ХАЛҚАРО ИНГЛИЗ ТИЛИ ВА МАТЕМАТИКА ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИ: МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил  21 августидаги 1992-сонли хатига асосан, 2019-2020 ўқув йилида мактаб ёшидаги ўқувчилар ўртасида Инглиз тили фанидан ““Spelling Bee” ва “Hippo International English Language Olympiad”, шунингдек математика фанидан “SEAMO-2019 Southeast Asian Mathematical Olypiad” ўтказиладиган нодавлат мусобақа ва олимпиадалари “English Language Proficiency Competition” (ELPC) MCHJ томонидан ташкил этилаётганлигини маълум қилган эди. 

Шунингдек, хатда ушбу олимпиадаларда мактаб ўқувчилари ота-оналарининг розиликлари билан ихтиёрий равишда иштирок этишларига эътирози йўқлигини ҳам таъкидлаб ўтган эди. Ушбу хат ижроси амалда ўз фаолиятини бошлаб юборди. 

ELPC Uzbekistan – дунёнинг (Европа, Осиё) бир қанча йирик ташкилотлари томонидан тан олинган ҳамда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда фаолият юритадиган нодавлат миллий ва халқаро математика ҳамда инглиз тили фани олимпиадалар ташкилоти ҳисобланади. 

“Hippo” – Халқаро Инглиз тили фан олимпиадаси (Иштирок тўлов асосида)1-синфдан 11-синфгача бўлган барча давлат ва нодавлат мактаб ўқувчилари, лицей ва коллежларнинг 1,2,3-курс ўқувчилари учун бўлиб, 2012 йил Англия давлатининг “Pearson Education” ташкилоти кўмаги остида, Италия давлатининг “Global Hippo Assosiation” ташкилоти уюшмаси тасарруфида ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда дунёнинг 40дан ортиқ (Инглиз тили асосий тил ҳисобланмаган давлатлари, ўттиз олти мингдан) атрофида иштирокчилар қатнашиб келаяпти. 2018 йилдан буён Англия давлатининг “Gatehouse Awards”  ташкилоти билан ҳамкорликда фаолиятини давом эттирмоқда ва ҳар бир иштирокчи “Hippo” олимпиадасида Халқаро стандарт даражасидаги  IESOL тестларини ечишади.  Ушбу олимпиада иштирокчилари жами тўртта: сўзлашиш, ўқиш, ёзиш ва тинглаб тушуниш  кўникмалари бўйича беллашади. Ушбу олимпиада 3 босқичда бўлиб, илк саралаш босқичида иштирокчи сонига қараб Ўзбекистоннинг ҳудудларида бўлади. Ярим финал босқичи Тошкент шаҳрида, финал босқич барча давлатлар учун Италия давлатининг Вениция шаҳрида бўлиб ўтади. Якуний босқичда қатнашиш имкониятини қўлга киритган иштирокчиларнинг барча сарф харажатлари ELPC ташкилоти томонидан қопланади.  Якуний босқичда 1-ўрин совриндорлари турли хил ютуқлар, жумладан (15 ёшгача бўлганлар учун Америка Қўшма Штатларининг Mizzou Academy мактабида 2 ҳафталик бепул онлайн таълим олиш, 15 ёшдан юқори бўлганлар учун эса Америка Қўшма Штатларининг Mizzou Academy мактабида 2 ҳафталик бепул таълим олиш, шунингдек ҳар бир 1-ўрин соҳиби учун Англия давлатининг Gatehouse Awards ташкилоти томонидан тасдиқланган Халқаро IESOL сертификати ва Америка Mizzou Academy томонидан 1-ўрин совриндори сертификати, медал ва турли ютуқлар) билан тақдирланади. Ундан ташқари 2, 3 ўрин ва ўрин олиш имконига эга бўлмаган иштирокчилар ҳам финал босқичда Англия давлатининг Gatehouse Awards ташкилоти томонидан тасдиқланган Халқаро IESOL сертификати, медал ва турли хил совғалар билан тақдирланади. Ҳар бир иштирокчи учун илк саралаш босқичида иштирок этганлиги учун ҳам Халқаро сертификат ва ярим финал босқичи учун ҳам тақдим этилади.  Олимпиада жараёнида турли хил саҳна кўринишлари, болаларни завқлантирадиган машғулотлар намойиш этилади. 

 “Spelling Bee” (Иштирок тўлов асосида) –Инглиз тили мусобақаси умумтаълим мактабларининг 2-11 синф ўқувчилари учун   “Spelling Bee” мусобақаси 1925 йилда АҚШда ташкил этилган, Ўзбекистонда бу олимпиада Буюк Британиянинг  “Gatehouse Awards” ташкилоти билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.  Иштирокчилар инглиз тилидан сўз бойлиги, сўзларни тўғри талаффуз ва талқин қилиш , имловий хатога йўл қўймаслик юзасидан оғзаки ва ёзма равишда беллашади. Олимпиаданинг асосий мақсади ҳам “Ўқиб муваффақият қозониш”, яъни ўқувчиларнинг Инглиз тилида ўрганаётган асосий сўз бойлиги, луғати, сўзлаши ва фикрлаш қобилиятини кучайтириш ва қўллаб қувватлашдан иборат. Шу  билан бирга Европа ва Осиё давлатларидаги инглиз тилини ўрганаётган ёшларнинг дўстона муносабатини, дунёқарашини шакллантириш ҳам кўзда тутилган. 

Олимпиада 3 босқичдан иборат бўлиб, илк саралаш ва ярим финал босқичлари Ўзбекистоннинг ҳудудларида бўлиб ўтади. Якуний босқичда 1,2,3,4,5 ўрин совриндорлари турли хил ютуқлар (1-ўрин Малайзияга 1 ҳафталик бепул саёҳат ва ўқув курслари) билан тақдирланади. Ундан ташқари ҳар бир иштирокчи илк саралаш босқичида сертификат ва эсда қоларли совғалар билан тақдирланади. 

Writing World Cup (WWC) (Иштирок тўлов асосида) - миллий мусобақаси 2018 йилда ELPC ташкилоти томонидан ташкил этилган бўлиб, ўқувчиларнинг иншо (эссе) ёзиш маҳоратини шакллантиришдан иборат. Айни пайтда бу миллий олимпиада ўқувчиларнинг ташаббускорлигини ривожланишишини ва замонавий иншолар ёзишни қўллаб қувватлайди. Мавзулар қизиқарли, ёшига мос ва турли хил хусусиятларни талаб қилади. 

Мусобақа Ўзбекистоннинг барча давлат ва нодавлат мактабларининг 2-11 синф ўқувчилари учун бўлиб, ҳар бир мавзудаги иншолар билим, қизиқиш, ёзишдаги сифатни ва илмий жиҳатдан аниқ ёзишликни талаб қилади. Мусобақа битта босқичдан иборат. Ҳар бир иштирокчи битта иншо билан қатнаша олади. Иншо инглиз тилида  40-300 сўзни 45 дақиқа ичида ёзилиши керак. Иштирокчилардан ҳар бир синф кесимида 5 тадан ғолиб аниқланади.  1-ўрин соҳиблари “Spelling Bee” ёзги оромгоҳи тўлиқ саёҳатини, 2- ўрин соҳиблари “Spelling Bee” ёзги оромгоҳи бир ҳафталик саёҳатини, 3- ўрин соҳиблари халқаро IESOL имтиҳонида бепул қатнашиш, 4- ўрин соҳиблари ELPC ташкилотининг 4та олимпиадасида бепул қатнашиш ваучерини, 5-ўрин соҳиблари ELPC ташкилотининг 3 та олимпиадасида бепул қатнашиш ваучерини қўлга киритади.

LITTLE PENGUINS (иштирок тўлов асосида) - инглиз тили мусобақаси мактабгача таълим муассасалари 5-6 ёшли тарбияланувчилари бўлиб, илк маротаба 2020 йил январ ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Ушбу олимпиадада тарбияланувчилар 2 дақиқа ичида оҳанг билан инглиз тилида ўқиш, 10 дақиқа ичида тинглаб тушуниб расмларни белгилаш ва 3 дақиқа эркин суҳбат  асосида беллашадилар. 1-ўринга Gold медал, 2-ўринга Silver медал , 3-ўринга эса Bronze медал ва ҳар бир иштирокчиларга Халқаро серификатлар ва эсдалик совғалари берилади. Асосий мақсад боғча ёшидаги болаларнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишини қўллаб қувватлаш, Халқаро таълим стандартларига мослашувни боғча ёшидан бошлаш. 

Global HIPPO Уюшмасининг қонун қоидаларига кўра, ушбу олимпиадаларда барча фанлар инглиз тилида тақдим этиладиган мактаблар, жумладан Америка, Британия ва бошқа шунга ўхшаш мактаблари, ёки инглиз тили асосий тил ҳисобланган давлатда туғилиб ўсган, 3 йилдан ортиқ ушбу давлатда истиқомат қилган ёки 3 йилдан ортиқ таълим олган, аммо ҳозирда Ўзбекистонда яшаётган икки тилда гаплашувчи (билингуал) ўқувчилар Ўзбекистонда ташкил топган давлат ва нодавлат умумтаълим мактаб, яъни инглиз тили хорижий тил сифатида ўрганиладиган мактаб ўқувчилари билан “Hippo” Олимпиадасида бир хил даражада беллашиш ҳуқуқига эга эмас. Билингуал (икки тилда гаплашувчи) ўқувчилар “Hippo” Олимпиадасининг қонун қоидасида белгилаб кўрсатилган махсус даражасида ўз тенгдошлари билан алоҳида беллашиш ҳуқуқига эга. 

Эслатма: Юқорида билингуал ўқувчилар юзасидан таъкидлаб ўтилганидек, “Hippo” қонун қоидаларига қатъиян риоя қилиш шарт. Агар шубҳали ҳолат юзага келиб, яъни билингуал ўқувчи ўзига мос бўлмаган “Hippo” олимпиадаси даражаси учун бошқа мактаб орқали “Hippo” олимпиадасида иштирок этиш ҳолати кузатилса, ушбу иштирокчи олимпиададан четлаштирилади ва барча тест топшириқлари бекор қилинади. 

SEAMO (иштирок тўлов асосида) - Халқаро математика фани олимпиадаси умумтаълим мактабларининг 1-11 синф ўқувчилари учун. Ушбу олимпиада 2016 йилда Сингапур давлатининг “Terry Chew Institute of Mathematical Olympiads”  қошида ташкил этилган бўлиб, унда дунёнинг 15 дан ортиқ давлатлари қатнашади. Ушбу олимпиада 2 босқичдан иборат  бўлиб, илк саралаш босқичи Ўзбекистоннинг  ҳудудларида бўлиб ўтади. Якуний босқич эса барча давлатлар  учун Австралия давлатининг Голдкост ҳудудида бўлиб ўтади. Тест саволлари асосан инглиз тилида бўлиб илк саралаш босқичида ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган вариантлар ҳам тақдим қилинади. Якуний босқич эса, фақат инглиз тилида бўлиб ўтади. Ҳар бир иштирокчи халқаро сертификат билан тақдирланади. Умумий иштирокчининг энг юқори 8%и Gold медал ва сертификат, 12%и Silver медал ва сертификат, 20 %и Bronze медал ва сертификат билан тақдирланади. Шунингдек, Ўзбекистон бўйича ҳар бир синф кесимида энг юқори 3 талик ғолиблар саралаб олинади ва улар Сингапур давлати Terry Chew Academyнинг онлайн бепул ўқишига сазовор бўлади. Ушбу курсни якунлагач Халқаро диплом билан тақдирланади.  Якуний босқич иштирок-чилари турли хил ютуқлар жумладан медал, сертификат ва Сингапур давлатида таҳсил олиш учун кичик стипендия олиш имконига эга бўлади. 

MAA AMC (Иштирок тўлов асосида) – Америка Халқаро Математика Олимпиадаси 9,10 ва 11-синф ўқувчилари учун. Бу олимпиада Америка давлати Математика Олимпиадалари Уюшмаси томонидан тасдиқланган. Олимпиада имтиҳони саволлари 3 тилда тақдим этилади, асосий Инглиз, таржима қилинган вариантлар ўзбек ва рус тилларида тақдим этилади. Ушбу Американинг расмий олимпиадаси Американинг энг юқори саналган Университет  ёки коллежларига топшириш учун тавсия қилинадиган ёки талаб қилинадиган баллар ёки серификатлар тақдим қилади. 

HKIMO (Иштирок тўлов асосида)-Гонконг Халқаро Математика олимпиадаси Olympiad Champion Education Center  томонидан ташкил этилади. Ушбу ўқув маркази Гонконг Таълим Бюросида рўйхатга олинган бўлиб, Гонконгда математика олимпиада машғулотларини ўтказади.  Ушбу олимпиада 1-11 синф ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун бўлиб, икки босқичда ўтказилади. Илк саралаш босқичи Ўзбекистоннинг ҳудудларида, якуний босқич Гонконгда бўлиб ўтади. Олимпиаданинг асосий мақсади ёшларни рағбатлантириш  ва тарбиялаш, ўқувчиларнинг математикани ўрганишга қизиқишини ошириш, ижодий фикрлаш қобилиятини кучайтириш ва барча мамлакатларда таълим маданиятини ўзаро алмашишдир. 

Айни дамда бутун дунёда кечаётган пандемия даврида  ушбу олимпиадалар онлайн тарзда ЗООМ платформасида илк саралаш босқичини ташкиллаштирди.

Юқорида санаб ўтилган Халқаро олимпиадаларда ҳам туманимизнинг билимга чанқоқ бир неча ёшлари иштирок этишга муваффақ бўлишди. Уларнинг келгуси ишларида зафарлар тилаб қоламиз.


Наргиза МАМАТКАРИМОВА, 

 55-умумтаълим мактаби  инглиз тили фани ўқитувчиси, ELPC Халқаро Олимпиадалари Оқдарё тумани координатори.