Саёқ юрган, таёқ ейди

Дарҳақиқат, халқимиз томонидан "Саёқ юрсанг, таёқ ейсан", деган мақол бежизга айтилмаган. Кимки, ушбу пурмаъно нақлга амал қилмас экан, у ўзи билмаган ҳолда қинғир кўчага кириб қолади ва қонун бузилишига ҳамда охир оқибатда жиноят содир этиб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Судланувчи  Дониёр Асадуллаев ҳам ана шундай қонунбузарликларга йўл қўйиб, эндиликда эса қилган ишидан минг пушаймон бўлиб, суднинг қора курсисида ўтирибди.
Дониёр Асадуллаев 2021 йил 11 январь куни кеч соат 22:00 лар чамасида Челак шаҳрида яшовчи А.Ж.га тегишли бўлган "Ласетти" русумли автомашинасини бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатларсиз ҳайдаб йўлга чиқади. У Оқдарё тумани "Пахтаобод" маҳалласидан ўтувчи Самарқанд шаҳар айланма йўлининг 30-километрида "Даҳбед-Чархин" йўналишида амалдаги "Йўл ҳаракати қоидалари"ни қўпол равишда бузиб, бошқарувида бўлган "Ласетти" русумли автомашинасини ҳаракат йўналиши билан бир йўналишда ундан олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи Х.Д.нинг  бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасини орқа томонига бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилади. Натижада ҳайдовчи Х.Д.нинг бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган М.Ш.нинг тан жароҳатлари олишига сабабчи бўлади. Шунга қарамасдан Дониёр Асадуллаев жабрланувчи М.Ш.ни ҳаёти ва соғлигини хавфли аҳволга солиб қўйиб, унга ёрдам бериши, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши ўрнига воқеа жойидан қочиб кетади. Ҳайдовчи Х.Д.нинг бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган М.Ш. қаттиқ тан жароҳатлари олиб, РШТЁИМ Самарқанд вилояти филиалига олиб борилади ва зудлик билан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2021 йил 12 январь куни соат 17:00 лар чамасида шифохонада вафот этади.
Дониёр Асадуллаев ўзига тегишли бўлмаган автомашинани бошқариб, йўл транспорт ҳодисасини содир этилишигагина эмас, балки, ҳаёти хавф остида қолган жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетиш орқали бир инсоннинг вафот этишига ҳам сабабчи бўлди. Шунингдек, у  Х.Д.нинг бошқарувида бўлган "Матиз" русумли автомашинасига 10.872.876 сўм ва А.Ж.га тегишли бўлган "Ласетти" русумли автомашинасига 5.987.764 сўм моддий зарар етказган.
Судланувчи Дониёр Асадуллаев Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми ва 117-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
            
Т.Байзаков,
     Самарқанд вилоят суди раиси 
     ўринбосари.
     И.Дониёров, 
     жиноят ишлари бўйича  
     туман судининг раиси.
Мавзуга оид:
суд ва ҳаёт

суд ва ҳаёт

  • 26 фев, 16:58