Тўйхат ўрнида УМР МАЗМУНИ

Оқдарёнинг фидойи фарзанди, камтарин ва самимий инсон Баҳодир Маматкаримов 70 ёшда!
Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эса, 
Вайронадир кошона ҳам...
Эркин Воҳидов.
Баҳодир билан тенгдошмиз. У билан 1980 йилларда танишган эдим. Бу пайтда Баҳодир туман Матлуботсавдо жамиятида бош ҳисобчи ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатарди. Хизмат тақозоси билан савдо ташкилоти ва ходимлари ҳақида газетага таҳлилий мақола тайёрлаш вазифаси каминага юкланди. Баҳодир билан ташкилотнинг бир йиллик савдо айланмаси, кирим-чиқим, фойда, соф фойда ҳақида таҳлилий мақола тайёрлашга киришдик. Суҳбат жараёнида унинг ўз соҳасининг ҳақиқий билимдони эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Ўша кундан эътиборан бир-биримизга жўра деб мурожаат қиладиган бўлдик. Мана шунга ҳам қирқ олти йил бўлибди. Дарвоқе, қаҳрамонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бир назар солиб ўтсак. 1973 йилда у Лойишдаги 20-ўрта мактабни олтин медаль билан битириб, ўша пайтда собиқ иттифоқда саноқли бўлган Самарқанд кооператив институтининг иқтисодиёт факультетига ўқишга кирди. Бу институтда устозлари И.Абдукаримов, К.Абдукаримова, Р.Абдуллаев, А.Сатторов. М.Байрам, М.Пардаев сингари ўз соҳасининг ҳақиқий билимдонлари ҳисобланган устозларидан таълим олди. 
Баҳодир Маматкаримов 1977 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатгач, ўзининг меҳнат фаолиятини туман Матлуботсавдо жамиятида йўриқчи-ҳисобчи вазифасида бошлади. Орадан бироз вақт ўтгач, ўзининг ташаббускорлиги, билимдонлиги туфайли жамият бош ҳисобчи-ёрдамчиси вазифасига тайинланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, доимо ўқиб изланишда бўлган, камтарликни ўзига касб қилиб олган бу инсон 1985 йилдан бошлаб бош ҳисобчи сифатида меҳнат қила бошлади. 1986 йилда собиқ иттифоқ савдо уюшмалари марказий кенгашининг Минск шаҳрида ўтказилган халқаро семинарининг қатнашчиси бўлди ва орадан бир йил ўтгач иттифоқ савдо уюшмалари кенгашининг "Кооперация аълочиси" унвони билан тақдирланди. Ундаги ғайрат-шижоат, қобилият ва ташаббускорлик ва раҳбарлик қобилиятини англаган туман ва вилоят раҳбарлари уни 1991 йилда жамият бошқаруви раислигига тайинлашди. Албатта бу ишончни у ўзининг самарали меҳнати билан оқлашга ҳаракат қилди. У раҳбарлик қилган йилларда ҳозир туман мудофаа бўлими жойлашган бино қурилиб бу ерда "Наргиз" номи билан аталувчи 140 ўринли болалар боғчаси фаолиятини бошлади. Ҳозирга қадар ҳам бу боғчада меҳнат қилган тарбиячилар Баҳодир Маматкаримовнинг хизматларини алоҳида таъкидлашади. Ана шундай меҳнат қилганлардан бири Баҳодирнинг синфдоши Жамила Хўжаева шундай дейди:
- Баҳодир мактабда ҳам доимо тенгдошларига ўрнак бўлар, ўзининг ташаббускорлиги билан бизни лол қолдирарди. Мактабни аъло баҳоларга тугатишида албатта ундаги қобилият, иқтидор катта роль ўйнаганлигини яхши биламан. Синфда дарсларни ўзлаштира олмаётган синфдошларига ҳам доимо ёрдам қўлини чўзар, бундан ўзи ҳам хурсанд бўларди. Унинг раҳбарлигида "Наргиз" болалар боғчаси фойдаланишга топширилганда мен ҳам шу ерда тарбиячи сифатида ишлай бошладим. Очиғини айтишим керакки, бу ерда тарбия олаётган болаларга барча шарт-шароитлар яратиб берилганлигидан ота-оналар ҳам ниҳоятда мамнун бўлишарди. Жамият раиси сифатида Баҳодир Маматкаримов ҳам боғчага келиб тарбиячилар билан суҳбатлашар, қандай муаммо борлигини сўраб-суриштирар, агар муаммо бўладиган бўлса тезда бартараф этарди. Шунинг учун ҳам ўша пайтларда мен билан ишлаган ўнлаб тарбиячилар Баҳодирдан миннатдор эканликларини алоҳида таъкидлашни истардим. Дўстимиз ўзининг етмиш ёшли юбилейини нишонлаётган экан, оила аъзоларимиз ва синфдошларимиз номидан муборакбод этаман.
Туманда адвокат сифатида фаолият кўрсатаётган Расул Умаров ўз фикрини қуйидагича баён этди:
- Баҳодир билан бир синфда ўқиганмиз. Танишганимизга ҳам олтмиш уч йил бўлибди. Шу йиллар мобайнида дўстлигимиз янада мустаҳкамланди. Ҳар бир тадбирда, тўйларда, маъракаларда доимо биргамиз. Халқ тили билан айтганда, у ниҳоятда кўнгли очиқ. Шу билан бирга қўли ҳам очиқ эканлигини айтишни истардим. Атрофда моддий ёрдамга муҳтож бўлган кишиларни кўрса доимо ёрдамга ошиқади. Айниқса бемор бўлган дўстларининг ҳолидан хабар олишни ўзининг бурчи деб ҳисоблайди. Шу туфайли биз барчамиз Баҳодирни ҳурмат қиламиз. Доимо соғ ва саломат бўлишини Яратгандан сўраймиз. Қадрдон ва садоқатли дўстимизнинг етмиш ёшли юбилейи билан қутлайман. Шу билан бирга унинг 80-90-100 ёшли юбилейларини ҳам нишонлаш бизга насиб этсин.
Баҳодир меҳнат нафақаси даврида бўлишига қарамасдан, доимо ўзи истиқомат қилаётган Мустақиллик маҳалласида ўтказилаётган барча катта-кичик тадбирларга бош-қош бўлмоқда. Жумладан, у 1995-2000 йилларда Қангли қишлоғини табиий газ билан таъминлашни ташкил этиб, 13 нафар кекса отахон-онахонларнинг сиҳатгоҳда дам олишига ва даволанишига кўмаклашди. Икки нафар ночор оиланинг тўйларини ўтказишга моддий ёрдам кўрсатди. Маҳалланинг фаровонлигини таъминлаш учун Қангли ва Мулла-хўжа қишлоқлари оралиғидаги 2 километр масофадаги ички йўлларни жорий таъмирлашга ҳомийлик қилди. У маҳалланинг фахрийси сифатида ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда туман "Нуроний" жамғармасининг раиси Ҳамидулло Қаршиев шундай дейди:
- Баҳодир Мамадкаримов туманимиздаги энг фаол нуронийларимиздан бири ҳисобланади. Бу инсон билан танишганимизга эллик йилдан ошган бўлсада, ҳамиша ташаббускор эканлигининг гувоҳиман. Оиласи ҳам туманимиздаги энг намунали оилалардан бири ҳисобланади. Туман ва вилоят миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда ҳам фаол иштирок этиб келаётганлигини таъкидлашим керак. Энг муҳими нафақада бўлишига қарамасдан ён атрофдаги тумандошларга ёрдам бериб, эл олқишини оляпти. Бу биродаримизни юбилей ёши билан барча нуронийлар номидан муборакбод этаман.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қадрдон дўстимиз Баҳодир Маматкаримов турмуш ўртоғи Ҳалима Жалилова билан қарийб эллик йилдан буён бирга яшаб, беш нафар фарзандларини вояга етказишди. Катта қизи Ҳабиба ва Зарифа хусусий тадбиркор, ўғли Нодир Самарқанд шаҳар капитал банк бошқарувчисининг ўринбосари, ўғли Собир "Шарқ барака" савдо ишлаб чиқариш корхонасининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган бўлса, кенжа қизи Наргиза эса Пайариқ туманидаги 11-умумтаълим мактабида педагог сифатида ўз касбини шарафлаб келмоқда. Фарзандларининг барчаси ўз ота-оналари билан ҳақли равишда фахрланишади ва улардан доимо миннатдор эканликларини таъкидлашади. 
- Савдо соҳасида ишлаганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди Баҳодир суҳбат чоғида. Чунки қаерга борсам одамларнинг ширин сўзларини эшитаман. Шогирдларим ҳам ўнлаб, юзлаб топилади. Улар айни пайтда нафақат туманимиз, вилоятимизда, балки мамлакатимизнинг турли жойларида савдо ходими деган юксак касбни эъзозлаб элда ҳурмат топишаяпти. Шу билан бирга мени шу даражага етказган марҳум ота-оналаримдан ҳам бир умр миннатдорман. Чунки ҳар бир инсоннинг инсон бўлиб шаклланишида оиланинг, ота-онанинг роли беқиёс эканлигини ҳар бир киши яхши билмоғи керак. Мени қутлаётган барча тумандошларимдан миннатдорман.
Дарвоқе, Баҳодир Маматкаримов ўзининг самарали меҳнатлари туфайли давлатимиз томонидан қадрланиб, мустақиллигимизнинг 1, 10, 15, 20, 25, 30 йиллиги ҳамда "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланган. Шу ўринда буюк бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мисралари худди Баҳодирга ўхшаган инсонларга аталгандек туюлади:
Одами эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами...
Демак, Навоий тили билан айтганда, Баҳодир Маматкаримов ҳам одам борки, одамларнинг нақшидур, деган мақтовга лойиқ инсон. Биз ҳам ўзининг етмиш ёшли юбилейини нишонлаётган қадрдон дўстимиз Баҳодир Маматкаримовни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга доимо сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаган ҳолда буюк шоир Эркин Воҳидовнинг қуйидаги мисраларини келтиришни лозим топдик:
Яхши дўстлар даврасида
Очилурсан ҳар замон.
Кўркни шода ичра топгай
Марварид дурдона ҳам.

Йўлчи МуҲаммадиев.

Мавзуга оид: