Пиллачилик

Мурожаатдан руҳланиб

КУМУШ ТОЛАГА ЭЪТИБОР

ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ўтган йилимиз учун сарҳисоби ва келгусидаги режаларимиз ҳақида Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимиз учун муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга, анъанага айланиб бормоқда. Мен ушбу Мурожаатномада аниқ ва равшан белгилаб берилган қишлоқ хўжалик соҳасининг инновацион ютуқлари, ҳосилдорлик натижалари ҳамда ҳукуматимиз томонидан жорий йилда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар, инвестициялар ҳақидаги белгиланган чора-тадбирларни эшитиб ниҳоятда хурсанд бўлдим. 

"ўзбекистон" маҳалласи ҳудудида пиллачиликни ривожлантириш, уруғ очириш ва тутзорлар парвариши билан 26 йилдан бўён шуғулланиб келмоқдаман. Шу билан бирга маҳалланинг ташкилий-тарғибот  ишларида қатнашаман, хотин-қизлар ва яраштириш комиссияларининг жамоатчилик ишларида қатнашаман. Ҳар иккала соҳанинг барча муаммолари, имконият ва натижалари муштарак ва бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги учун бир йўла жуда кўп муаммоларга маҳалла маъмурияти билан биргаликда ечим топамиз. Хотин-қизлар учун ишчи ўринларини яратиш, оилавий тадбиркорлик ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш масалаларида ҳамкорлик қилмоқдамиз. "Оқдарё пилла" МЧЖга қарашли ушбу пиллачилик тармоғимизда 2020 йилда пиллачилик соҳасида катта ютуқларга эришдик. Янги тутзорлар ташкил этиш, пиллачиликда хомашё базасини яратишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. 1,5 гектар ер майдонига 10 000 туп тут ниҳоли экдик ва 100 нафар кам таъминланган оила аъзоларига кўчатларни парваришлаш, орасига эҳтиёжларига керакли экинлар экишлари учун шарт-шароитларини яратдик. Натижада зиммамизга олган 10 тонналик пилла маҳсулотини тайёрлаш режасини ортиғи билан уддаладик. Ушбу парваришланган пилла қурти ҳосилининг 70 фоизини аъзоларимиз шартнома асосидаги, касаначилик тартибида етиштирдилар. 

Жорий йилда режаларимиз янада улкан.  Пилла етиштиришнинг кўламини ошириш мақсадида янги тутзорлар учун 5 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирги кунда 30 000 туп тут кўчатини экиш учун тайёрлаб қўйдик. Пилла етиштириш учун ажратилган жами 16 гектар ер майдони, тутзорлар 21 та кам таъминланган оилаларга ижарага берилган ва шартномалар тузилди. Ушбу йилда касаначи хотин-қизларимизнинг сонини 200 нафарга етказиб, 12 тонна кумуш тола етиштириш борасидаги режаларимизни ўз вақтида ортиғи билан бажариш чораларини кўрмоқдамиз. Пилла ҳосили қишлоқ хўжалигининг жовбазак ҳосили бўлиб, эрта баҳорданоқ тутзорчи деҳқонларимизнинг ишлари қизғин бошланади. Касаначиларимизга тутзор ер майдонларининг бўлиб берилиши маҳалламиздаги юзлаб оилалар учун мавсумий эмас, йил бўйи шуғулланиб, пилладан мўл ҳосил яратиш ҳамда оралиқ экинларидан яхши даромад қилиш имкониятини яратмоқда. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаати халқимизга айтилган даъватидир. Биз ушбу Мурожаатда кўрсатилган барча вазифаларга масъулият билан ёндошиб, ўз зиммамиздаги бурчимизни аъло даражада амалга оширишга тайёрмиз.

Олия ўтаева, 

меҳнат фахрийси, "Шуҳрат" медали соҳиби, "Оқдарё агропилла" МЧЖ  бўлими раҳбари.    


Мавзуга оид:
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51