Мард ўғлонларимиз

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни

МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ

Маълумки, Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Юртбошимизнинг 6 сентябрдаги Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Фармони билан бу борадаги ишларга тамал тоши қўйилди. Кейинчалик Мудофаа ишлари вазирлигига айлантирилди. 

1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди. Республика Олий Кенгашининг "ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида"ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз  раҳбари ташаббусига асосан қабул қилинган мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб  чиқилишига йўл очди. 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда "Ватан ҳимоячилари куни" деб эълон қилинди. 

ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимиз хавфсизлигини, сарҳадларимиз      дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.

Бугунги кун юртимиз ўғлонлари буюк бобокалонимиз издоши бўлиб келмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзида ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бун-ёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди. Темур 16-18 ёшида қиличбозлик, найзабозлик ва шикор (ов) қилиш санъатини моҳирона эгаллайди ва 20 ёшида эса абжир чавандоз бўлиб етишади. Кейин у ўз тенгқурларини гуруҳларга бўлиб, жанг машқларини ўтказа бошлайди. Соҳибқирон ўн олти ёшгача фақат диний эмас, балки дунёвий фанлар - тарих, фалсафа, география, ҳисоб ва бошқа илмлардан ҳам хабардор бўлган. Буюк лашкарбоши мамлакат ободончилигини юксалтириш, аҳолининг иқтисодий турмуш тарзини яхшилаш ва мўл-кўлчиликни таъминлашга ўзининг улкан ҳиссасини қўшган. Бунга улуғ Амир пирлари Зайниддин Абубакр Тойбодий уқтирган салтанат ишларидаги тўрт нарсага: 1.Кенгаш; 2. Машварату маслаҳат; 3. Мустаҳкам қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик; 4.Эҳтиёткорликка амал қилганлиги туфайли эришган. Буни биз Амир Темурнинг "Барча ишларимнинг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирдим", деб айтган иборатомуз сўзларидан ҳам билсак бўлади. Соҳибқирон қайси бир мамлакатга лашкар тортиб борганлигидан қатъи назар, у адолатни ҳимоя қилган, инсоф ва диёнат учун жангга кирган. Аксарият ҳолларда келиб чиққан урушлар Амир Темур рақибларининг адолатсизлиги, инсоф диёнатсизлиги, имонсизлиги айби билан жанг олиб борган.  Бугунги кунда Соҳибқирон яратган ҳарбий санъат мероси жаҳон халқларининг ҳарбий санъати меросидан муносиб ўрин олди ва ҳозирги куннинг янги  мазмуни билан бойиб бормоқда.   

Ватан остонадан, инсон яшаб нафас олиб турган гўшадан, инсоннинг киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Шу боис, инсон илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган она заминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч муқаддас тупроғини кўзига тўтиёдек суртиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз, ҳам қарз-  дир.  Ватанимиз тупроғидаги ҳар бир қарич ер муқаддас ҳисобланади. Шунинг учун аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё этганлар, қаерга борса ҳам ватан ёди билан нафас олганлар. Юртимиз инсонлари ватанимиздан ташқарида бахт-саодатга эриша олмайдилар. Ҳар бир инсоннинг ўз Ватани унинг учун дунёдаги энг гўзал ва муқаддас макондир.  Ватанга меҳр-муҳабати бўлмаган инсонни ота-онасига меҳри бор десалар бунга ишониб бўлмайди. Она ватанимизга садоқатли бўлиш, аждодлар меросига қизиқиш, миллий маънавиятдан баҳрамандлик, ўзига ишонч, келажак олдида масъуллик туйғуларини тарбиялайди. Таълим муассасаларида "Ватан ҳимоячилари куни" тадбирларини ўтказишнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, ўқувчилардан Республикамиз қуролли кучларининг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлиги,  халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини кенг ёритиб бериш, уларни ўз ватанига содиқ ва фидоий инсонлар этиб тарбиялаш барча таълим муассасалари педагогик жамоасининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Бугунги кунда ўқувчи ёшларда ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимиой ҳамкорлик каби миллий ғояларнинг асосий йўналишларини шакллантириш, бу таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш анъанага айланиб бормоқда. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш маросимларини тантанали ўтказиш ҳам ватанпарварлик тизимига киради. Ватанимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, бугунги кунда ҳар бир йигит-қизнинг орзуси ва бурчига айланиб бормоқда. 

Бугунги ёшларимиз мустақил ватанимизнинг посбонларидир. Биз навқирон авлод вакилларини баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни изчил шакллантириб борсак, ватанимиз шунчалик қудратли давлатга айланади.  Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, ватанпарвар бўлиш, содиқлик, фидойилик туйғуларини хис этиб яшаётган ёшларимиз мустақил юртимизнинг келажагидир. Биз қўлга киритган бундай ютуқлар билан муқаддас юртимизда яшаётган, миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳақли равишда фахрланса      арзийди.                                                                                      


Мавзуга оид: