларда “Оқдарё туман Халқ банкининг эгаси борми?” сарлавҳаси остида эътирозли пост эълон қилинди. Унда Халқ банкининг Самарқанд вилояти Оқдарё филиалидаги банкоматда 70 ёшли пенсионернинг пенсия картасидаги пул нақдлаштирилганда 1 фоиз маблағ ушлаб қолингани, айниқса, банк ходимларининг мижозларга кўрсатаётган муносабати ва улар ўртасида юзага келган тартибсизликлар хусусида сўз юритилган. 
Ҳолат бўйича олиб борилган ўрганишларга кўра, қуйидагилар аниқланди. 
Халқ банк Оқдарё филиалида пенсия олувчи фуқаролар сони 16 755 та бўлиб,  ундан 11 088 та нақд шаклда ҳамда 5 667 та банк картасида пенсия маблағларини олиб келмоқда.
  Халқ банкининг Оқдарё филиали томонидан 5 январь кунида 5 667 та фуқарога 5,2 млрд сўм маблағ банк картасига ўз вақтида кирим қилиб берилган. Шунга кўра, Оқдарё туманида яшовчи фуқаро Суннат Мустафоевга тегишли пенсия картасидаги пул банкомат орқали нақдлаштирилаётганда техник носозлик туфайли 1 фоиз маблағ ушлаб қолинган. 
Айни вақтда ҳудудда мазкур ҳолат билан боғлиқ бўлган техник носозлик бартараф этилган бўлиб, мижоздан ушлаб қолинган маблағ ўз вақтида қайтарилди. Банкка тегишли банкоматлар эса нақд пул билан тўлиқ таъминланди. Бундан ташқари, вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимга нисбатан қатъий чора кўрилди.  
Бугунги кунда Оқдарё филиали томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда пенсия маблағларини нақд шаклда олувчи пенсионерлар учун белгиланган график асосида ўз эгаларига етказиб берилмоқда.
Халқ банки раҳбарияти муаммонинг бартараф этилишида мавжуд вазиятдан огоҳ этган “Оқдарё овози” газетасига миннатдорчилик билдиради. Шунингдек, Халқ банкининг ҳудудий туман (шаҳар) филиаллари томонидан пенсионерлар учун очилган пенсия овердрафт карталари мамлакат бўйлаб тўлиқ инвентаризациядан ўтказилганлигини маълум қилади. 
Фуқароларимиздан бундай вазият юзага келса, Халқ банкининг 1106 қисқа рақамли ҳамда (71) 210 20 02  ишонч телефонларига мурожаат қилишларини   сўраймиз. 

Банк Ахборот хизмати