Болалар санъатини ривожлантириш йўлида

Болалар cанъатини ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам бу соҳани ривожлантиришда мактабларда фаолият кўрсатаётган мусиқа фани ўқитувчиларининг роли каттадир. Негаки, болаларнинг санъат ва маданият соҳасидаги қобилият ҳамда иқтидорини барвақт аниқлаш, уни ривожлантириш аввало мактабдан бошланади.
Шу боисдан ҳам туман халқ таълими бўлимига қарашли 27-умумий ўрта таълим мактабида таълим-тарбия олаётган келажагимиз ворислари бўлган ёш авлоднинг санъат соҳасига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ибратли ишларни амалга оширишга астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Бу борада мактабимизда 2007 йилда ташкил этилган “Тасанно” болалар рақс дастаси бугунги кунда туман миқёсида ўтказилаётган барча байрам тадбирларида фаол иштирок этиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлиб келаётганлигини қувонч билан тилга олсак арзийди.
Шунингдек, мактаб қошида “Мард ўғлонлар” гуруҳи ҳам ташкил этилган бўлиб, бу санъаткор ёшларимиз ҳам туманда ўтказилиб турилган тадбирларда ўз чиқишлари билан барчага манзур бўлмоқда.
Ўқувчиларнинг дарсда ва дарсдан бўш вақтларини самарали ташкил этишда мусиқа тўгарагимизнинг фаолияти муҳим рол ўйнайди. Зеро, ёш ўғил-қизларимизни санъатга ошно қалб эгалари этиб етиштириш ҳамда она-Ватанимизга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш биз педагогларнинг асосий бурчимиздир.
Комила ҚИЛИЧЕВА,
27-умумий ўрта таълим мактаби мусиқа фани ўқитувчиси.





