Вояга етмаган болалар ўғирлик содир этишди

Судланувчи, вояга етмаган Маъруф Мардиев (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, танишлари - вояга етмаган Ҳасан Мухторов ва Бектош Барноевлар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, 2021 йил 31 март куни соат 20:00 лар чамасида  "Узунқишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, "Холдор" қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Ш.нинг яшаш уйига ғайриқонуний равишда киришади. У ерда бўлган вазни 56,96 килограмм, жами баҳоси 854.400 сўмлик дуккакли ўсимлик ҳисобланган қизил рангли ловия маҳсулотини халталарга солиб, яширин равишда талон-торож қилишиб, воқеа жойидан яширинганлар.
Бундан ташқари, судланувчи вояга етмаган Маъруф Мардиев, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 1 апрель куни соат 23:30 лар чамасида "Узунқишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, "Холдор" қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро А.Д.нинг ҳовлисига кириб, ҳовлида турган баҳоси 700.000 сўмлик кўк рангли "Беларуссия" русумли велосипедини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган, вояга етмаган Маъруф Мардиев ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни баёнот берди. Маъруф мактабда дарс машғулотлари тугагандан сўнг, кўчаларда айланиб юриб, қандай қилиб моддий томондан пул маблағларига эга бўлишни, енгил йўллар билан пул топиш ҳақида ўйлар экан, бирдан хаёлида ўғирлик қилиб пул топиш фикри пайдо бўлди. Шу топда қишлоғида яшайдиган амакисининг фарзандларига тегишли бўлган бир дона велосипедни яширин равишда ўғирлаб кетишни режалаштирди.
2021 йил 1 апрель куни мактабдаги дарслар тугагандан кейин кўчаларда айланиб юриб, у соат 23:30 лар атрофида яшаш уйига кириб келади ва ўтириб овқатланади. Шундан сўнг бироз ётиб, уй-қуси келмаганлиги сабабли ўрнидан туриб, онаси ва укасининг ухлаб ётганлигидан фойдаланган ҳолда, кўчага чиқади. Кўчага чиққан вақтида соат  24:00 лардан ўтган, бегона кишилар умуман бўлмаганлигидан фойдаланиб, у амакисининг яшаш уйига боради. У ерда ҳам ҳамма ухлаб ётганидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда амакисининг уйига киради. У муқаддам бир неча маротаба кўрган кўк рангли велосипедни аста олиб, уйдан кўчага чиқади. Кўчага чиққан вақтида ҳеч ким бўлмасада, у велосипед билан уйга бора олмаслигини тушуниб етади,  тунаб қолиш учун бирон жой топиш ниятида велосипедга миниб, тўғри "Узунқишлоқ" маҳалласида жойлашган стадион олдига бориб, у ердаги қоровулхонада тунаб қолади. 
Эрталаб туриб у қўлга киритган велосипедни сотиш ҳақида ўйлай бошлайди. "Янгиравот-1" маҳалласида яшовчи танишининг уйига боради. Таниши билан қишлоқма-қишлоқ айланишиб, мижоз излашади ва охири велосипедни Бурганли қишлоғидан Эмин деган кишига 700.000 сўмга пуллашади. 
Бундан ташқари, 2021 йилнинг 31 март куни у дарс машғулотларидан сўнг, уйда  ўзининг ишлари билан банд бўлиб, шу куни соат 19:30 лар атрофида қишлоқ ҳудудида жойлашган сартарошхонанинг олдига борганда қишлоқдош дўстлари ҳамда бир мактабда таҳсил оладиган Ҳасан Мухторов ва Бектош Барноевларни кўриб қолади. Уларга зудлик билан ўзи ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш йўлларини тушунтиради. Шунингдек, ҳамқишлоқлари Д.Б.нинг уйидан ўғирланган ловияни Б.Б.нинг онасига сотишни режалаштиради ва шундай ҳам қилишади. Ўғирланган иккита халтани учаласи алмашиб кўтариб, тўғри Б.Б.нинг яшаш уйига келишади, Б.Б.нинг онасини чақириб чиқиб, ловияни кўрсатиб, ушбу ловия Х.М.га тегишли эканлигини, уйга пул керак бўлганлиги сабабли уни сотаётганлигини айтишади. Б.Б.нинг онаси ушбу халталардаги ловияни олиб қолиб, Х.М. га 200.000 сўм миқдордаги пулни беради.  Шериклар ўғирликдан олдин келишувга кўра қўлга киритилган пулларни тенг тақсимлаб олишди. 
Судланувчи, вояга етмаган Маъруф Мардиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг "а" банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖК 57-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 82-моддаси тартибида, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, яъни 2.450.000 сўм жарима жазоси тайинланди ва ундан давлат даромадига ундирилди. Унинг шериклари бўлган Ҳасан Мухторов ва Бектош Барноевлар ҳам ўзларининг қилмишига яраша жазосини олишди ва улар вояга етгунларига қадар жамоат тарбиячиси сифатида мактаб директорига  тайинланди.


Ж.АРСЛОНОВ,

 вилоят судининг судьяси.


И.ДОНИЁРОВ,

          жиноят ишлари бўйича туман

 судининг раиси.