Хотира

“ЯХШИ БИЛАН СИРДОШ БЎЛСАНГ, ЯХШИЛИК БИЛАН УНАСАН”
Жамол Исроилов билан 2000 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутатлигига сайланган иккинчи чақириқ сессияси бўлаётган вақтида танишдим. Ўнг томонимда Самарқандликлар, чап ёнимда қорақалпоқлик депутатлар, у эса ён ўриндиқда ўтирарди. Ёнма-ён ўтирсакда фақат иш юзасидан, аниқроғи, кун тартибидаги масала юзасидан гаплашиб, фикр алмашиб, яқиндан танишганмиз. Танаффус пайтида ва ётоқхонамизда у билан узоқ гаплашдик. Балки тақдирнинг менга бундай дўстнинг бергани инъомдир.
Жамол Исроилов 1953 йил 21 декабрда Оқдарё туманининг Янгиқўрғон шаҳарчасида туғилган. Мактабни битирганидан сўнг Самарқанд давлат университетининг физика факультетида таҳсил олган. Олий даргоҳни тамомлагач, турли соҳаларда ишлаган. Кейинчалик тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабнинг директори, умрининг охирига қадар 52-сонли ихтисослаш-тирилган давлат унитар мактабида етакчилик қилди. Янгиликларга интилиш, ўз устида ишлаш унинг учун одатий ҳолат. Муҳими, илмий-оммабоп ҳамда адабий китобларни кўп ўқирди. Билимга қизиқиши, изланишлари самараси ўлароқ, иқтисодиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган.
Жамол ака “Ибрат мактаби” номли рисоласида устози, иқтисод фанлари доктори, профессор Мамаюнус Пардаев ҳақида шундай ёзганди: “10 йиллардан буён ёнма-ён юраман. Оддий, камтарин, камсуқум, мулоҳазали инсон. Бошқа-лардан ажралиб, жуда кўзга ташланиб кетган жиҳатларини ҳеч илғай олмайман. Лекин 4-5 кун ўтиб ҳамма вақт иш столида турган “янги битиклар” деб номланувчи дафтарини баъзан яширинча, баъзан очиқча варақлайманда пурмаъно ҳикматларга тўлиб бораётган саҳифаларни ўқиб, бу инсончалик оддий ва ўта мураккаб шахсни ҳали учратмаганимни эътироф этаман”.
Жамол аканинг ўзи ҳам ана шундай азиз, камтарин, камсуқум устоз эди.
Шу билан бирга ўта зукко, билимдон, ташкилотчи, уддабурон, тадбиркор ҳам эди. Бошқа туманларда олиб бо-рилган бунёдкорлик ишларида иштирок этиб, ўнлаб таълим, санъат, тиббиёт муассасалари қурилишида таш-килотчилик кўрсатган. Биргина ўзи ишлаган умумий ўрта таълим мактабини битирган кўпчилик ўқувчилар республикамизнинг турли соҳаларида ишлаб, элга хизмат қилаяпти. Бу борада ҳам Жамол ака ва унинг жамоасининг хизмати катта бўлди. Унинг раҳбарлигида ёзилган “Миёнколнинг зиё маскани” номли китобчада мактабнинг шонли йўли, тарихи, масканнинг жамоаси ва устозларининг фахри бўлган бити-рувчилари ҳақида батафсил ёзилган.
Яна бир хислати шунда эдики, дўстларига нисбатан ўзгача муносабатда бўлар, яхши-ёмон кунларида ёнида турарди. Абдуҳаким Салимов, Ҳамидулла Қаршиев, Марс Муҳаммадиев, Носир Толипов, Зиёвуддин Улуғов, Исмоил Машарипов, Зоир Эшмуродов каби дўстларининг номини тилдан асло қўймасди. Ҳар сафар борганимда уларни бирга кўриб, иноқлигидан хурсанд бўлардим. Улуғ аёл – онаси Нарзи ҳожи момомиз барча фарзандларини ўқимишли, эл корига ярайдиган этиб тарбиялаганлар. У турмуш ўртоғи Машҳура билан икки нафар ўғил, уч нафар қизни вояга етказди. Барчаси олий маълумотли. Балки бунга сабаб ўзи отадан эрта айрилиб, онаси қатори рўзғор ташвишини барвақт гарданига олганидир.
- Акам вафотидан сўнг биз - туғишган инилари жуда ҳам тушкунликка тушиб қолдик, - дейди иқтисод фанлари доктори Баҳодир Исроилов. – Чунки, бизнинг шу даражага етишишимизда акамнинг хизматлари катта. Укам Қаҳрамон республика прокуратурасида, қолганларимиз эса турли соҳаларда ишлашимиз акамнинг кўрсатган эътибори, ғамхўрлиги туфайли бўлса керак. Деярли ҳар куни барчамизга бирин-кетин қўнғироқ қилиб, хабар олар, ҳол-аҳволимизни сўраб, “қийналмаяпсанми”, дерди. У ўқиб юрган кезларида анча қийинчиликларни бошидан ўтказган. Ҳам ўқиган, ҳам ишлаган, ўзидан орттириб бизга ҳам ёрдам берарди. Акамнинг орамизда йўқлигига, энг яқин қадрдон жигаримиздан айрилганимизга кўникиш жуда ҳам қийин бўлмоқда. Аммо, ўлим ҳақ экан...
Ўртоғимнинг ўлимидан бир кун олдин неварам 2000 йилларда ижтимоий тармоқларда парламент ҳаёти ҳақида ёзилганини кўрсатиб қолди. “Бобожон, Жамол аканинг исм-шарифи бор экан”, деди. Вақт алламаҳал бўлганига қарамай кечқурун соат 23.00 ларда унга қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган дўстим ажабланиб, “Ҳа, нега кеч бўлганда сўроқлаб қолибсиз”, деди ҳазиломуз, ортидан ҳадиксираб. “Иккаламиз ҳам (ёшимиз орасида тафовут бўлсада, унга ака деб юзланардим) тарихда қолибмиз, интернетга депутатлигимизнинг илк йиллари ҳақида ёзилибди”, дедим. Хуллас, шу баҳонада узоқ гаплашдик, гапимиз тугамади. Эртаси куни тушлик пайтда унинг дўсти ва қудаси Ҳамидулла ака қўнғироқ қилиб, “катта акамиз”дан айрилиб қолдик”, деди. Бу нохуш хабардан эсанкираб, бўғзимда қолган оғриқли нидо билан унинг қўл телефонига кетма-кет қўнғироқ қилдим. Жавоб йўқ. Демак, рост экан...
Шу куни тумонат одам йиғилди. Уни сўнгги йўлга кузатдик. Бирга ишлаган дўстлари, оғайни-қариндошлари, ўқувчилари, шогирдлари, уни таниган билганларнинг чеҳраларида изтироб.
Халқимиз орасида мақол бор: “Яхши билан сирдош бўлсанг, яхшилик билан унасан”. Жамол ака ҳам яхшилар орасида яхши эди. У ҳаммага ёрдам берарди. Ўзим ҳам ундан жуда кўп билмаганларимни сўрардим.
Хотиралар ҳар доим инсонга юпанч бўлган. Ҳаёт эса шиддат билан давом этади. Жамол ака ҳақида кўп гапириб, кўп ёзиш мумкин. Ундан фарзандлар, муносиб шогирдлар, яратган бунёдкорлиги қолди. Зеро, тирикликнинг шарти ҳам шунда. Унинг бардавомлиги эса узоқ йиллар қалбимизда қолади.
Ўа, Жамол дўстим бор-йўғи 67 ёшга кирди. Лекин унинг сермазмун ҳаёти, ўз олдига қўйган мақсадларига ҳалол меҳнати билан, изланиши ортидан элда обрў-ҳурмат топди. Илоҳим, унинг охирати обод бўлсин!
Тошпўлат ТОШМУРОДОВ,
Нарпай туман “Пахтакор овози” газетаси бош муҳаррири.

Халқ таълими
- 29 дек, 15:51