КЎЧАНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?

Бундан юз йиллар муқаддам жадидчилик мактабининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий тўйларимиздаги дабдабабозлик, ортиқча ҳаражатлар ниҳоятда кўплигини, бунинг ўрнига ёшларни илмга жалб қилиш, тўйга кетаётган харажатни илмга сарфлаш лозимлигини алоҳида матбуотда чиқиш қилган эди. Ачинарли томони шундаки, орадан 100 йил ўтса ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Ким ўзарга тўй қилишлар кучайгандан кучайиб, орадан 100 йил ўтса ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Айрим амалдор ва бойваччаларнинг тўйлари туфайли катта кўчада ҳам транспорт бошқариш қийин бўлиб қолди. Фикримизнинг исботи учун мисолларга мурожаат қиламиз.
Жорий йилнинг 30 июнь куни соат эрталаб 11:00 атрофида М37-магистрал йўлининг Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи Амир Темур маҳалласи атрофида ўнлаб хориж машиналарига ўтирган ёшлар кўчани ҳеч кимга бермасдан йўл қоидаларига хилоф равишда транспорт воситаларини бошқаришиб Навоий вилоятидан келаётган барча турдаги транспорт воситаларига ҳалақит беришганларига нима дейиш мумкин. Энг ажабланарли томони шундаки келин-куёвни ФҲДЁ бўлимига олиб бораётган бу машиналарда ўтирган тасвирчиларнинг ҳатта-ҳаракатлари қонунга тўғри келмайди. Машина ойнасидан ярим гавдасини чиқариб келин-куёвни суратга олаётган тасвирчиларнинг қонун-қоидаларга бўйсунмасдан бемалол ҳаракат қилишаётганлиги кишида ташвиш уйғотади. Бу ҳаёти учун ниҳоятда хавфли эканлигини бу ёш йигитлар наҳотки англаб етишмаса. Ваҳоланки, бундан бир неча йил илгари ҳудди шундай хатти-ҳаракати учун бир тасвирчи йигит ҳаётдан кўз юмган эди. Афсуски, бундан ҳеч ким хулоса чиқармади.
Ўтган йиллари республикамизда келин-куёвларга ФҲДЁ бўлимларига олиб борувчи машиналар сони учтадан ошмаслиги айтилган эди. Бироқ айтилган гап айтилган жойида қолди. Бугун бунга ҳеч ким амал қилмаяпти. Айниқса амалдорлар ва бойваччаларнинг фарзандлари ҳатто йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига ҳам бўйсинишди исташмайди. Қизиқ томони шундаки, кўчани тўлдириб ўнлаб келин-куёвни кузатиб келаётган хорижлик машиналари йўл қоидаларига амал қилмай юришса-ю ҳурматли йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари бунга эътибор беришмаса. Ёки йўл қоидалари камбағал оилалар учун чиқарилганми деб ўйлаб қоласан киши. Айни пайтда юртимизда тўйлар мавсуми борган сари авж олаяпти. Шундай экан, келин-куёвларни никоҳ маросимига кузатадиган автотранспорт воситалари нечтадан иборат бўлиши ҳақида ҳам аниқ буйруқ бўлиши керак. Агар шундай қилинмаса йўлларимизда автоҳалокатлар содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бу ҳақда Республика ички ишлар вазирлигининг тегишли мутасаддилари ўйлаб кўришларини истардик.