ЎЗГАНИНГ МУЛКИГА КЎЗ ОЛА ҚИЛГАН ФИРИБГАР

Судланувчи Соҳиб Латипов асли оқдарёлик бўлсада, у  қўшни туманларнинг бирида ҳокимликнинг инвестиция ва ташқи савдо бўлимида бош мутахассис лавозимида ишлаб келар эди. У ўзининг иш жараёнида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб олади. Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 2020 йил апрель ойининг бошларида тумандаги "Янгиобод" маҳалласида истиқомат қилиб келаётган фуқаро Исмоил Расуловни ишончига кириб, унга Митан шаҳарчасида жойлашган тиббиёт бирлашмасининг орқа томонида мавжуд бўлган эски рентген биносини "E-IJRO-AUKSION" тизими орқали 
30.000.000 сўмга сотиб олиб беришни ваъда қилади.  Ундан жами 26.500.000 сўм миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли орқали қўлга киритиб, қўлга киритилган пул маблағларини ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборади. 
Судда  Соҳиб Латипов ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагиларни баён қилди. Унинг хизмат вазифаларига фуқароларни мурожаатларини қабул қилиш, уларни таклифларини эшитиб, инвесторлар билан учрашиб чет давлатдан инвестицияларни киритиш каби ишлар киришини таъкидлади. 2020 йил апрель ойларида Соҳиб ишга такси автомашинасида кетаётган вақтида унга нотаниш бўлган, кейинчалик исмини билса Исмоил Расулов билан гаплашиб танишиб қолади. Шунда И.Расулов унга: "Мен  ижарага жой олиб одамларни массаж қилиб, ижара ҳақи тўлаб келаман, менга бирор-бир жойдан жой олиб берсангиз, ўзим ушбу жойдан массажхона очиб табобат ишларимни қиламан",- деб айтиб қолади. Шундан сўнг С.Латипов И.Расуловга "E-IJRO-AUKSION" тизимидаги савдо майдончаси орқали "ер сотиб олиш имконияти бор"лигини айтади. Таксичи Шермат ака эса И.Расулов ишончли одам эканлигини, керак бўлса "E-IJRO-AUKSION" тизимида аукционда ўзи иштирок этишини бўйнига олиб, "уч йўловчи" ўртасида битим тузилади. Битимга кўра Митан шаҳарчасида жойлашган поликлиникани орқасидаги эски рентген биносини И.Расуловга сотиб олиб бериш учун 30.000.000 сўмга келишилади. И.Расулов шу вақтнинг ўзида, яъни 2020 йил апрель ойининг охирларида Шермат акага ер учун 10.000.000 сўмни бериб юбориб, қолган пулларни бироздан сўнг беришини айтиб юборади. Шу вақтнинг ўзида Шермат ака Соҳиб Латиповга 10.000.000 сўм пулни олиб келиб беради, Соҳиб пулларни олган заҳоти ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. 
Лекин, Митан шаҳарчасида жойлашган поликлиникани эски рентген биноси "E-IJRO-AUKSION" тизимига сотувга қўйилмаган эди. Шундай бўлсада, орадан 2-3 ой ўтгандан сўнг Соҳибга яна пул керак бўлиб қолади. Шермат акани олдига бориб И.Расуловдан ер учун бериши керак бўлган пулларни олиб беришини айтиб, Шермат ака орқали 1.000 АҚШ долларни қўлга киритади. Яна орадан бироз вақт ўтиб, унга И.Расуловни ўзи қўнғироқ қилиб: "Ака, менга ер учун айтган 30.000.000 сўм пулингизни тўғрилаб бера олмаяпман. Уйда бир ҳўкизчам бор, ҳўкизчани Шермат ака 3.500.000 сўм сўраяпти, яхшиси сиз ўзингиз қолган пулга ҳисоблаб олинг",- деб айтади. Соҳиб унинг яшаш уйига бориб ҳўкизчасини 4.000.000 сўмга ҳисоблаб, ўзига олади. Орадан бир ҳафталар ўтгандан сўнг И.Расуловни кўчада кўриб қолиб,  1.030.000 сўм, орадан яна 3-4 кун ўтиб ундан яна 100 АҚШ доллари олади. Хуллас, фирибгарликни учига чиққан Соҳиб И.Расуловдан 4 ой мобайнида бўлиб-бўлиб жами 26.500.000 сўмни олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Лекин, минг афсуски, И.Расуловга ваъда қилинган эски бинони эса сотиб олиб бера олмайди.
Шундан сўнг И.Расулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ҳозирги кунда Соҳиб Латипов жабрланувчига етказилган моддий зарарларни тўлиқ қоплаб берган, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон қилаётган бўлсада, лекин у ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, фирибгарлик қилганлиги учун қонун олдида жавоб беришга мажбурдир.
Судланувчи Соҳиб Латиповга Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг "в" банди билан, ЖК 45-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
 Ж.АРСЛОНОВ,
 вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси. 
И.ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.