Таълим ва тарбия



УСТОЗ ПЕДАГОГНИНГ ШАРАФЛИ ЙЎЛИ

Шоирга дедилар: Сиз бахтли инсон,

Эл-юрт ардоқлайди, ҳамма танийди,

Шоир жавоб берди: Менда бир армон,

Муаллим десалар мени, қанийди.

Абдулла Орипов.

Бу инсон ҳақида унинг шогирдларидан кўп ажойиб сўзларни эшитганман. Уларнинг ҳар бири устозлари ҳақида фикр юритишар экан, муаллимларини ўз оналаридек кўришларини, мактабни битириб кетганларига кўп йиллар бўлсада, ҳали ҳам байрамларда, туғилган кунларида устозларини эслаб туришларини алоҳида таъкидлашади. Дарвоқе, ҳикоямиз қаҳрамони бўлган устоз педагог Гулшод Абдуллаева ва у кишининг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида бироз тўхталсак.

1937 йилнинг 8 декабрида Пилол қишлоғининг оддий камбағал оиласида таваллуд топган Гулшод урушнинг оғир кунларини ҳам бошидан кечирганлигини ҳануз эслайди. Эндигина 10 ёшга тўлганида отасидан айрилди. Онаси Ўғилой опа қизидаги зийракликни, ўқишга бўлган ҳавасни кўриб бағоят қувонар, сендан албатта зўр муаллима чиқади, деб эркалатарди. Онаси янглишмаган экан. Мактабни битиргач, Самарқанд Давлат универси-тетининг филология факультетига ўқишга кирди. Бу ерда устозларидан касбининг бутун сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Айниқса, мумтоз адабиётимизнинг улкан вакиллари бўлган Алишер Навоий, Лутфий, Муқимий, Фурқат сингари шоирларнинг адабий меросини чуқур ўрганди. ўқувчиларга дарс бериш соҳасида ҳам етарли тажриба орттирди, ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар билан ўтиб, ўқувчиларнинг бу фанга бўлган қизиқишларини янада оширишга интилди. Кўп бор туманда ва вилоятда ўтказилган «Йилнинг энг фаол ўқитувчиси» танловларида муваффақиятли қатнашди. ўқувчилари эса фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллашга эришдилар. Буларнинг ҳаммаси ўз касбига бўлган чинакамига садоқат ва фидойилик намунаси эканлигини у яхши билар, шу боис ҳар бир дарсга пухта тайёрланар, ўқувчиларнинг ҳар жиҳатдан пухта билим олиб, она Ватанимизга садоқатли инсонлар бўлиши учун астойдил жон койитарди.

- Устозимиз Гулшод Абдуллаева бизга она тили ва адабиёт фанидан чуқур билим берганлигини яхши эслайман, - дейди кўп йиллар 7-ўрта мактабда директорлик вазифасида фаолият кўрсатган, айни пайтда эса Ойтамғали маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаётган Зойир Мажидов. - Устозимиз бизларга чуқур билим бериш билан бир қаторда тарбия ҳам берганлигини фахр билан айтишим керак. Синфимизда барча ўқувчилар у кишининг дарсини орзиқиб кутишар, барчамиз аъло баҳо олишга ҳаракат қилардик. Эътиборлиси шундаки, устозимиз дарсдан кейинги пайтларда ҳам адабиёт тўгарагини очиб, бизларга қўшимча дарс берарди. Шу боисдан ҳам ўша даврда ўқиган ўқувчиларнинг аксарият қисми у кишининг фани бўйича олийгоҳларни тугатишган. Ҳозирги кунларда ҳам устозни доимо йўқлаб турамиз.

Дарвоқе, Гулшод Абдуллаева оиласини ҳақли равишда педагоглар оиласи дейиш мумкин. У кишининг турмуш ўртоғи устоз педагог Маннон Муҳаммадиев ҳам кўп йиллар давомида 7-мактабда ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ бериб, нафақат ёшларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам ҳурматига сазовор бўлган инсонлардан бири. Шуниси эъти-борлики, оиладаги 8 нафар фарзанднинг 6 нафари олий маълумотли бўлиб, барчаси ота ва она изидан боришган. Фарзандлари ҳам ота-онасининг берган меҳридан, тарбиясидан бир умр мамнун эканликларини фахр билан сўзлашади. Кўп йиллар Ойтамғали қишлоғидаги Оқдарё агросаноат ва сервис коллежининг директори бўлиб ишлаган, айни пайтда туманда Экологик партиясининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган Зафар Муҳаммадиев шундай дейди:

- Отам ва онам менинг энг яқин устозларим ҳисобланади. Ёшлигимиздан уларга ҳавас қилиб, ўқитувчилик касбини танладик. Уларнинг таълимлари ва насиҳатларига амал қилиб, ўз соҳамизнинг чинакам етук мутахассиси бўлиб етишишга ҳаракат қилаяпмиз. Энг муҳими, улардаги меҳнат-севарлик, инсонларга бўлган меҳр-оқибат ва камтарликни ўзимизда жо қилишга инти-лаяпмиз. Ота-онамиз бизнинг фахримиз. Улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Жорий йилнинг 8 декабрь куни бу табаррук инсонлар хонадонида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашдик. Айнан ўша куни онахоннинг 84 ёшлик юбилейини нишон-лашаётган экан. Хонадонга ташриф буюрган фарзандлари, оғайнилари ва яқинлари онахонни муборак ёши билан қутлашиб,  ўзларининг энг эзгу тилакларини билдиришди.

- Муҳтарам Президентимиз ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш ва уларнинг ойлик маошларини кўтариш ҳақида доимо ғамхўрлик қилаётганлигини кўриб ниҳоятда хурсанд бўлаяпмиз, - дейди онахон суҳбат пайтида. - Айниқса Президентимизнинг Ўзбекистонда энг ҳурматли касб эгалари педагоглар бўлиши лозим, деганлари бизга катта куч, ғайрат бағишлайди. Ҳозирги ўқитувчиларга очиғини айтсам, ҳавасимиз келади. Кенг, ёруғ мактаб хоналари, барча турдаги замонавий ўқув жиҳозлари давлатимиз томонидан етказиб берилмоқда. Бу эса бугунги ўқитувчиларга берилаётган юксак эътибордан далолатдир. Кўпгина шогирдларим билан ҳақли равишда фахрланаман. Улардан Аваз Мажидов,  Ҳамид Тошпўлатов, Набихон Ғафуров ва сизлар билан кўп йиллар «Оқдарё овози» газетасида раҳбар бўлиб ишлаган Ниёзхон Алиевларни ўқитганлигим билан ҳақли равишда фахрланишимни айтиб ўтишим керак.

- Турмуш  ўртоғим Гулшод Абдуллаева билан бир ёстиққа бош қўйганимизга 63 йил бўлди, - дейди ўзининг 85 ёшини нишонлаётган устоз педагог Маннон Муҳаммадиев. - Шу йиллар мобайнида қийинчиликлар ҳам бўлганлигини очиқ айтишим керак. Энг муҳими оилада бир-биримизни тушуниб яшадик, эр-хотин қўш ҳўкиз деганларидек, оғир кунларда ҳам бир-биримизга суянчиқ бўлдик, фарзандларимизни ҳам энг аввало меҳнатсевар, тарбияли бўлиши учун ҳаракат қилдик. Ана шу қилган ҳаракатларимиз бугун ўз самарасини бераяпти. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ҳар бир киши оиласида қўшимча иш қилиши керак, деб ҳисоблайман. Мен ўзим ҳам бўш пайтларимда боғдорчилик билан шуғулланаман. Ҳовлимиздаги олма, ўрик ва лимон дарахтларидан мўл ҳосил олиш учун изланамиз. Бу ҳам оилага қўшимча даромад эканлигини амалда кўриб келаяпмиз. Фарзандларимнинг барчаси боғдорчилик ва деҳқончиликдан хабардор. Ҳозир ҳам истаган фарзандимнинг уйига боринг, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Пенсияларимиз ҳам ёмон эмас, вақтида олиб келиб беришади. Шундай кунларга етганлигимиздан Яратганга шукур қиламиз.

Дарвоқе, Халқ таълими соҳасидаги хизматлари ҳисобга олиниб онахон 1963 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва бир қатор орден-медалларга сазовор бўлган. Турмуш ўртоғи Маннон ота билан фарзандлари, набиралари қуршовида бахтли ҳаёт кечиришмоқда. Инсонга бундан ортиқ бахт борми? 

Табаррук инсонлар истиқомат қилаётган хонадондан қайтар эканмиз, улуғ бобомиз Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги мисралари хаёлимга келди:

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,

Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар…

Бир умр ёшларга таълим-тарбия берган, айни пайтда ҳам мактабларга бориб, шогирдларидан ўзларининг қимматли маслаҳатларини аямаётган улуғ устозлар - Гулшод Абдуллаева ва у кишининг турмуш ўртоғи Маннон Муҳаммадиевларга узоқ умр тилаймиз. Бу инсонларнинг юз ёш билан юзлашиб юришларини Яратгандан сўраймиз. Ҳамиша омон бўлинг, азиз устозлар!


Йўлчи МУЎАММАДИЕВ,

журналист.

Мавзуга оид: