ТЕРИМ СУРЪАТИ АВЖИДА

Шу кунларда туманимиз далаларида деҳқонларнинг қўли қўлига тегмайди. Чунки улар йил давомида қилинган самарали меҳнатнинг натижасини йиғиштириб олиш учун ҳар дақиқадан унумли фойдаланишаяпти. Туманда пахта топшириш йиллик режасини ошириб бажарган фермерлар сони кун сайин ошиб бормоқда.
Зарафшон ММТПга қарашли "Ширинбону сабзавотлари" фермер хўжалиги аъзолари ҳам жорий йилда яхши ният билан 32,5 гектар майдонда деҳқончилик қилишди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иш бошқарувчи Шуҳрат Қурбонов, тажрибали механизатор Илҳом Шомуродов, сувчилардан Раҳмат Сулаймонов, ўайрат Илмирзаев, Тошпўлат Холмирзаев, Абдишукур Ярашовларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндошганликлари туфайли далаларда мўл ҳосил яратилди. 
- Терим мавсумини уюшқоқлик билан бошлаганимиз ўзининг самарасини берди, - дейди фермер хўжалиги раиси Шерзод Қурбонов. - Далада ишлаётганларга барча шароитларни яратиб берганлигимиз иш унумини янада оширди. Ошпазимиз Дилдора Муҳиддинова томонидан тайёрланган бир-биридан лаззатли таомлар теримчиларга маъқул келмоқда. Ҳосилни йиғиштириб олишимизда Райҳона Яҳёева, Мавлуда Даминова, Дилбар Жуманазарова сингари теримчиларимизнинг ҳиссалари мақтовга сазовор бўлаяпти. Уларнинг ҳар бири кунига хирмонга 180-200 килограммдан пахта териб режамизнинг бажарилишига муносиб ҳиссасини қўшдилар. Айни пайтда режамиз бажарилган бўлсада қолган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш учун ҳаракат қилаяпмиз. Энг қувончлиси, давлатга топшираётган ҳосилнинг барчаси юқори навларга қабул қилинаяпти.
Бир сўз билан айтганда, маррадан ўзган фермер хўжалик аъзолари терим суръатини асло бўшаштирмай далаларда жавлон уришмоқда.

С.ИБРАГИМОВ.

Суратда: илғор теримчилар Райҳона Яҳёева, Мавлуда Даминова ва Дилбар Жуманазароваларни пахтазорда кўриб турибсиз.