ОҒУФУРУШЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Судланувчилар Ҳакимов Зокир ва Мардиев Мўмин Самарқанд вилояти ҳудудида кўп миқдордаги "опий" гиёҳвандлик воситасини келгусида бошқа шахсларга ўтказиш мақсадида ўзаро тил бириктириб, жиноий режа тузишади.  Шунга кўра, 2021 йил 16 сентябрь куни кўп миқдордаги "опий" гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик шахслар орқали Ўзбекистондаги танишларига ўтказиб бериш ҳақида режалаштиришади.
2021 йил 16 сентябрь куни иш юритувга ажратилган бошқа шахс М.Мардиевга "Интернет" ижтимоий тармоғининг "WhatsApp" мессенжери орқали қўнғироқ қилиб, кўп миқдордаги 5.953,5 грамм "опий" гиёҳвандлик воситаси Тошкент шаҳри "Ўрикзор" бозоридаги танишларида эканлигини, ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб кетиши лозимлигини айтади. З.Ҳакимов ва М.Мардиевлар ўзларининг жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2021 йил 16 сентябрь куни соат 12:30 ларда гиёҳвандлик воситасини олиш учун судланувчи М.Мардиевнинг бошқарувида бўлган автомашинада "Ўрикзор" бозорига етиб боришади. Уларни иш юритувга ажратилган шахснинг Ўзбекистондаги жиноий шериклари кутиб олиб, уларга қора рангли спорт сумкасига солинган ҳолда кўп миқдордаги 5.953,5 грамм "опий" гиёҳвандлик воситасини бериб кетишади. З.Ҳакимов ва М.Мардиевлар "опий" гиёҳвандлик воситасини келгусида Самарқанд вилояти ҳудудида қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида ўзларининг бошқарувида бўлган "KIA BONGO" русумли автомашинаси салонига ортишади. "Тошкент-Самарқанд" йўналиши бўйича жойлашган М-39 автомобиль йўли бўйлаб Самарқанд шаҳрига қараб ҳаракатланиб келаётган вақтида, соат 16:50 лар чамасида ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ва Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан биргаликда ўтказилаётган "Гиёҳвандликка қарши курашиш" қўшма тадбири доирасида М-39 автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳудудидан ўтадиган қисмида жойлашган "Юқори нуқта" ЙПХ масканида тўхтатилади. Холислар иштирокида автомашина кўздан кечирилганда, М.Мардиевнинг бошқарувида бўлган "KIA BONGO" русумли автомашина салонидаги ҳайдовчи ўриндиғининг ортида қора рангли спорт сумкасига солинган   гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланади. Тезкор гуруҳ томонидан 5.953,5 грамм "опий" гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинганлиги сабабли, жиноий гуруҳ ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий ҳаракатларини охиригача етказа олмадилар.
Судланувчилар Ҳакимов Зокир ва Мардиев Мўмин, Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

     И.Дониёров,

Жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.