СЕН БАХТУ ИҚБОЛИМ, АЗИЗ БОЛАЖОН!

Кулсанг дунё кулар - кўнгиллар тўлар,
Мунчоқ кўзларингга пайваста бу жон!
Кулгу тошиб турсин кулгичларингдан,
Сен бахту иқболим, азиз болажон!
Дунёда болажонлар кулгиси-ю шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Осмон мисол мусаффо, тим қора кўзларини сизга қадаганча, бийрон тилда тинмай савол бераётган, мурғак қалби билан оламдаги жамики ажойиботларни ўргатишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайга сабоқ бериш, уни илм-фан дунёси сари етаклаш эса бошланғич синф ўқитувчиси зиммасида. Нақадар машаққатли, шунинг билан бир қаторда шарафли вазифадир. Машаққатли томони шундаки, ҳали бирор бир ҳарфни танимайдиган болага бир ҳарф ўргатиш, унинг саводини чиқариш бўлса, 1 йил ўтиб китобни бийрон-бийрон ўқиётган, устоз, ота-она, она Ватан ҳақидаги шеърларни ёддан айтаётган ўқувчингни - шогирдингни кўриш эса бу катта бахт эмасми...
Кечагина мактаб бағрига илк қадам ранжида қилган ўқувчиларим бугунги кунда илм-фан эгаллаб, "Саводхонлик" байрамларини нишонлашди. Ушбу ҳаяжонли кунларда шогирдлар томонидан айтилган шеър ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари маҳорат билан ижро этилиб, мактаб ўқитувчилари, ота-оналар қалбини завққа тўлдирган эди. Бу борада С.Муҳаммаджонова, Н.Абдуманнонов, Ш.Ашурқулова, Н.Саидраҳмонова, С.Жамолов, Р.Эшназарқулова, Ш.Ҳамроева, Ф.Шомиловаларнинг номларини алоҳида тилга олиш жоиз. Айни пайтда эса жажжи болажонларимиз ўқув йилини ҳам муваффақиятли тугаллашиб, ёзги таътилга отланишди. Ўқув йили давомида уларнинг хат-саводини чиқариш мақсадида замонавий педтехнологиялар асосида ўтилган дарс машғулотлари, дарсдан ташқари олиб борилган турли хил қизиқарли машғулотлар, тадбирлар билан узвий боғланиб, бугунги кунда ўзининг самарали натижаларини кўрсатмоқда. Бундай самарали ютуқларни шогирдларида кўрган ҳар қандай устоз йил давомида чеккан қийинчиликларини, ташвишларини албатта унутади. Зотан, шогирдларимизнинг келажакдаги бахт-саодати ва бахтиёр дамларини кўриш биз устозларнинг асосий мақсадимиздир.
  Воҳида ДАВУРОВА,
                              51-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси.