Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун! МУСТАҚИЛЛИК - БУЮК ВА БЕБАҲО НЕЪМАТ

Туман ҳокими Шерзод Қудратовнинг Ўзбекистон 

Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан туман халқига байрам табриги

Азиз оқдарёликлар!

Сизларни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Буюк ва бебаҳо неъмат - мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. 

Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад - энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 32 йиллигини муносиб кутиб олар эканмиз, ўтган давр мобайнида туманимиз қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини яққол кўришимиз мумкин. Бу борада барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, илм-маърифат, тиббиёт ва бошқа кўплаб соҳалардаги эришаётган салмоқли ютуқларимизни алоҳида эътироф этишимиз керак.

Мустақиллик байрами арафасида ўтган даврга назар ташлар эканмиз, айтиш жоизки, оқдарёликлар бу йилги мустақиллик байрамини ҳам барча соҳаларда улкан ютуқларга эришган ҳолда ёруғ юз билан қарши олмоқдалар. Эришилган ижобий натижалар ортида, албатта, меҳнаткаш халқимизнинг ҳалол ва самарали меҳнати натижаси турибди.

Азиз ҳамюртлар!

 Барчангизни яна бир бор чин қалбимдан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги байрами билан чин юракдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака ва фаровонлик тилайман. Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин!

   Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин, азиз оқдарёликлар!


Мавзуга оид: