УСТОЗ ПЕДАГОГ, ТАДБИРКОР АЁЛ

Эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилган инсонгина ҳамиша ўз олдига қўйган мақсадларига бирин-кетин эришиб боради. Зулфия Саидвалиева ҳам ана шундай тўла-тўкис бахтга мушарраф бўлган бахтиёр онахондир. Зулфия опа турмуш ўртоғи Юнус Норбоев билан қарийб 42 йилдан буён мазмунли ва ибратли ҳаёт кечириб келишмоқда. Улар икки ўғил, икки қизни тарбиялаб, бугунги кунда 15 нафар набираларнинг севимли бобоси ва бувисидир. 
Зулфия опа 1960 йилда Суғончи қишлоғида туғилган. 1978-1983 йилларда Гулистон давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. У 1978 йилда собиқ "Пионерлар уйи", ҳозирги "Баркамол авлод" болалар марказидан биринчи иш фаолиятини бошлаган. 1988 йилдан 2010 йилгача 28-умумтаълим мактабида она тили ва   адабиёти, Меҳнат таълими, Ватан туйғуси ва Одобнома фанларидан ёш авлодга сабоқ берди.
Мамлакатимизда ўзини-ўзи бошқариш органи маҳаллла фуқаролар йиғинлари ташкил этилганидан сўнг, тажрибали устоз хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида сидқидилдан меҳнат қилди. Маҳаллада ишлаган кезлари ҳам элнинг дарду-муаммолари, ўй-ташвишлари, қолаверса хотин-қизларнинг шароитини яқиндан ўрганди. Аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда қўлидан келгунча кўмаклашди. Ҳозирги кунда фарзандлари ва набираларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда. 
- Ўғилларим Асқар ва Анвар: "Она, кетмон чопманг, ўзингизни уринтирманг, нима камингиз бўлса, биз муҳайё этамиз. Сиз энди оғир иш қилманг", дейди барака топгурлар. Лекин ўзим жим ўтиргим келмайди. Бирон бир иш билан овунгим келади. Шу сабабданми, ер билан тиллашгим келади. Экин майдонимиз яшнаб туришини истаганимдан, асосан бўш вақтимни ўша жойда ўтказаман. Бизга берилган ҳар бир онни ғанимат деб биламан. Уни фақат қадрлашни ўрганишимиз керак. Икки келиним ҳам ўқитувчи. Лекин улар ҳам ишдан келиши билан дарҳол ўзларини  томорқага уришади. Ҳовлимизда барча мевали дарахтлар, озиқ-овқат экинларига меҳр билан қарашга одатланишган. Чунки меҳнат қилган инсон ҳамиша элда азиз бўлади. Бу сўзларни ҳаётимда ҳам ўзимга шиор қилиб олганман, - дейди Зулфия Саидвалиева.
Мўллақўрғон қишлоғидаги ибратли бу оиланинг фаровон турмуш тарзи ортида фақат заҳматли меҳнат борлигини англаб етиш аслида қийин эмас. Чунки ҳар қандай бахт ортида турли қийинчиликлар, сабр-тоқат ва матонат ётади.
-  Чорва молларини боқиш ва кўпайтириш учун яхши шароит яратганмиз, - дейди оила бошлиғи Юнус Норбоев. - Наслли сигирларни боқамиз, деҳқончилик қиламиз ва бу саъй-ҳаракатларимиз ортидан фарзандларимиз учун уйлар қуриб, элу халққа тўй бердик. Эндиликда қўй боқиш билан ҳам шуғулланишни бошладик. Дастлабки фойда ҳам кўнгилдагидек бўлди. Умуман олганда, ҳар қандай ишни юракдан хоҳлаб бажарсангиз, албатта роҳатини кўрар экансиз. Фарзандларим ва набираларимга ўқинг-лар, меҳнат қилинглар, ана шунда фаровон яшаш бахтига эришасизлар, деб бот-бот насиҳат бериб келаман. 
Дарҳақиқат, ушбу зиёли оиланинг ҳар бир аъзоси ишбилармон ва меҳнаткашдир. Доноларимиз айтганидек, меҳнат қилган - етар муродга. Сўзимизнинг аниқ исботини билмоқчи бўлсангиз, сиз ҳам албатта, ушбу хонадонга бир келиб кетинг. Ана шунда ўз кўзингиз билан кўриб ишонч ҳосил қиласиз. 
Устоз педагог Зулфия опа сингари меҳнатсевар, тадбиркор аёлларимизнинг сони жамиятимизда кўпаяверсин.
Суннатилло ИБРАГИМОВ.