ТАНҚИДИЙ МАҚОЛАГА ЭЪТИБОР ШУМИ?!

"Оқдарё овози" газетаси туманимизнинг кўзгуси ҳисобланади. Газетамизнинг ҳар бир саҳифасида туманимиз ҳаётига оид турли хил соҳадаги янгиликлар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида мунтазам равишда танқидий мақолалар бериб борилмоқда. Зеро, туманимиз аҳолисининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этишда уларга яқиндан кўмак бериш биз журналистларнинг асосий вазифаларимиздан биридир. 
Минг афсуски, газетамиз саҳифаларида ёритиб борилаётган танқидий мақолаларга туманимизнинг айрим мутасадди раҳбарлари бепарволик, эътиборсизлик билан муносабатда бўлишмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Негадир, газетада эълон қилинган ҳар бир танқидий мақолага жавоб мактуби йўллаш, мурожаатларга муносабат билдириш  тегишли масъулларнинг бурчи, вазифаси эканлигини улар унутиб қўйишганга ўхшайди. Бу эса бизни қаттиқ ташвишга солади, албатта. Ахир, ҳар бир хат, ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон бор эканлигини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Танқидий мақолаларга ўз вақтида жавоб бермаслик ҳам халқнинг мурожа-атига эътиборсизлик демакдир. Қолаверса, туманимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай   салбий ҳолатларни бартараф этишда масъулиятсизлик қилган, халқнинг мурожаатларига бепарволик ва совуққонлик билан муносабатда бўлган раҳбарлар билан муроса қилиб бўлмаслигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шундай экан, туманимиз халқининг мурожаатлари акс этган ва газетамиз саҳифаларида эълон қилинган танқидий мақолаларга ўз вақтида жавоб бермаётган мутасадди ташкилот раҳбарларини асло кечириб бўлмайди.
Қуйида 2022 йил "Оқдарё овози" газетаси саҳифаларида эълон қилинган, лекин айрим раҳбарларнинг бепарволиги, ўз вазифасига масъулиятсизликлари оқибатида жавобсиз қолган танқидий мақолалар рўйхатини келтирамиз:
1. "Лойиш бозори қачон янги ва замонавий қиёфа кашф этади?" (2022 йил,13 январь).
2. "Трансформатор қачон ишга туширилади?". (2022 йил 3 февраль).
3. "Йўл ёқасидаги чиқиндихона". ( 2022 йил 10 февраль).
4. "Лойишнинг эгаси борми?". (2022 йил 19 май).
5. "Истироҳат боғининг эгаси борми?". (2022 йил   9 июнь).
6. "Чоржудаги кўчанинг эгаси борми?". (2022 йил 21 июль).
7. "Қовжираган кўчатларнинг уволи кимга уради?".  (2022 йил 21 июль).
8. "Табиатни ифлослантираётганларга жазо борми?". ( 2022 йил 11 август).
9. "Аҳоли мурожаати ўрганиладими?". ( 2022 йил 15 сентябрь).
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, туман ҳокимлиги ахборот хизмати, қолаверса, халқнинг ишончли вакили бўлган депутатларимиз туман ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган "Оқдарё овози" газетасининг бу каби танқидий мурожаатларига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлаётган, ўз ишларига панжа орасидан қараётган раҳбарларни назоратга олишлари шарт. Шунингдек, уларга юқорида келтирилган ҳар   танқидий мақоладаги муаммоларни тегишли масъуллар орқали бартараф этишда масъул эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. 
"ОҚДАРЁ ОВОЗИ" ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИ.