Оқдарё ижодкорлари


Танишинг: Оқдарё ижодкорлари

Оқдарёнинг Дархон қишлоғи фарзанди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Орзиқул ЭРГАШЕВ “Дархон қиссалари”, “Шоҳсанам”, “Қалб гавҳари”, “Олис юлдузлар” ва бошқа бир қатор китоблар муаллифи. 

Орзиқул Эргашевнинг қаламига мансуб  китобларини, қисса ва ҳикояларини тумандошларимиз севиб ўқийдилар. Ёзувчининг адабий ҳаёт йўли туманимиз ёшлари учун катта мактаб. Тошкент телевидениеяси, радиокомпанияларида ишлаш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида минглаб шогирдларга устоз бўлиш оқдарёлик ёш қаламкашларга ҳам насиб этсин.

Газетамиз таҳририяти сўлим Оқдарёмизда туғилиб, айни пайтда она юртимизнинг турли гўшаларида яшаб ижод қилаётган  таниқли ижодкорларимизнинг ижод намуналаридан газетамиз саҳифаларида ёритиб боришни лозим деб ҳисоблайди ва бундан албатта муштарийларимиз беҳад мамнун бўлади, деган умиддамиз.


Орзиқул ЭРГАШЕВ


Қ А Л Б   Г А В Ҳ А Р И

(бадиалар)

“Имон қалб гавҳаридур”, дейдилар Хожа Баҳовуддин Нақшбандий ҳазратлари. Қалбдаги гавҳарнинг, яъни Имоннинг ҳолати инсон шахсиятини белгилаб берувчи бош омилдир. Имон бутун бўлса, саломат бўлса унинг соҳиби ҳам том маънода бутун инсон, кўркам шахсият эгаси сифатида ўзлигини намоён қила олади. 

Инсон умри қанчалар қисқа, қанчалар ғанимат. Ана шу ғанимат – қисқа умрида қалбига хиёнат қилмасдан, имонига заҳа етказмасдан яшаб ўтиш эса, тенгги йўқ саодат. Қўлингиздаги мажмуада ана шундай саодат эгалари ҳақида сўз боради. 


НАЖОТ ФАРИШТАСИ

ёхуд

Ардоқли Халқ шоири кўргуликларининг мингдан бири ва унинг жонига ора кирган муслиманинг мардона жасорати тафсилоти


Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

Миртемир


Ҳамшира Ёрқиной опага маъқул тушиб қолди. Кўҳликкина, жуда жонсўз, куйди-пишди жувон экан: худди ўз онасини суйгандек Ёрқиной опа атрофида айланиб-ўргилади…

Опа эрталаб қўл-оёғи қақшаб, танаси оғирлашиб уйғонган, шундан кўнгли хира тортиб турган эди. Ҳамширанинг қўли енгил эканми, ўзида дарҳол ўзгариш сезди. Дили ёришиб, ҳамширага миннатдор тикилди. Уни қаердадир кўргандай бўлди. Эслолмади… Ҳамширанинг ўзи гап очиб қолди.

– Бир нарса сўрасам майлими, опа?

– Сўранг, қизим, бемалол.

– Билмадим, менга шунақа туюлдими, илгари ҳам уйингизга келгандайман…

– Мен ҳам ҳалитдан бери ўйлайман: бу қизимни қайдадир кўргандайман, деб… Балки мана шунақа хизмат билан келгандирсиз-да…

– Йў-ўқ… Мен жуда ёшлигимда келгандайман. Тахминан қирқ йиллар аввал, етти ёшимда…

* * *

Санобар ҳориб-толмайдиган ғайратли жувон эди. Отасини таниб-танимай етим қолган ёлғизгина қизининг ғамида ўзини ўтга, чўққа уради, тиним билмайди. У завод ошхонасида хизмат қилар, кун бўйи уч маҳал овқат тайёрлаши, уни иссиқ ўчоқ ёнида тик туриб ишчиларга тарқатиши, яна кунора тунги навбатчиликда ҳам туриши керак…

Кеч соат ўн бирга қадар гўшт майдалаб, картошка-пиёз арчиб, қозонга солишга тайёрлаб қўйди. Энди бир мизғиб олади-да, тонг азондан овқатга уннайди. Ётишдан олдин негадир бир зум кўчага, тоза ҳавога чиққиси келди…

Шаҳар тун қўйнида: чироқли деразалар сийраклашган, кўчалар кимсасиз, жим-жит… Шу чоқ юз эллик қадамча наридаги бекатда турган уч-тўрт қорани кўзи илғади. “Трамвай кутишаётгандир-да”, ўйлади жувон. Осмонга тикилди. Йилт этган юлдуз кўринмади. “Ёғади шекилли”. Қўшни хонадонда қолдириб келган қизчасига хаёли чалғиди. “Эгнига иссиқроқ нарсаям оберолмадим ҳали…”

Бекат тарафдан қаттиқ-қаттиқ овозлар эшитилиб, аёлнинг диққати бўлинди. Разм солиб қараб, аҳволни тушунди-да, ҳовлиқиб ортига югурди. Йўлакдаги ўринда ғужанак бўлиб ётган қоровул чолни туртиб уйғотди.

– Ота, кўчада бировни тунашяпти. Милтиқни олиб чиқинг!..

Чол кўзиниям очмади.

– Бор, жойингга кириб ёт, ишинг бўлмасин, – деб ғудранди. Кейин қўшиб қўйди: – Жоним ўзимга керак.

Шу пайт жувон чолнинг кўкрак чўнтагидан чиқиб турган ҳуштак ипига кўзи тушди-да, уни юлқиб олиб, кўчага отилди. Кўчада бақир-чақирлар кучайган, ола-тасир муштлашув бошланган эди. Бировнинг “ёрдам беринг!” деган ноласини эшитди-да кўзини чиппа юмиб, чуриллатиб ҳуштакни чалди. Бор кучини йиғиб чалаверди, чалаверди. Қараса, йўлтўсарлар тапир-тупур қочиб боришяпти. Дадилланиб бекат томон югурди. Етиб борса, трамвай изи ёнида узун бўйли бир киши чўзилиб ётар, юз-боши қонга бўялган эди. Шошиб турткилади, жон асари йўқ. Атрофга аланглаб, телефон будкасини кўрди. Ўша ёққа югурди.

“Ўшанда ўзимнинг жоним кўзимга кўринмабди, ановилар қайтиб келадиям деб ўйламабман”, дея хотирлайди кейинчалик жувон.

Кўп ўтмай “тез ёрдам” етиб келади. Лабзак тарафдан эса икки безорини олдиларига солиб келаётган йигитлар кўринади. Бу йигитлар машғулотдан қайтишаётган милиция мактаби талабалари бўлиб, ҳуштак овозини эшитиб ёрдамга шошилишган ва шўри қисган безориларнинг рўпарасидан чиқиб қолишган экан… 

Санобар эшикда қоровул чолга рўпара келди. Чол дарҳол четланиб, йўл берди. Милтиғини қучоқлаб, жунжикиб тураверди. Бошини кўтариб қараёлмади. Фақат у ёнидан ўтиб, зинадан кўтарилаётганида: “Барака топ, қизим, жаннати экансан”, деди эшитилар-эшитилмас қилиб…

* * *

Вақт ярим тундан ўтган, лекин домладан дарак йўқ. Тўғри, ишдан кейин Баҳром Иноятов деган бастакор дўстиникига ўтмоқчи эди. Кечроқ келсам керак, деганди. Лекин бу маҳалга қадар қолиб кетадиган одати йўқ эди. Ишқилиб тинчликмикан?!

Ҳарчанд уринмасин, Ёрқиной нохуш хаёллар ўровидан қутулолмасди. Охири толиқди-да, кўзи илинди. Шу орада туш кўрди: онаси Бибисаҳро жаҳлга минган, ҳадеб уни койиб ётганмиш. “Бунча ғафлатдасан?!” дермиш. Чўчиб кўзини очди. Эшик тиқиллади. Сапчиб ўрнидан турди. Лекин шу заҳоти оёғидан қувват кетиб, жойига беҳол ўтирди. Йўқ, у кишига ўхшамайди. Тақиллатиши бежо!..

Деразадан қаради. Қизи Дорожон билан ўғли Миржалол хоналаридан чопиб чиқишди.

– Ким у?

Ташқаридан келган овозни танимади чамаси, ҳадеганда эшикни очишмади. Бир маҳал Дорожон эшик тирқишидан мўралади-да: “Вой, ая!” деганича онаси ётган хона томонга чопди. Ёрқиной жон ҳолатда деразани очиб, қизига рўпара бўлди.

– Ая, ая, адамнинг бошлари боғланган, бегона одамлар ҳам бор!..

– Вой, ўлай! – Ёрқиной қаёқдан куч пайдо қилди, билмайди, эшикка югурди…

Эшикда ранги қув ўчган, боши танғилган Миртемир (ҳа, шундай, ўзимизнинг ўша беназир шоиримиз!) беҳол турар, ёнида икки оқ халатли ва бир мелиса бор эди. Миртемир Ёрқинойни, унинг ортидан жовдирашиб турган болаларини кўрди-да, жилмайишга уринди.

– Ҳеч гап йўқ, қўрқманглар, – деди-да, остонадан дадил ҳатлади. Сўнг ортига қараб. – Қани меҳмонлар, ичкарига киринглар. Сизларни ҳам ташвишга қўйдим, – деди жилмайиб. – Дорожон қизим, чой қўйиб юбор. Онаси, овқатни келтир… Кейин, кейин гаплашамиз. Ҳаммаси яхши!..

* * *

– Эртаси куни истар-истамас гапириб бердилар, – деди Ёрқиной опа берилиб тинглаётган ҳамширага ўйчан кўз тикканча. – Ўша бастакор дўстлариникидан чиқиб, трамвай бекатига келиб турган эканлар. Соат ўн бирлар экан. Учта нотаниш киши олдиларига келиб папирос сўрабди, берибдилар. Кейин пул сўрашибди. Пулим йўқ, дебдилар. Учовлашиб чўнтакларини ковлаб, бор-йўқ пулларни қоқиб олишибди. Нега алдадинг, пулинг бор экан-ку, деб ҳар ёқдан турткилашибди. Охири жанжал чиқиб, муштлашиб кетишибди. Битта барзангиси қўлига суякдан ясалган бир нарса тақиб олган экан, шу билан домланинг чаккасига урибди. Домла жон аччиғида бақириб юборибдилар. Бошқасини эслолмайдилар. Кўзларини очсалар дўхтирхонада ётган эканлар. Кейин дарҳол ўзларини тетикликка олиб, мени тезроқ уйимга жўнатинглар, деб туриб олибдилар. Уйимдагилар хавотирланиб, қўрқиб ўтиришмасин, деганлар-да… шу қадарлик оилапарвар, болапарвар эдилар домла раҳматли…

Бир неча кунгача ўзларига келолмай юрдилар, кўп қон йўқотган эканлар. Дўхтирлар уйга қатнаб муолажа қилишди. Домла хиёл ўзларига келгач, бир куни қаёққадир кетиб, уйга ҳаяжонда қайтдилар.

– Биласанми, аяси, жонимга ким ора кирган экан, оддийгина ошпаз аёл… қойил қолдим. Эркакнинг ишини қипти, омон бўлгур!..

Кўп ўтмай қандайдир маърака қилдик. Ҳайтовур домланинг омон қолганликлари шукрига худойи қилгандик, чамаси. Шунга домла ўша жувонни ҳам айттириб келдилар. Исми Санобархон эди. Кўҳликкина… Ҳа, эсладим, худди сизга ўхшаб кетадиган яхшигина жувон эдилар… умримда биринчи марта кўриб турибману, кўзимга шундай иссиқ чалинадики, ўз синглимдек бағримга босдим. У шўрлик бўлса хижолат тортади. “Вой, мен нима қипман, опажон, бошқа одам бўлганда ҳам шундай қиларди-ку”, дейди. Меҳмондорчилик тугаб, уйига кетаяптию, қўлига совға-салом тутамиз, қаники олса. Бунақа уятчан, камсуқум аёлни кам кўрганман… Домла Санобархонга, сиз нажот фариштаси бўлдингиз мен учун, энди қиёматлик ака-сингил бўп қоламиз, тез-тез келиб туринг, деб қайта-қайта тайинлагандилар. Лекин, ийманди чамаси, жувон бошқа келмади… Ўшанда қизчаси ёнида эди. Жажжигина, сочлари жамалак, тийраккина қизалоқ эди. Демак, ўша сиз бўлгансиз-да. Уни қаранг, қизим “Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади”, деганлари рост-да! Айтмоқчи, отингизни сўрамабман ҳам…

– Отим Раҳима, аяжон. Менам яхши эслайман буларнинг ҳаммасини. Ўшанда меҳмонлар мана шу хонада ўтиришганди-а?.. Мен кирмагандим. Даҳлизларингга бақамти хонада безалган арча бор эди. Бундан чиқди, янги йилдан олдин ёки кейин экан. Аямдан ажраб, ўша уйчага кириб олгандим. Ёш болалар кўп эди, бирга ўйнадик… Бу ерга келаётиб ойим роса қулоғимни пишитган эдилар-да, катта бир одамнинг уйига боряпмиз, меҳмон кўп бўлади, деб. Ҳадеб дастурхонга узанма. Иложи бўлса, ҳовлидами, бошқа хонадами, ўтиратур, дегандилар. Уйга қайтишимизда эса роса хурсанд бўлиб, нуқул сизларни мақтаб боргандилар. “Жуда яхши одамлар экан. Сира катталикни билишмас экан, одамнинг жони экан” деб… Ойим раҳматли кўп йиллар ўша кунни эслаб юрдилар. Кейинчалик телевизорлар чиқди. Миртемир домла ойнаи жаҳонда кўриниб қолсалар, ойим дарҳол мени чақирардилар. “Ана, Раҳима, шоир бобонг. Вой тавба, шундай улуғ одамгаям қўл кўтаришганди-я”, деб бош чайқаб ўтирардилар… Айтмоқчи, аяжон, безорилар нима бўлган, қамалганмиди?..

– Ўшанда биринчи кун иккитасини тутиб олишган экан. Кейин учинчисини ҳам қидириб топишибди. Учалови ҳам завод ишчилари экан… Бир куни уйимизга иккита ўрис хотин кириб келди. Йиғлаб-сиқташди. Бирови ўша домлани урган барзангининг хотини, бирови синглиси экан. “Гуноҳидан ўтинг. Учта боласи бор, етим қолмасин”, дейишди. Домла уларга қаттиқ гапирмадилар. “Агар, энди безорилик қилмайман, одамларга зарарим тегмайди, деб сўз беришса, уларга ҳеч қандай даъвоим бўлмайди”, дедилар. Судда ҳам шу гапларини айтибдилар. Лекин суд барибир уни қамабди. Шерикларига эса енгилроқ жазо берибди…

Ҳа, домла ана шунақа бағри кенг одам эдилар. Иложини топсалар, яхшиларни бошларига кўтарар эдилар, лекин ёмонга ёмонлик қилишни ҳам ўзларига эп билмасдилар…

Мавзуга оид: