Президент мурожаати

Президентимиз Мурожаатига муносабат


ТАРИХИЙ БУРИЛИШГА АСОС БЎЛАДИ

2021 йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим-тарбия тизимига қаратиб келмоқда.

Аввало, тизим мажбурий меҳнатдан халос қилинди, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўлди. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўқитувчининг нафақат моддий манфаатдорлиги ошмоқда, балки унинг устоз сифатида қадри, масъулияти кучайди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам таълим соҳасига яна бир бор алоҳида урғу бериб ўтилди. Йилнинг номланиши ҳам айнан ушбу соҳага дахлдор ном билан боғланди. Чунки, элу юрт суянчиғи бўладиган, биз эртага Ватан тақдирини ишониб топширадиган ўғил-қизларнинг камоли ва келажаги бевосита таълим тизими билан ўлчанади.

Мурожаатномани тинглар эканмиз, жуда катта ҳаяжонда бўлдик. Чунки, унда таълим тизими ходимларига бўлган эътибор кўлами йилдан-йилга ошиб бораётгани яна бир бора яққол намоён бўлди. Айниқса, чекка қишлоқларга бориб, дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоиз устама берилиши, вилоятдан бошқа вилоятга бориб дарс бераётган ўқитувчининг ойлигига 100 фоиз устама берилиши, ўқитувчиларнинг яхши дарс беришига, қолаверса, ёшларнинг ўқитувчилик касбига бўлган қизиқиши ошишига замин яратади.

Ўқитувчиларга тоифа бериш ва уларнинг малакасини ошириш, машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши ҳар бир педагог ходимни руҳлантиради, десам, асло муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада бола туғилгандан бошлаб то 30 ёшгача бўлган давригача уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратамиз, деб алоҳида таъкидлади.

Бундан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, боланинг айнан ўсмирлик чоғида ҳар хил оқимларга кириб кетиш ва жиноятчилик қилиш ҳолатларининг олди олинади, таълим тарбиясида бўшлиқ ҳосил қилмаслик чоралари кўрилади.

Шундай экан, бугунги кунда мактабимизда фаолият кўрсатаётган 93 нафар педагогнинг барчаси халқимиз фарзандларига замон талаблари даражасида таълим-тарбия беришга, уларнинг келажакда жамиятимизнинг тараққиёти йўлида фидойи инсонлар бўлиб етиши учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Мактабимизда 1104 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишади, уларнинг дарсда ва дарсдан бўш вақтларини ҳам унумли ташкил қилиш мақсадида барча фанлар бўйича тўгараклар ташкил қилинган. Бу борада айниқса, биология фани ўқитувчиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Лобар Бойқобилова, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Наргиза Аслиева ҳамда география фани ўқитувчиси Марҳабо Раззоқоваларнинг номларини алоҳида тилга олсак арзийди. Шунингдек, мактабимизнинг фаол ўқитувчиларидан Ҳусниддин Раҳматов, Хумора Толипова, Алишер Раҳматов, Сожида Шайманова, Сурайё Ҳакимова сингари кўплаб педагогларимиз ҳам ёш авлодга таълим-тарбия беришдек эзгу мақсад йўлида фидойилик кўрсатишмоқда. 

Учинчи Ренессанснинг пойдевори мактабдан бошланиши керак, дея таъкидлаган эди Президентимиз. Бу фикр ўз-ўзидан кишиларнинг дунёқарашини ўзгартириш вақти келгани, таълимдаги ислоҳотларни айнан мактаб остонасидан бошлаш лозимлигини англатади. Мактаб таълимини бироз бошқачароқ усуллар билан жонлантириш, замонага мослашишни даврнинг ўзи тақоза этмоқда. Шундай экан, бизнинг аҳил педагогик жамоамиз ҳам Президентимиз томонидан биз ўқитувчиларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан руҳланган ҳолда ўз касбимизга бўлган масъулиятимизни ҳар қачонгидан оширишга, халқимиз фарзандларига замон талаблари даражасида таълим-тарбия беришда бор куч ва имкониятимизни ишга солишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган вазифаларни менга ишонч билдириб, депутатликка сайлашган 9-Сўғончи сайлов округидаги сайловчиларим ўртасида ҳам ҳаётга татбиқ этишга, халқимизга беминнат хизмат қилиб, уларнинг ишончини оқлашни ўзимнинг муқаддас бурчим деб ҳисоблайман.   

Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар халқимиз тақдирида тарихий бурилишга асос бўлади, деб айтишга ҳақлимиз.

 Чарос МУҲАММАДИЕВА,

 6-умумий ўрта таълим мактаби директори, туман Кенгаши депутати.


Мавзуга оид:
Халқ таълими

Халқ таълими

  • 29 дек, 15:51