“Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ўтказилди.

Унда божхона пости бошлиғи Акбар Мелибоев томонидан журналист ва блогерларга Самарқанд халқаро аэропортининг учиб кетиш йўлагида “Масофавий божхона назорати” тизими ишлаши тўғрисида батафсил ахборот бериб борилди.

Ушбу тизим шарофати билан Ўзбекистондан бошқа давлатга учиб кетувчилар 30 сония ичида божхона текширувидан ўтаяпти. Уларнинг юклари ҳам айнан шунча муддатда текшириб бўлинади. Қолаверса, мамлакатга учиб келувчилар ҳақидаги маълумотлар ҳали улар аэропортга қўнмаслариданоқ божхоначилар қўлига тушмоқда.
 
Шубҳа остига олинган фуқаролар аэропортга киргач, юкини топшириб, ўзи “body scaner” қурилмасидан ўтади. Уларнинг таналари сканер қилиниб, маълумотлари электрон журналда қайд этиб борилади. Агар фуқаро бунгача ушбу аэропортдан учган бўлса, у ҳақдаги эски маълумотлар тарихи ҳам чиқиб келади. 

Қурилма гиёҳванд моддалар, заргарлик буюмларини ошқозонига ёки танасининг бошқа қисмига яшириб ўтмоқчи бўлганларни тезда аниқлайди. 

Рентген нурлари кунига 2 смена давомида 8-10 та рейсдаги юкларни назоратдан ўтказади. Ҳар бир рейсда турли хил миқдорда, ўртача 100−150 ёки 300 та багаж бўлиши мумкин.

Ўзбекистонга кириш, яъни аэропортнинг учиб келиш қисмида ҳар бир фуқаро ва юкларнинг маълумотлари аввалдан аэропортдаги таргетлаш марказга етказилади.

Бундан ташқари, бино шифтига ўрнатилган махсус камералар аввалдан шубҳа остига олинган фуқароларни аниқлайди ҳамда уларнинг кўриниши, кийими, юки ҳақидаги тафсилотларни ситуацион марказга етказади. Марказдаги ходимлар буни кўргач, рация орқали учиб келиш жойида турган текширувчи божхона ходимларига хабарни етказади. Текширувчилар шубҳага олинган йўловчиларни тўхтатиб, юкларини 2 улчамли ва 3 улчамли назорат аппаратидан ўтказиб, текширади. Агар ортиқча товарлар аниқланса, уни вақтинча сақловга қўяди. Йўловчи билан ҳуқуқбузарлик бўйича баённома тузилади. 

Учиб келиш ва кетиш бўйича барча рейслар ҳақидаги маълумотлар “Aviamn” дастуридан ўрин олган. Учиб келаётган фуқароларнинг маълумоти, ҳаттоки, қайси ўриндиқда ўтириб келаётгани ҳам келинаётган ҳудуддаги аэропорт томонидан дастурга киритилади.

Масалан, сиз Туркияга учиб кетмоқчи бўлсангиз, сиз харид қилган чиптадан тортиб, тегишли маълумотларингизгача барчаси Туркия аэропортида бўлади. Ўзбекистонга ҳам худди шу тартибда маълумотлар етиб келади. 

Аэропортда жорий этилган «Масофавий божхона назорати» тизими орқали қилинган энг катта иш Ўзбекистонга учиб келаётган фуқароларнинг кимлигини аниқлаш имкониятидир.

Шунингдек, тизимда инсон омилини камайтириб, фуқароларни қабул қилишда тезкорликни таъминлайди.

Тизим орқали бир кунда нечта рейс бўлса, ичида қанча фуқаро, қанча юк билан келаётганлигидан хабар топишингиз мумкин. 

“Масофавий божхона назорати” тизимида доирасида 2024 йилнинг январь ойида жами 145 нафар йўловчилар “қизил” йўлакка йўналтирилиб, шундан 16,55% ҳолатда хавф ўз тасдиғини топган.

Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойи мобайнида “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали 563 та авирейс амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан рейслар сони 109 тага ёки 24,0 фоизга кўпайган. Шундан рейслар учиб кетишда 51 тага ёки 22,56 фоизга, учиб келишда 58 тага ёки 25,43 фоизга кўпайган. 

Самарқанд халқаро аэропорти орқали орқали 95 645 нафар йўловчи ҳаракатланган. Ҳаракатланган фуқаролар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 720  тага 55,2 фоизга кўпайган. 

152 нафар йўловчи йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда пост орқали ҳаракатланган.

2024 йил 1 январь кунидан 31 январь кунига қадар 22 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 1 063,360 млн. сўмлик товар моддий бойликларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,5 фоизга ўсган.

Пресс-тур давомида божхоначилар оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган барча саволларга жавоб беришди.

Журналистлар Самарқанд халқаро аэропортига Москва шаҳридан учиб келган йўловчиларни суҳбатга тортиб, улардан божхона назоратидан ўтишда яратилган шарт-шароитлар юзасидан интервьюлар олишди.