РАСМИЙ МУНОСАБАТ

"Оқдарё овози" газетасининг 2022 йил 8 сентябрь сонида "Оқдарё овози" бонг уради рубрикаси остида "ЛОЙИШДАГИ СПОРТ МАКТАБИДА НЕГА ФУТБОЛ ТЎГАРАГИ ТАШКИЛ ЭТИЛМАЯПТИ?" деб номланган танқидий мақола эълон қилинган бўлиб, унда шундай дейилади:
- Бу мавзу бўйича бундан бир ойча муқаддам Оқдарё туман ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этган спорт бўйича масъуллар, туман ҳокимининг ўринбосари фикр билдиришиб, янги ўқув йилидан бошлаб аниқроғи 1 сентябрдан кейин албатта болалар ва ўсмирлар спорт мактабида футбол тўгараги ташкил этилади, деб қуюқ ваъда беришган эди. Афсуски орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамасдан ҳеч қандай иш қилинмаяпти. Ваҳоланки, Лойиш шаҳарчасида спортга қизиқадиган ота-оналар фарзандларини футбол тўгарагига беришларини, бунинг учун спорт мактабида махсус бўлим ташкил этилишини сўраб кўп бор бизга ҳам мурожаат қилишмоқда. Бироқ, негадир аҳолиси йигирма мингдан ошиқ бўлган туман марказида бу муаммони ҳал қилишга спорт мактабининг директори Абдулла Пўлатов шошилмаяпти. Биз соҳа мутахассисларидан, туманнинг 18-36-39-мактабларида футбол тўгараклари фаолият кўрсатаётганлигини эшитдик. Амалда машғулотлар ўтказилаяптими, йўқми буни билолмадик. Биз спорт мактабида тўгарак қачон очилишини сўраб туман спорт бўлимининг бошлиғи Шомурод Ашуровга ҳам мурожаат қилганимизда у бу масала бўйича спорт мактаби директорига қатъий топшириқ берганлигини, аммо негадир бу иш пайсалга солинаётганлигини таъкидлади...".
Ушбу танқидий мақола юзасидан туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг директори А.Пўлатов имзоси билан жавоб мактуби олдик. Ундан шундай дейилади:
- "Оқдарё овози" газетасининг 2022 йил 8 сентябрь сонида эълон қилинган "ЛОЙИШДАГИ СПОРТ МАКТАБИДА НЕГА ФУТБОЛ ТЎГАРАГИ ТАШКИЛ ЭТИЛМАЯПТИ?" мавзусидаги танқидий мақола 2022 йил 8 сентябрь куни спорт мактаби жамоаси ўртасида ўтказилган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда белгиланган қарорга кўра Болалар ва спорт мактаби қошида сентябрдан бошлаб спортнинг футбол тури бўйича тренер Равшан Рашидов раҳбарлигида тўгараклар ташкил қилиниб, белгиланган график асосида машғулотлар ўтказилиши белгилаб олинди. Шунингдек, спорт мактабида спортнинг футбол турини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиши юзасидан тегишли қарор ва тадбирлар белгиланди. 
А.ПЎЛАТОВ,
                   туман Болалар ва 
ўсмирлар спорт мактаби директори.