МАКТАБ ТАРҒИБОТЧИСИ КИМГА БЎЙСУНАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26-мартдаги РҚ-5040-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб туман халқ таълими бўлимига қарашли мавжуд 57 та умумтаълим мактабларида ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчилик лавозимлари жорий этилди. Бугунги кунда тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 55 нафар ИММБТлар фаолият кўрсатмоқда.
Шуни қувонч билан таъкидлаш керакки, тарғиботчи лавозими жорий этилгандан кейинги даврни таҳлил қиладиган бўлсак, Оқдарё ижодий муҳитида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Ижодкорлар иштирокида катта-катта тадбирлар ташкил қилиниб, китобхонлик кечалари, шеърхонлик беллашувлари ўтказилди. Ушбу тадбирларга нафақат туманимизда яшаб ижод қилаётган ижодкорлар, вилоят ва республика миқёсидаги ёзувчи ва шоирлар таклиф этилди. Бунинг натижасида оқдарёлик ижодкорларимизнинг ижод намуналари нафақат туманимизда балки, вилоят ва республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда ёритилди. Бу эса Оқдарёда ижодий муҳитнинг янада гуллаб-яшнаётганлигининг ёрқин намунасидир.
Хўш, умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг асосий вазифаси нималардан иборат? Ушбу саволга икки йилдирки, мактаб раҳбарлари турлича ёндошаётганлиги жуда аянчли ҳолатдир. Негаки, тарғиботчининг асосий вазифаси Президент қарорида алоҳида кўрсатиб ўтилган бўлишига қарамасдан, ушбу лавозимга, аниқроқ айтадиган бўлсак, тарғиботчига нисбатан нотўғри муомалада бўлаётган мактаб раҳбарлари ҳамон учраб турибди. Ушбу мактаб раҳбарлари бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлсада, ўзларига тўғри хулоса чиқариб олишмади. Айрим мактабларда қайси фан ўқитувчисининг дарс соати етишмаса, шу ўқитувчини тарғиботчи вазифасига ўтказишга ҳаракат қилинса, баъзи ҳолатларда эса мактабга умуман қадамини босмаган "тарғиботчи"ларни "ишлатаётган" раҳбарлар ҳам бор. Нима экан, ушбу "эркатой" тарғиботчилар юқори ташкилотларнинг топшириғи билан қўйилган эмиш. Шу боисдан ишга йил давомида келмасада, мактаб директори бу тарғиботчини ишдан бўшатолмас экан. Нега дейсизми? Ҳаммаси ойдек равшан. Мактаб директори битта тарғиботчини деб ишдан кетсинми? Айрим мактаб раҳбарлари эса: "Сен етакчи қиладиган вазифаларни бажарасан. Ҳар куни келиб ўқувчиларни давоматини оласан, ҳафтада бир кун  навбатчи бўласан. Мактабдаги ҳар бир тадбирни ўтказасан, келмасанг ўрнингга бошқа номзодим бор",- дея "топшириқ"лар бермоқда...  
Тўғри, тарғиботчи вазифаси умумтаълим мактабларида маънавий маданий соҳани ривожлантириш, ижодкор ўқувчиларни топиб, унинг қизиқиши бўйича сабоқ бериш, уларни шу йўналиш бўйича туман, вилоят, республика миқёсидаги тадбирларда иштирок этишини таъминлашдан иборат. Лекин, бу дегани, айрим мактаб раҳбарлари учун тарғиботчига нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш дегани эмас. Шундай экан, Президент қарори асосида мактабларда фаолият юритаётган тарғиботчининг вазифалари нималардан иборат эканлигини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз:
1.  Ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади.
2.  Ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб боради, уларга ижодий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатади.
3.  Ижодий тўгараклар ташкил этади ва режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради.
4.  Ёрқин истеъдодга эга бўлган ўқувчи ёшларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилади, уларнинг ижодий ишларини адабий нашрларга, алманахларга тавсия этади.
5.  Истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига мотивация беради.
6.  Ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестивал ва бошқа тадбирлар ташкил этади.
7.  Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб боради.
8.  Таниқли шоир ва ёзувчиларни жалб қилиш орқали умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этади. 
9.  Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилиш орқали ўқувчи ёшлар онгида умуминсоний  ва миллий қадриятларни шакллантириш, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш бўйича мунтазам равишда иш олиб боради.
10. Бадиий адабиёт, ижодий жараёнларга қизиқтириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашда ёрдам беради.
Тумандаги аксарият мактабларда "Оқдарё овози" газетаси қошида йиллар давомида фаолият юритаётган   "Навниҳол" ижодий клубида қалами чархланиб, бугунги кунда ўзининг назм ёки наср йўналиши бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлган, шо- гирдларига адабиётнинг поэзия, проза, публицистика йўналишлари бўйича сабоқ бераётган оқдарёлик ижодкорларимиз тарғиботчи сифатида фаолият юритишмоқда. Ишончимиз комилки, фидойи тарғиботчиларимиз, умумтаълим мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ёшларимиз орасидан эл суйган буюк шоир ва адиблар, машҳур журналистларни етиштириб, туманимизнинг маънавий-маърифий, маданий-адабий муҳитини юксалтиришда ўзларининг муносиб улушларини қўшадилар.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
                                                             журналист.