РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ БЎЛДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларининг педагоглари орасидан математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича илғор, ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва турли фанлар бўйича тест саволлари заҳирасини шакллантириш мақсадида “Энг яхши назорат материаллари” кўрик-танлови ташкил этилганди. 

Танловда иштирок этиш учун Халқ таълими вазирлигига жўнатилган назорат материаллари орасидан низом талаблари асосида 2393 нафар педагогларнинг ишлари қабул қилинди. Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаменти ва Республика таълим марказининг вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари назорат материалларини баҳолашди ва ғолиблар аниқланди. Энг муҳими, ғолиблар орасида самарқандлик ўқитувчилар ҳам бор.

Жумладан, математика фани бўйича туманимиздаги 47-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Бахтиёр Ҳасанов 2-ўринни қўлга киритди. 1- ва 3-ўринлар Қашқадарё ва Навоий вилояти вакилларига насиб этган. 

Бахтиёр Ҳасанов 1989 йилдан буён тумандаги 47-мактабда математика ва информатика фанларидан ўқувчиларга сабоқ бериб келади. Малака ва тажрибага эга устоз педагогик фаолияти давомида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига ҳам сазовор бўлган. Пухта билимга эга, фанни чуқур ўзлаштирган кўплаб шогирдларни тарбиялаб, ҳаётда ўз ўрнини топишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ғолиблар Халқ таълими вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.