ОҚДАРЁ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА

Туман ҳокими  Нажмиддин Сулаймонов билан суҳбат

СУҲБАТДОШИМИЗ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ:
Нажмиддин Сулаймонов 1975 йилнинг 15 апрелида Пайариқ туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тугаллаган. Мутахассислиги иқтисодчи. Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Пайариқ туманидаги "Янгиер" фермер хўжалигининг бош ҳисобчиси вазифасида бошлаган. Шундан сўнг қатор йиллар давлат тижорат халқ банкининг Пайариқ тумани бўлимида раҳбарлик вазифаларида фаолият кўрсатган. 2010-2014 йилларда Пайариқ туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, 2014-2016 йилларда вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирлигининг Самарқанд вилоятидаги ваколатли вакили, 2018-2019 йилларда Пайариқ туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифаларида фаолият кўрсатган. 2020 йилнинг18 апрелидан бошлаб Оқдарё туман ҳокими вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.

Савол: Нажмиддин Баҳриевич, сизнинг ҳоким сифатида фаолият бошлаганингизга ҳам бир йилдан ошди. Шу давр ичида қандай ишларни амалга оширишга улгурдингиз?
Жавоб: - Ўтган бир йилдан зиёд фаолиятим даврида туманимизда бир қатор ютуқларга эришиб келмоқдамиз, деб ўйлайман.
Жумладан, Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатлар, ҳудудларни ривожлантириш учун берилаётган кўпгина имтиёзлардан тўғри фойдаланган ҳолда туманимизда ҳам маҳаллий бюджет даромадларини орттириб бажарилган қисмини бунёдкорлик ишлари, инфратузилмаларни яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, кам таъминланган, ногирон, қаровчисиз қолган фуқароларга моддий кўмак бериш, ишсиз фуқаролар ва ёшларни ўзини-ўзи банд қилиш учун хоҳишига кўра жиҳозлар олиб бериш ва шу каби бошқа йўналишларга  сарфланмоқда.
Биргина, жорий йил давомида тумандаги қишлоқларнинг 45 км.дан зиёд тупроқ йўлларига шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Лойиш шаҳарчасининг марказий кўчаларига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди ҳамда Давлат дастурлари доирасида 55 та ички кўчаларнинг 34,5 км. қисмига асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Жорий йилда фермер хўжаликларимиз томонидан хирмонга 275 тонна пилла ҳамда 24,5 тонна ғалла топширилиб, белгиланган шартнома шартлари тўлиқ бажарилди.
Бу каби ютуқларимиз барча жабҳаларда кўринмоқда.
Савол: Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бу соҳада туманда аҳвол қандай? 
Жавоб: - Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда қишлоқ хўжалигининг ўрни ниҳоятда муҳим, шу жумладан, туманимизда ҳам. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни эса хомашё билан таъминлаш аграр соҳа вакиллари зиммасида эканлигини инобатга оладиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги туманимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда туманимизда бир қанча йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолият юритмоқда. Жумладан, "Afrasiab jeans textile", "Pichokchi dry fruits", "Prestij don",  "Pichoqchi eksport savdo", "Hakan agro invest" ва "Oqdaryo  ipagi" каби йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарни мисол қилишимиз мумкин.  
Туманимизда 21 минг гектарга яқин суғориладиган ер майдонлари мавжуд бўлиб,  уларда асосан пахта, ғалла, сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. 
Мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, экин турлари замон талабидан келиб чиқиб ўзгартирилди. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг манфаати ҳам ошмоқда. 
Бугунги кунда туманимизда "Afrasiab jeans textile" пахта тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, пахтадан то тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш занжири тўлиқ қамраб олинди. Ушбу пахта тўқимачилик кластери томонидан пахта хом ашёси етиштиришдан тортиб, ип калава, жинси матосини тўқиш ва бўяш каби ишлар бажарилади ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг аксарияти Россия, Туркия ва Хитой каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Йил бошидан корхона томонидан 4,9 миллион долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.
Жорий йил якунига қадар туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида 18 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши ҳисобига туманда 200 дан ортиқ фуқаролар доимий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, туманда 500 гектардан ортиқ сув тежовчи технологиялар жорий қилинди ва бу жараён яна давом этмоқда. 
Савол: - Туманга чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу сизни қониқтирадими?
Жавоб: - Тан олиб айтишим керакки, бугунги кунда туманимизни инвестицион жозибадорлиги туман ҳокими сифатида мени қониқтирмайди.
Лекин, бу борада хорижий инвесторларни туманимизга жалб қилиш бўйича амалий ишларни олиб бормоқдамиз.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Туркия, Австрия, Покистон, Бельгия каби давлатлардан ташриф буюрган инвесторлар билан шахсан учрашиб мулоқотлар ўтказдим. Улар томонидан таклиф этилаётган лойиҳалар билан танишдим. Бугунги кунда ушбу лойиҳаларни туманда амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни белгиламоқдамиз.
Хусусан, январь-август ойларида "OQDARYO PLANKTON" МЧЖ томонидан        1 млн.722 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Савол: - Муҳтарам Президентимиз яқинда тадбиркорлар билан учрашув чоғида уларнинг саволларига жавоб бериб, одамлар бой бўлмаса давлат бой бўлмайди, деган фикрни олға сурди. Туманимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз?
Жавоб: - Туманимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга бир қатор шароитлар яратилиб берилмоқда. 
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1440 та жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик йўналишида барча манбалар ҳисобидан жами 36,4 млрд. сўм кредит ажратилди. Шундан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 1234 та лойиҳага 32,4 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди.



Экспортёр корхоналарга солиқ имтиёзлар қўлланиши орқали ҳисобланган 2,8 млрд.сўм ҚҚС солиқлари қайтарилиб, уларнинг айланма маблағи оширилди.
Бундан ташқари, туманда "Ёшлар саноат зонаси" учун Зарафшон массивидан 5,3 га ер ажратилиб бугунги кунда "E-IJRO AUKSION" платформаси орқали ер майдонлари ер талабида бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналар учун аукционга қўйилди.
Яратилаётган кенг имкониятлар эвазига туманда яна 28,6 гектар майдонда 4 та кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. (Бозоржой  КСЗ  2,6 гектар, Амир Темур КСЗ 10,0 гектар, Янгиқўрғон КСЗ 11,0 гектарни, Янгиравот КСЗ 5,0 гектар). Ушбу кичик саноат зоналарига бугунги кунда 20 та ишлаб чиқариш лойиҳа таклифлари шакллантирилиб, янги лойиҳа таклифлари тайёрланмоқда.
Савол: - Ҳозирги пайтда давлат томонидан мактабгача таълим, халқ таълими ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Бу соҳаларда олиб борилаётган ишлар сизнингча талабга жавоб берадими?
Жавоб: - Туман мактабгача таълим бўлими тасарруфида 28 та давлат, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 153 та оилавий шаклдаги жами 189 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб кел- моқда. 
Туманда мактабгача таълимга, мактабгача таълим ёшидаги болаларни қамраб олиш 2019 йил якунида 51,2 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда эса қамров кўрсаткичимиз 82,6 фоизга етказилди. Сентябрь ойи якуни билан қамров кўрсаткичи 85 фоизга етказилади. Режага кўра, бу йил 22 та оилавий боғча очиш мақсад қилинган бўлса, ҳозирга қадар 75 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти очилди. 
Тумандаги 14-сон мактабгача таълим ташкилоти Давлат инвестиция дастури бўйича қайта қурилиб реконструкция қилинмоқда. Обод қишлоқ дастури асосида Янгиравот-2 маҳалласи Ўклон қишлоғида ҳам 50 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда.
6 та мактабгача таълим ташкилоти маҳаллий бюджет ҳисобидан жорий таъмирланди, 2 та мактабгача таълим ташкилотига замонавий иситиш қозонлари ўрнатилмоқда. 
Туманда 57 та умумий ўрта таълим мактаблари бўлиб, 1 та 52-сон Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 1 та 45-сон Давлат ихтисослаштирилган мактаби мавжуд бўлиб, 2021-2022 ўқув йилида 47-сон умумий ўрта таълим мактаби информатика, 20-сон умумий ўрта таълим мактаби математика ва физика, 22-сон умумий ўрта таълим мактаби чет тилига ихтисослаштирилган мактабга айлантирилди.
2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларини битирган 2021 нафар ўқувчининг 508 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилиндилар.
Туманда таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича Инвестиция дастури асосида 8 та умумтаълим мактаби (8, 15, 32, 36, 45, 47, 49-) капитал реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди.
Мактаб бинолари капитал реконструкция қилиниб, 12-мактабга 140 ўринли, 19-мактабга 120 ўринли, 29-мактабга 120 ўринли, 25-мактабга 300 ўринли, 39-мактабга 240 ўринли, 50-мактабга 160 ўринли янги бинолар қурилди. 26-мактаб Президент ташрифи доирасида қўшимча Давлат Дастурига киритилган бўлиб, ҳозирги кунда 400 ўринли янги ўқув биносининг (пойдеворини қазиш) қурилиш ишлари бошланган.
5-умумтаълим мактабининг "Галаравот" МФЙ, "Юқори Бойбўта" қишлоғидаги 60 ўринли филиал биноси реконструкция қилиниб, замонавий мактаб биноси қурилди.
Туман аҳолисига 11 та амбулатория поликлиника муассасалари хизмат кўрсатади. Жумладан, 6 та қишлоқ врачлик пунктлари, 4 та қишлоқ оилавий поликлиникалар, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 1 та 295 ўринли туман тиббиёт бирлашмаси (1 та марказий шифохона таркибидаги тез тиббий ёрдам бўлими), туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар, кардиология, неврология, жарроҳлик, туғруқ комплекси, болалар бўлими, юқумли касалликлар ҳамда шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимларида 295 та стационар шифо ўринлари мавжуд.
Туман тиббий тез ёрдам бўлими 1 та марказий бўлим ва 8 та марказ, Янгиқўрғон, Авазали, Даҳбед, Узун, Улуғбек, Бошдархон, Туртайғир, Суғончи тез ёрдам шохобчаларидан иборат. Тез ёрдам шохобчалари 13 та, тез ёрдам автомашиналари 34 турдаги тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланган.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг терапия ва болалар бўлимлари эски бинода жойлашган эди. Бу йил инвестиция Дастури асосида мазкур бўлимлар учун қиймати 23 млрд. сўмлик икки қаватли замонавий бино қурилмоқда.
Савол: - Илгарилари кадрлар олтин фондимиз, деган шиор бўларди. Чунки барча соҳаларни ривожлантиришда ташаббускор, тажрибали кадрлар катта роль ўйнайди. Айни пайтда туманда фаолият кўрсатаётган барча тоифадаги раҳбарларнинг фаолияти сизни қониқтирадими?
Жавоб: - Ҳақиқатдан ҳам кадрлар масаласи долзарб масала. Барча соҳаларни ривожлантиришда ташаббускор, тажрибали жонкуяр кадрлар катта роль ўйнайди. 
Ҳозирги вақтда ташкилот раҳбарининг бир ташкилотда йилига икки ва ундан ортиқ алмашишини кўриш мумкин. Бу ҳолатни кўпинча тижорат банкларида кузатиш мумкин. Хоҳлаган  кадрни хоҳлаган вақт олиб келиб қўяди, хоҳлаганда бошқа ҳудудлардан олиб келиб қўяди. У кадр гўёки вақт ўтказишга келгандек жонкуярлик кўрсатмай фаолият юритади. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5843-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 72-моддаси талаблари асосида бугунги кунда вакант лавозимларга ишга қабул жараёнида шаффофликни таъминлаш, илғор  халқаро стандартларга мувофиқ махсус элек-трон дастур асосида талабгор фуқароларнинг барчасига тенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда саралаб олиш тартиби белгиланади. Вакант лавозимларга фақат очиқ мустақил танлов https://vacancy.argos/uz/ "Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали" орқали амалга оширилмоқда.
Ушбу танловда танлов комиссияси тузилган бўлиб, комиссия томонидан танлов ғолибини аниқлаш билан бир қаторда, вакант лавозимларга эълон қилинган очиқ мустақил танловда иштирок этиб, охирги босқичга етиб келган ҳар бир номзоднинг шахсий ва касбий фазилатлари, амалий тажрибаси, билими ҳамда иқтидори ҳисобга олинган ҳолда танлов комиссиясининг тавсиясига мувофиқ улар орасида энг муносиблари танлаб олинади.
Танлов қуйидаги босқичларда ўтказилади:
- биринчи босқич - танлов ўтказилиши тўғрисида эълон;
- иккинчи босқич - ҳужжатларни қабул қилиш ва саралаш;
- учинчи босқич - тест синовлари; 
- тўртинчи босқич - суҳбат ўтказиш;
- бешинчи босқич - номзодни ишга қабул қилиш тўғрисида тавсия бериш.
Савол: - Аҳолини камбағалликдан чиқариш ва ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги аҳвол қандай? Бу соҳада муаммолар борми?
Жавоб: -Туманда дастлаб 1915 та оила "Темир дафтар"га киритилган бўлиб, бугунги кунда 1779 та оиланинг 2445 нафар аъзоларининг бандлиги таъминланиб, "Темир дафтар"дан чиқарилди. Жумладан, 81 та оилага имтиёзли кредитлар ажратилди, 65 та оила аъзоларига субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди, 216 та оилага парранда олиб берилди, 27 та оилага чорва моллари олиб берилди, 75 нафар оила аъзолари инвестиция лойиҳалари асосида ишга тушган корхоналарга ишга жойлаштирилди, 170 нафар оила аъзолари турли корхоналарга ишга жойлаштирилди.
Туманда 30497 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, шундан 3258 нафари "Ёшлар дафтари"га киритилган эди. Бугунги кунда 3184 нафар ёшларни ўзларининг хоҳиш-истаклари бўйича бандлиги таъминланиб, "Ёшлар дафтари"дан чиқарилди. Жумладан, 367 нафар ёшлар доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 309 нафар ёшларга кредит ажратилди, 1786 нафар ёшларга экин экиш учун ер ажратилди, 9 нафар ёшларни тўлов контрактлари тўлаб берилди, 12 нафар ёшларни ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳозирда қолган ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида туманда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, соҳалари бўйича тадбиркорликка ва бўш иш ўринларига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Савол: - Туманда ҳал этилиши лозим бўлган қандай муаммолар бор, деб ўйлайсиз? Туман иқтисодиётини кўтариш учун яна қандай ишларни амалга оширилиши зарур деб ҳисоблайсиз?
Жавоб: - Туманда қишлоқ хўжалигида жуда катта имкониятлар мавжудлиги билан бир қаторда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар бисёр. Тан олиб айтиш керак-ки, туманимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳ- сулот турларини кўпайтириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш борасида ишга солинмаган имкониятлар кўп. Ерларимиздан фақат пахта ва ғалла етиштириш орқали юқори даромадга эга бўлишнинг имконияти йўқ. Шу сабабдан асосий мақсадимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва бунинг натижасида ишсизлик даражасини камайтиришдан иборат. Айрим хўжаликларни бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, жумладан, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ҳамда мева-сабзавот, хусусан узумчиликка ихтисослаштириш ҳамда туманимиздаги айрим маҳаллаларни маълум бир турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришни мақсад қилганмиз. Бу орқали етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини бошқа ҳудудлар бўйлаб етказиб беришда яхши имконият, транспорт логистикаси учун эса қулай шароит яратади ҳамда экспортёрларни жалб этади. 
Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлашдир. Фермерларимиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларнинг шу пайтгача амал қилиб келган иш услубини ўзгартириб, шунчаки хом ашё етиштириш билан эмас, уларни қайта ишлаш, сақлаш ҳамда экспорт қилиш, умуман олганда янгича ишлаш услубига ўтишни тақозо этади.
Савол: - "Оқдарё овози" газетаси фаолияти ҳақида шахсий фикрингизни билмоқчи эдик. Газета саҳифаларида қандай мақолалар чоп этилишини истардингиз?
Жавоб: - Албатта, "Оқдарё овози" газетасининг ҳар бир сонини қолдирмасдан ўқиб бораман. Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари тўғрисида, туманимизда амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва айрим соҳалардаги йўл қўйилаётган камчликлар тўғрисида ёритиб борилади. Бу эса албатта ҳар бир соҳа вакилларининг масъулиятли бўлиб, ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришига ундайди. Келгусида ҳам "Оқдарё овози" газетасида тумандаги бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар ва эришилаётган ютуқлар тўғрисида кенгроқ ёритиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мухбир: Самимий суҳбатингиз учун  ташаккур билдирамиз. 

Суҳбатни Йўлчи МуҲаммадиев 

олиб борди.

Мавзуга оид: