АМАЛДОРЛАР ХОРИЖ МАШИНАСИДА ЮРИШИ КЕРАКМИ?

Ижтимоий тармоқларда турли тоифадаги амалдорларимизнинг ўзимизда ишлаб чиқарилаётган оддий автомашиналарни менсимасдан "Малибу", "Каптива", "Прадо" сингари нархи қиммат машиналарни сотиб олаётганликлари кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаяпти. Негаки, айрим юртдошларимиз оддий автомашиналарни сотиб олишга қурби етмаётган бир пайтда ҳокимлардан бошлаб вазирларгача қимматбаҳо автомашиналарни сотиб олаётганликлари ачинарлидир. Бу пуллар барчаси бюджетдан сарфланаётганлиги ўз-ўзидан маълум-ку. Давлат ҳисобидан ҳотамтойлик қилиш амалдорларимизнинг қон-қонига сингиб бораётганга ўхшайди. Янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун иш ўринларини яратиш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилинаётган вақтда бу нимаси? Бу ҳолатларни кузатар эканмиз, «Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига» деган мақолни эслашга тўғри келади. Нега энди амалдорларимиз оддий, унча қиммат бўлмаган "Нексия-3", "Ласетти" каби автомашиналарда юришмайди. Шундай экан, айнан уларни юқорида айтилган автомашинада юришини мажбурий қилиб қўйиш керак. Ҳозир эса туман ҳокимида "Каптива" автомашинаси бўлса, вилоят ҳокимликларида ҳам худди шундай аҳвол ҳукм сурмоқда. Яъни, ўринбосарлар ҳам нархи қиммат машинада юришади. 
Бир сўз билан айтганда, барча амалдорларимиз оддий машинада юришлари лозим. Ана шундагина улар халқ ичига киришлари ва мавжуд муаммоларни аниқлаб, чора-тадбир белгилашлари мумкин.