Халқ таълими


САНЪАТ ОЛАМИГА ОШИФТА ПЕДАГОГ

(Лавҳа) 


Ҳулкар Раббимовани илк бора 1999 йил – Аёллар йилида туман халқ таълими бўлими томонидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман босқичидаги барча шартлар бўйича пешқадамлик қилиб, ўзига хос чиқиш-лари билан барчанинг диққат эътиборига сазовор бўлган пайтларида кўриб, унинг ўз фанига, ўз касбига бўлган фидойилигига қойил қолиб, унга нисбатан ҳурматим ошган эди. Ростини айтсам, ўша йиллари бу танлов ўқитувчилар ўртасида жуда уюшқоқлик ва кўтаринкилик билан ўтказилар эди.

Ҳикоямиз қаҳрамони Ҳулкар Раббимова ўша пайтлари туманимиздаги 47-умумий ўрта таълим мактабида мусиқа фани ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатар эди. Юқорида таъкидлаганимдек, танловда иштирок этаётган Ўулкар Раббимова танловнинг барча шартлари бўйича фаол иштирок этиб, эркин шарт бўйича ўз фанига оид қўлдан тайёрлаган мусиқа асбобларини маҳорат билан куйга солганида ундан таралган садо оҳангларига нафақат тадбир иштирокчилари, балки, танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳам сеҳрланиб қолишган эди. Шундай қилиб, ўз касбининг устаси бўлган моҳир педагог танловнинг туман босқичида биринчиликни қўлга киритиб, вилоят босқичида ҳам бор билим ва имкониятларини ишга солиб, республика босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритган эди. Бу албатта айтишга осондек туюлади. ўзим ҳам ўша даврларда таълим соҳасида фаолият юритганим боис, оддий ўқитувчининг кўрик-танловларни вилоят ва республика босқичида иштирок этиши, айниқса, танловларда ғолибликни қўлга киритиши учун ўқитувчидан машаққатли меҳнат, сабр-тоқат, чуқур билим ва иқтидорли бўлиши талаб қилинади. Ана шундай курашларда ғолиблик учун тинимсиз ҳаракат қилган тажрибали ўқитувчининг меҳнатлари зое кетмади. У “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб, Халқ таълими Вазирлиги томонидан “Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирланганини барчамиз хурсандчилик билан кутиб олган эдик.

Яқинда мамлакатимизда 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тумандошимиз 45-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси Ҳулкар Раббимованинг Президентимиз Фармонига кўра “Дўстлик ордени” билан мукофотланганлиги тўғрисидаги хушхабар туманимиз, вилоятимиз, ҳатто республикамиз бўйлаб кенг қулоч ёйди. Айниқса, бу хушхабарни барча тумандошларимиз хурсандчилик билан кутиб олишди. Бундай дейишимга сабаб шуки, ҳаётда тақдирланганлар жуда кўп бўлади, лекин ростини айтганда, уларнинг ҳаммаси ҳам халқимиз томонидан ҳурматга, эътирофга сазовор бўлавермайди. Кўп йиллик педагоглик фаолиятида халқимиз фарзандларига мусиқа фанининг сир-асрорларидан сабоқ бериб келаётган, ёш авлодни санъат оламига ошифта этишдек, эзгу мақсад йўлида фидойилик кўрсатиш билан бир қаторда туманимизда, вилоятимизда ўтказиладиган барча байрам ва оммавий  тадбирларда мактаб қошида ташкил этилган “Дурдона” рақс тўгараги ҳамда болалар “Фольклор” жамоасининг бадиий чиқишлари билан халқимизга беминнат хизмат қилиб келаётган Ҳулкар Раббимова эса аллақачон тумандошларимиз қалбидан жой олган бўлса не ажаб.

Ў.Раббимова  1966 йилда Нуробод тумани Сазаган қишлоғида зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Раббим ака Оқсоқолов рус тили фани, онаси Назира Хўжамбердиева она тили фани ўқитувчилари бўлишган. У 1983-1987 йилларда Тошкент Давлат Маданият институтида таҳсил олган.

- Санъат соҳасига кириб келишингизга нима сабаб бўлган, деган саволимизга, ҳикоямиз қаҳрамони шундай жавоб берди:

- Онажоним “Тановар”га рақс тушганида ҳамма Мукаррамахонимга ўхшаб рақсга тушасиз, дея ҳавас қилишар экан. Балки санъат соҳасини танлашимга онамга ҳавас билан айтилган ушбу мақтовлар сабаб бўлгандир. Шундай инсонларнинг фарзанди бўлганлигимдан ҳамиша фахрланаман. 

 - Ҳаётдаги шиорингиз, - дея юзланаман суҳбатдошимга.

 - Доимо олға интилиш.

Дарҳақиқат, муаллима доимо олға интилишда, доимо ҳаракатда, бунинг учун у доимо ўз устида ишлайди, асло тиниб-тинчимайди. 2001 йилдан бошлаб 45-ИДУМда ўз фаолиятини давом эттирган тажрибали ўқитувчи санъат соҳасига қизиққан иқтидорли ўғил-қизлардан танлаб олиб, “Дурдона” рақс тўгараги ва “Фольклор” жамоасини ташкил қилди. Бу борада албатта унга ўзи таъкидлаганидек, доимо уни қўллаб-қувватлайдиган умр йўлдоши, қатор йиллар туман Маданият уйи директорлиги вазифаларида иш юритган Собир Ўроқов, мактаб директори Ж.Юсуповларнинг ҳам беминнат ёрдамларини қувонч билан тилга олади.

Ҳулкар Раббимова ҳамиша қувноқ ва ҳаётидан мамнун. Негаки, у ўз касбини, ўз ҳаётини, ўз фарзандларини, она юртини жуда севади. 2019 йилда Туркия, Анталия ва Миср давлатларига саётҳатга борганида айниқса, она Ватанимиз Ўзбекистоннинг нақадар жаннатмакон юрт эканлигини, ҳеч қайси давлат билан алиштириб бўлмаслигини яна бир бор ҳис этганлигини ҳаяжон билан тилга олади. Шу боисдан ҳам у бўш вақтларида, ижод билан шуғулланган пайтларида ўзбек мумтоз мусиқа-лари, миллий қўшиқ-ларимизни тинглаганда она Ватанимизни, ўзи туғилиб ўсган қишлоғини доимо қалбида соғинч билан кўз олдига келтиради. Ва ўзи таълим-тарбия бераётган келажагимиз ворислари қалби шуурига ҳам ана шундай эзгу мақсадларни сингдиришга ҳаракат қилади. Оилада меҳрибон ва талабчан она сифатида ҳам  2 нафар қизи, 1 нафар ўғил фарзандини  рисоладагидек тарбиялади, вояга етказди, педагоглик ҳалол меҳнати билан уларнинг барчасини олий маълумотли қилиб ўқитди. Айни пайтда эса фарзандларининг ҳар бири ўзлари эгаллаган касблари бўйича фаолият юритишмоқда.

Суҳбатимиз сўнггида ҳикоямиз қаҳрамонига анъанавий саволлар билан мурожаат қилдим:

-   Мусиқа фани ўқитувчиси қандай бўлиши керак?

-  Афсуски, мусиқа фани мактаб программасида ҳафтасига бир соатгина ўтиладиган фанлар таркибига киради. Шундай бўлсада, бу фанни ўқувчилар жони дили билан кутадилар. Мусиқа фани ўқитувчиси шундай дарс ўтиши керакки, ўқувчи уни соғиниб кутиши, дарсда ўзини байрамда қатнашгандек ҳис қилиши лозим. Бунинг учун ўқитувчи ўз устида тинимсиз изланиши, ўқувчилар билан яқиндан дўст бўлиши керак. Энг асосийси, мусиқа ўқитувчиси ҳеч бўлмаганда бирор мусиқа асбобини чала олиши, қўшиқ ижро этиши, рақсга туша олиши шарт.

-   Янги йил тилакларингиз?

-   Халқимизнинг хонадонидан ҳамиша қувноқ қўшиқ ва рақслар таралиб турсин. Барча тумандошларимизга аввало соғлик-саломатлик ва келгуси ишларида зафарлар ёр бўлсин!

Айни пайтда Ҳулкар Раббимова муборак 55 ёшни қарши олаётган бўлсада, халқимизнинг ўғил-қизларига таълим-тарбия беришдек, масъулиятли ва шарафли вазифани адо этиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда. Биз ҳам барча тумандошларимиз номидан бу жонкуяр ва фидойи устозни эришган юксак мукофоти - “Дўстлик ордени” билан самимий қутлаб, келгуси ишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз.          

Гулсара ТИНИБЕКОВА,

журналист.        


Мавзуга оид:
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51